Спорт | 18:48 / 29.03.2017
18409
10 дақиқада ўқилади

«Тўпни қучоқлаб ухлайдиган болаларни тарбиялашни бошлаш керак». Келажак учун яна таклифлар

Ўзбекистон миллий терма жамоаси атрофидаги вазият қалам аҳлида резонанс келтириб чиқарди. Tribuna.uz сайтида таниқли спорт журналисти Хайрулла Ҳамидов ва Тўра Мурод муаллифлигидаги навбатдаги «Биз ҳам футбол кўрамиз» сарлавҳали мақолада Ўзбекистон футболидаги муаммолар учун ечимлар таклиф этилган.

Футбол қизиқ ўйин. Ҳаммани бирлаштирадиган бир жиҳати ҳам бор. Шуки, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўйнаганда эркак ҳам, аёл ҳам, кекса ҳам, ёш ҳам, ватанда юрган ҳам, олисда юрган ҳам, энг қизиғи, футболга қизиққан ҳам, қизиқмаган ҳам томоша қилади. Стадионга ҳам боради. Чунки бу пайтда Бабаян ёки Аҳмедов учун кўрилмайди – Ўзбекистон ўйнаяпти! Ана шу ватанпарварлик туйғуси бирлаштиради ҳаммани! 

Эсингиздами, биринчи президентимиз вафотидан кейин термамиз ютгани? Голни нишонлаб, қийқириш ўрнига билакларига қора лента тақиб майдонга тушган футболчиларимиз жимгина қўлларини кўкка қилиб, бу ғалабани Каримовнинг руҳига бағишлашгани? Бутун Ўзбекистон халқи йиғлаганди ўшанда. Футболчиларни дуо қилганди... 

Сурия термасига ютқизишганларида яна Ўзбекистон халқи бир тан, бир жон бўлиб... сўкишга тушди. Сайтларда норози бўлиб фикр билдирмаган эркак қолмади, аёл қолмади. “Бабаян аут” деган акциялар ўтказилди. Биз жим турдик. Қатар билан бўладиган ўйинни кутдик. 

Энди ёзсак бўлар. 

Ўзбекистон – Қатар 1:0 

“Бунёдкор”даги ўйиндан кейин нима дейишни ҳам билмайсан, мақтай десанг, мақтагулик ўйин йўқ, сўкай десанг, “болларда айб йўқ” – ютишди. Энг яхшиси – таҳлил! 

Таҳлил аслида борни бор, йўқни йўқ дейиш ва келажакка очиқ кўз билан қараш. Бундан қўрқмаслик керак, зотан саратоннинг иссиқ кунида барибир унинг жазирасига дуч келамиз. Тайёргарликни бугундан кўрмасак, кейин кеч бўлишини кўравериб, кўзларимиз пишиб кетди. 

Таққослаш. Бугун терма жамоа мураббийларини кўп солиштиришади. “Бабаян ўрнида Қосимов бўлганида ундоқ қиларди”, “Абрамов бўлганда бундоқ бўларди”, “Четдан мутахассис келса, умуман бошқача бўларди”, деган гаплар кўп айтилади. Лекин бу тахминларнинг битта нотўғри ва ҳеч ҳам таққослаш ўрнига тушмайдиган жойи бор: рақиблар! Ҳа, айнан мана шу фактор ҳар қанақа ҳолатда таққослаш санъатини парчалаб ташлайди. 

Абрамов пайтидаги Эрон бошқа эди, бугунги Эрон бошқа. Қосимов давридаги Корея бошқача эди, эндиги корейслар бошқа. Қатар ва Хитойдаги ҳолатлар ҳам бизга салбий таъсир ўтказмаётган бўлса-да, асосий рақибларимизга халақит бермоқда. Мана шуларнинг ҳаммаси бирлашиб, Ўзбекистон терма жамоасига бугунги кунда умид эшикларини қия очиб турган 3-ўринни ҳадя қилиб турибди. 

“Тоғдан-боғдан” ўйини 
Тан олиш керак, мухлислар Бабаян шогирдлари ўйинидан ғалаба қозониб турганда ҳам рози бўлишмаяпти. Буни бош мураббийнинг ўзи ҳам билиб турибди. Матбуот анжуманида ҳамма журналист термамизнинг уч очко эгаси бўлганига қарамай, камчиликлари хусусида савол берадилар, ҳеч мақтамайдилар, имкон қадар Бабаяндан таҳлилий сўзлар чиқишини истайдилар. 

