Жамият | 18:49 / 02.04.2017
28589
7 дақиқада ўқилади

Сўнгги 7 йилдаги энг вайронкор сел оқимлари

Сел интенсив ва давомли жала, музликлар ёки мавсумий қор қопламларининг шиддат билан эриши натижасида юзага келади. РИА "Новости" 2010-2017 йиллар орасида рўй берган энг вайронкор селлар рўйхатини тақдим этди.

2017 йил 1 апрелга ўтар кечаси Колумбияда ўз қирғоқларидан чиқиб кетган Мокоа, Сангояко ва Мулатос дарёлари сел оқимларини келтириб чиқарди. У 45 минг аҳолига эга Мокоа шаҳрининг 17 туманида қайд этилди. Ҳалок бўлганлар ҳақидаги сўнгги маълумотлар 254 кишининг ўлимидан далолат беради. Шунингдек, маҳаллий Қизил Ҳоч маълумотларига кўра, яна 400 киши жароҳат олган, 220 нафари бедарак йўқолган деб топилган.

2016 йилнинг май ойи охирида Қирғизистондаги Қадамжой туманида бирйўла бир неча сел оқимлари қайд этилган. 84 хонадон сув остида қолган, бундан ташқари, 95 уйнинг ҳудудини сув босган. Табиий офат 25 километр йўлни ювиб кетган, 12 кўприкни вайрон қилган, электр узатиш линиялари ва 21 автомашинага зиён етказган. 5 нафар киши ҳалок бўлган, бир бола бедарак йўқолган.

2015 йилнинг июнида аномал иссиқ ҳаво музликларнинг эришига олиб келди, натижада Тожикистоннинг тоғли ҳудудларига сел оқимлари келди. Табиий офатдан кўрилган умумий зарар ҳукумат томонидан 600 миллион сомоний (тахминан 92 миллион доллар)га баҳоланган. Сел оқимлари натижасида 8 нафар киши ҳалок бўлган.

2014 йилнинг май ойи охирида Хитойнинг жанубида жуда кучли сел ёмғирлари ёғди. Табиий офат энг кўп Гуанчжоу, Чжаоцин ва Цинъюань шаҳарларига зиён етказган. Дарёлар қирғоқдан ошиб, сел оқимларини ҳосил қилган. Натижада 16 тезкор магистраль ёпилган, 1.1 мингдан зиёд уй вайрон бўлган. 19 киши ҳалок бўлган, яна 7 нафари бедарак йўқолган. Бундай кучли ёғинлар провинцияда юз йилда бир марта қайд этилади.

2014 йилнинг 13 апрелида Тожикистоннинг жануби-шарқидаги қишлоқларга сел оқимлари келган. Шўробод туманида тахминан 10 уй вайрон бўлган, 50 турар-жой биносига зиён етган. Восе туманидаги Тўгарак қишлоғидаги  250 уй зарар кўрган, экин майдонларига катта зиён етган. 14 киши ҳалок бўлган.

2014 йилнинг 22 мартида Американинг Сиэтл шаҳри шимолида ер кўчиши қайд этилди, 30 га яқин уй вайрон бўлди. Ер кўчиши сув тошқини хавфини уйғотиб, Стилагуамиш дарё тармоқларидан бирини ёпиб қўйди. 41 киши ҳалок бўлди.

2013 йилнинг 24 апрелига ўтар кечаси Афғонистондаги аҳоли пунктларига сел келди. Мозори Шариф, Шулгар туман марказлари, Кушонд ва Чоркандда 20 киши ҳалок бўлган, 2 мингдан зиёд турар-жой ва хўжалик бинолари вайрон бўлган.

2012 йилнинг 4 октябрида Хитойдаги Юньнань провинцияси Чжаотун шаҳар округидаги Чжэньхэ қишлоғида сел оқими қайд этилди. 10 минг кубометрдан ортиқ тош ва лойлар қишлоқ бошланғич мактаби биносини тўлиқ вайрон қилган. Кўчки натижасида мактаб ўрнида етти метр чуқурликдаги лой-кўл ҳосил бўлган. 18 нафар мактаб ўқувчиси ҳалок бўлган.

2012 йил сентябрида Ҳиндистоннинг Уттаракханд штатида кучли муссон ёмғирлари кузатилган. ОАВ хабарларига кўра, кучли сел оқимлари саккиз қишлоқдаги бир неча ўнлаб уйларни вайрон қилган. Камида 45 киши табиий офат қурбони бўлган, яна 18 киши бедарак йўқолган.

