Жамият | 16:51 / 22.03.2017
14187
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда америкалик машҳур профессорнинг янги китоби тақдим этилди

“Kitob olami” маънавий-маърифий савдо мажмуасида АҚШдаги нуфузли Карлетон Коллежи Марказий Осиё тарихи ва ижтимоий Антропологияси профессори Адееб Ҳалиднинг “MAKING UZBEKISTAN Nation, Empire, and Revolution in the Early USSR” янги китоби тақдимот маросими бўлиб ўтди. 

Бугунги кунда Адееб Ҳалид Туркистон, ўзбек тарихига оид илмий асарлар устида ишлаш учун Ўзбекистонга келган ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий Кутубхонасида тадқиқот ишларини олиб бормоқда. У нафақат тарихчи, балки таржимон ҳамдир. У ўзбек халқининг 20 аср бошларида яратилган бой меросини жаҳон аудиториясига олиб чиққан.

Тадбирда тарих фанлари доктори, профессор, этношунос Адхам Аширов, тарих фанлари доктори, профессор Шамсиддин Камолиддинов, тарих фанлари номзоди, қадимшунос Фарҳод Мақсудов, санъатшунослик фанлари доктори, халқаро эксперт Александр Жумаев, “Академнашр” нашриёти директори Санжар Назар, адабиётшунос Шаҳноза Тўрахўжаева, Шерқон Қодирий ва талабалар иштирок этдилар. 

Тақдимотда Ўзбекистон Республикасининг 20 аср бошида пайдо бўлишида ўзбек маърифатчилари Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Мунавварқори Абдурашидхон, Маҳмудхўжа Беҳбудий каби миллатимизнинг буюк вакиллари роли ҳақида тингловчиларга янги маълумотлар тақдим этилди. Шунингдек тарихчи, журналист, адабиётшунос ва ёш тадқиқотчилар ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоб олишди.