Аслида ҳам, бундай ўйинни сира мақтаб бўлмайди! Ҳеч ким ўйиндан қониқиш ҳосил қилмаяпти. Мана, нечанчи баҳски, голга қадар оғир ўйин гувоҳи бўляпмиз... Рақиб жамоа вакиллари марказни ўз қўлларига олишса, тамом, тўпни қандай қилиб нариги жарима майдончасига олиб бориш керак – умуман ишланмагани кўриниб қоляпти, ҳатто тасаввурда ҳам кўриб чиқилмагани очиқ-ойдин сезилмоқда. 

Худди шу ўйин билан Суриядан енгилган бўлсак, Қатарни енгдик. Хўш, натижалар турличадир, лекин ўйин ўзгармаган-да. Ҳамма гап шунда... Бунинг устига, термамиз урган голдан кейин “игнанинг устида ўтирдик”. Ҳимояга “ётиб олган” ўйинчиларимиз юрагимизни чангаллатиб қўйишди. 

Бабаян ва журналистлар ўртасидаги мулоқотда икки томон бир-бири билан ҳеч ҳам келишмайди. Доим бири тоғдан келади, иккинчиси боғдан. Ҳар анжуманда саволлар ўйин масаласида бўлади, жавоблар натижа билан берилади. Ютиб турган одамга натижани гапириш қулай, албатта. Лекин Самвел Бабаян жамоасидаги айнан мана шу муаммо барибир ўз сўзини айтиб келмоқда: Голли вазиятларни яратишдан оқсаш, боғламлар ўртасидаги келишув йўқлиги, биргина Одил Аҳмедовнинг индивидуал маҳоратига таяниш ва стандарт вазиятларга ишонишдан бошқа далда қолмагани барчани хавотирга солмоқда. Гарчи жавобларда “Чиройли ўйинни Жаҳон чемпионати чиптасини қўлга киритсак кўрсатамиз!” дейилаётган бўлса-да, бундай ўйин ҳаммадан кўра кўпроқ шу гапни айтаётган мураббийни қаритмоқда. 

Натижа ҳам мақтангулик эмас 
Ҳозир нега ҳеч ким терма жамоамиздан қониқиш ҳосил қила олмаётганига турнир жадвалидаги ҳолатимиз ҳам сабаб. Ҳалиям учинчи ўриндамиз. Биздан юқоридаги жамоалар сўнгги турларда биз билан ўзаро ўйнайдилар. Иккиси ҳам сўнгги сонияда қандай ҳнарга эга эканлигини кўрсатишган ва бу сафар ҳам такрорлашса, ажаб эмас. Яна бир ёмон томони шуки, бизга қарши майдонга тушаётган ҳар бир жамоа учун айнан шу ўйин жуда муҳим. Сурияни эсланг, биз билан кечган ўйинида нима қилиб бўлса ҳам ғалаба қозониши ва шу билан учинчи ўрин учун курашда қолиши керак эди. Тошкентда эса, бу вазифа Қатар зиммасига тушди, хайриятки, эплай олишмади. 

Энди Эрон. Ўз уйида, минглаб мухлислари қаршисида ЖЧ чиптасини ҳал қилиш завқи. Келиб-келиб, тағин биз билан бўладиган ўйинда. 

Жанубий Корея билан кечадиган баҳсни-ку, гапириб ўтирмайлик, бу учрашув барча масалага узил-кесил нуқта қўядиган ҳаёт-мамот ўйини! 

Кўраяпсизми, жаноб Бабаян, ҳаммамизнинг хавотирланишга асосларимиз етарли. 

