Жаҳон | 09:45 / 01.04.2017
7078
2 дақиқада ўқилади

Парагвайда намойишчилар парламент биносини ёқиб юборишди

Мамлакат конституциясига ўзгартишлар киритишга қарши фикр билдираётган намойишчилар Парагвай пойтахтидаги Конгресс биносига ўт қўйишди. Бу ҳақда Ultima Hora ўз сайтида хабар қилмоқда. Конституцияга ўзгартишлар амалдаги президентни иккинчи муддатга қайта сайланишига рухсат беришни кўзда тутади.

Унинг ёзишича, Конгресснинг биринчи қавати аланга домида қолган. Ўт қўйиш вақтида бино ичида одамлар бўлган. 

Парагвай президенти Орасио Картеснинг баёнот беришича, Конгресс биносига ўт қўйганлар ортида республикадаги демократияга қарши турувчи кучлар бор. 

"Конгресс биносидаги ёнғин сиёсат ва ОАВларига киритилган парагвайликлар гуруҳи ўз мақсадларига етиш учун барча нарсага тайёрликларини кўрсатади. Улар – мамлакатдаги демократия, сиёсий ва иқтисодий барқарорликни издан чиқаришмоқчи", - дейилади давлат раҳбари баёнотида. 

Президент, шунингдек, "фуқароларни тинчликни сақлашга ва зўравонликларни тарғиб қилаётганлар ортидан юрмасликка" чақирган. "Ишончингиз комил бўлсин, ҳукумат мамлакатда тартибни сақлаш учун барча чораларни кўради", - деган Картес.

Президентни қўллаб-қувватловчи 25 нафар сенатор давлат раҳбари ва вице-президентга иккинчи муддатга сайланиш ҳуқуқини берувчи қонун лойиҳасини маъқуллаганидан сўнг, Конгресс биносига ўт қўйилган эди. Овоз бериш чоғида 45 ўринли юқори палатанинг бошқа аъзолари ва унинг раиси Роберто Асеведо қатнашмаган. 

Полиция резина ўқлар ва сувпуркагичлардан фойдаланган ҳолда намойишчиларни тарқатишга уринган. Бунга жавобан, тартибни сақлаш кучлари тошбўрон қилинган. Тартибсизликлар оқибатида жабрланганлар борлиги айтилмоқда. 

Сенат ташаббуси яқин орада Депутатлар палатаси томонидан муҳокама қилинади. Бу ерда ҳам аксарият президент тарафдорлари ҳисобланади. Қонун давлат раҳбари томонидан имзоланса, Парагвайда референдум бўлиб ўтади. Унинг натижасига кўра, президент иккинчи муддатга сайланиш имконига эга бўлиши ёки бўлмаслигига ойдинлик киритилади. 

 

Мавзуга оид