Сурия билан кечган баҳсга қайтамиз. (Унга ҳали кўп қайтамиз ва шу ўйинни узоқ йиллар алам билан эслаб юрмасак эди, деб қўрқамиз.) Ўйинда кўзга илингулик вазиятлар яратмасак, бизга гол уриб кетиш чўт эмаслигини араблар исботлашди. Ҳозирда жамоамиз биринчи бўлимнинг асабий ўтишига барчани ўргатиб бўлди. Биринчи голни биз урсаккина, ўша голга таяниш мумкин бўляпти, холос. Ўша голдан кейингина йигитлар шиддат ила ўйнашни бошлайдилар, буни ҳам кўряпмиз. Афсуски, бу ҳолат “Бунёдкор” стадионидаги ҳар бир ўйинда кузатилмоқда. Ҳа, ҳамма ўйинда! Демак, ҳамма гап жамоанинг ўйини ҳақида кетадиган бўлса, Бабаян жамоасининг ҳеч қандай мақтанадиган жиҳати қолмайди. Лекин шу ўйин билан ҳам ҳозирда кўпчилик келажакка умид билан қараяпти. Нега дейсизми? Матбуот анжуманида Бабаян фақат натижа учун ўйнаётганини изоҳлар экан, шундай деди: “Бу гуруҳда ҳамма бир хил. Кореянинг ҳам устунлиги йўқ!” 

Ҳа, мана шу жойига қўшиламиз. Нариги гуруҳдан фарқли равишда, бизнинг гуруҳдаги натижаларнинг деярли ҳаммаси кичик ҳисоблар. Ютсак ҳам, ютқазсак ҳам кичик устунлик билан! Ҳамма довдираётган, ўз даражасида ўйнай олмаётган давр ростан ҳам Бабаян тақдирида омад сўзи борлигини изоҳлаб қолар, ким билади, дейсиз. 

Хуллас, нима бўлган тақдирда ҳам, жорий йилнинг ёзигача тин олишга рухсат берилди, кузда эса, доимгидек жўжаларни санайдилар. 

Бизнинг мулоҳазалар 
Жамоатчилик Бабаяндан истеъфо беришни талаб қилмоқда. Мухлислар терма жамоа “қариялар термаси”га айланиб қолганидан норози. 

Ҳаммаси тўғри. Неча йиллардан бери терма жамоамиз раҳбарлари ўзбек ёшлари ичидан ёшларни топиб, уларни термага жалб этиш иши, яъни селекция иши билан шуғулланмай қўйди. 2050 йилги мусобақаларда ҳам қўлтиқтаёқларини майдон четида қолдирган Гейнрих сўнгги дақиқаларда майдонга тушиб, гол уриши ҳақида латифалар бежизга тўқилмаяпти. Гейнрихнинг маҳоратини камситмаган ҳолда айтмоқчимиз: қачонгача Гейнрих “нажот фариштаси” бўлади термамиз учун? Ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон биринчилигида асосий термамиздан яхшироқ натижа кўрсатган болалар қаёққа кетди? Улар “катта футбол”ни ўйнай олишмайдими ёки “катталар” уларни олишдан ор қилишадими? Балки ҳасад қилишар? 

Бизнингча, Россияда ўтадиган ЖЧга боришни Бабаянни ҳайдаш ёки ёш футболчиларни зудлик билан термага олиш билан ҳам ҳал қилиб бўлмайди. Жуда кеч. Яхшиси, кейинги ЖЧ ғамини еган маъқул. 

Бунинг учун, аввало, ўзим демайдиган, чўнтагим демайдиган, Ўзбекистонни дейдиган, ўзбек халқининг ори, номусини дейдиган бир ватанпараст мураббийни топиш керак!

Ундан кейин бойиш истагида бўлмаган, ўзбекларнинг юзини ёруғ қиламан, деган, кўзида ўт чақнаган, қалбида халқига бўлган муҳаббат гуриллаб ёнган ўзбек йигитларини топиш керак. Худди Ҳасанбойга ўхшаган! 

Ҳозироқ тўпни қучоқлаб ухлайдиган, тушида ҳам футбол ўйнайдиган оддий ўзбек болаларини топиб, иложи бўлса, қишлоқларда, маҳаллаларда тўп тепадиган болаларни топиб, уларни жаҳон чемпионлари бўладиган футболчи қилиб тарбиялаш ишини бошлаш керак. 

Футбол мактабларига, болалар жамоаларига Фалончиевлар тузиб берадиган рўйхат билан олинмаслиги, Пимадончиевларнинг болалари олинмаслиги шарт!

Миллий чемпионат ўйинларини сотишни бас қилиш керак. Сотилган ўйинларнинг айбдорларини, сотилган ҳакамларни узоқ муддатга қамаш керак!

Футболда порани томири билан йўқотиш керак. Бу жуда қийин, албатта. Аммо жаҳонга чиқишнинг бошқа йўли йўқ. 

Тўра Мурод, Хайрулла Ҳамидов

Мавзуга оид