2011 йилнинг 24 октябрида  Италиядаги Лигурия вилояти ва марказий Тосканада кучли момақалдироқ рўй берди. У бир қатор аҳоли пунктларида кучли ер кўчиши ва сел оқимларига сабаб бўлди, 10 киши ҳалок бўлди.

2011 йил сентябрида Афғонистон шарқидаги Нангархар провинциясида уч кун кетма-кет сел ёмғирлари қайд этилди. Натижада 640 дан ортиқ уй вайрон бўлди, 200 гектар ердаги қишлоқ хўжалик экинлари пайхон бўлди, юзлаб бош қорамол ҳалок бўлди. 35 километрдан зиёд суғориш каналлари, 20 мини-тўғон, ўнлаб инфратузилма объектлари йўқ бўлди. Ҳалок бўлган кишилар ҳақида маълумот йўқ.

2011 йилнинг 12 январидаги кучли жала Рио-де-Жанейронинг тоғли ҳудудидаги бир неча шаҳарда кучли ер кўчишига олиб келган. Минтақада бир кеча-кундузда 800 миллиметрга яқин ёғин қайд этилган, бу ойлик меъёрга тўғри келади. Табиий офат натижасида 630 дан зиёд киши ҳалок бўлди, 13 минг нафардан ортиғи уйсиз қолди. Бу катаклизма Бразилия тарихидаги энг йирик табиий офат сифатида киритилди.

2010 йилнинг 20 сентябрида Хитой жанубидаги Гунадун провинциясида қайд этилган Фанапи тўфони сел оқимлари ва ер кўчишларига олиб келди. Сўнгги 200 йилдаги энг кучли ёғинлар камида 70 кишининг ўлимига сабаб бўлди, яна 65 нафар маҳаллий аҳоли бедарак йўқолди. Табиий офат деярли 4 минг уйни вайрон қилди, 42 минг гектар ердаги қишлоқ хўжалик экинларини пайхон қилди. Хавфсиз минтақаларга эвакуация қилинганлар сони 95 минг кишидан ошган.

2010 йилнинг 4 сентябрида Гватемаладаги сел ёмғирлари натижасида бир суткада 40 га яқин кўчки ва сел қайд этилган, ўнлаб дарёлар қирғоқдан тошиб, кўприклар ва йўллар вайрон бўлган. 10 мингдан зиёд аҳоли эвакуация қилинган. Мамлакатда фавқулодда вазият эълон қилинган. Ҳалок бўлганлар сони камида 45 кишидан иборат бўлган.

2010 йилнинг 16 августида Хитойнинг Ганьсу провинциясида кучли сел ёмғирлари қайд этилди. Табиий офат 30 гектардан ортиқ ердаги экинларни йўқ қилди ва 15,2 минг турар-жой биносига зиён етказди. 36 киши ҳалок бўлди, 23 нафари бедарак йўқолди.

2010 йилнинг 9 августида Ҳиндистоннинг Жамму ва Кашмир штатларидаги сел ёмғирлари 145 кишининг ўлимига ва 500 кишининг бедарак йўқолишига сабаб бўлган. Кўплаб бинолар ва инфратузилма объектларига катта зиён етган.

2010 йилнинг 7 августида Хитойнинг шимоли-ғарбидаги Ганьсу провинциясида 1250 киши сел ёмғирлари натижасида ҳалок бўлди, яна 500 нафари бедарак йўқолди.

2010 йил 28 июнда Хитойнинг Гуйчжоу провинциясидаги Дачжай аҳоли пунктига йирик сел келди. Қишлоқни сув босиши натижасида 99 киши ҳалок бўлди, улардан камида 30 нафари - бошланғич синф ўқувчилари. Сел атиги икки дақиқа ичида бутун қишлоқни қамраб олгани туфайли ундан ҳимояланишга имкон қолмади.

2010 йилнинг 19 май куни рўй берган сел ёмғирлари Конго Демократик республикасининг шарқида 46 кишини ҳаётдан олиб кетган, 200 уй сув остида қолган.

2010 йилнинг 7 майида Тожикистон жанубида қайд этилган сел 16 кишининг ўлими ва 40 кишининг бедарак йўқолишига сабаб бўлган. 1,5 мингдан ортиқ уй, ўнлаб кўприклар, юзлаб километр автомобиль йўллари вайрон бўлган.

2010 йилнинг 2 апрелида Уануко (Перу) департаментида сел келиши натижасида Арроито қишлоғи ер билан яксон бўлган. Табиий офат 12 кишининг ўлими ва 100 кишининг бедарак йўқолишига олиб келган.

2010 йилнинг 1 январида Рио-де-Жанейродаги Илья Гранди курорт-оролидаги сел ёмғирлари камида 52 кишини ҳаётдан олиб кетди. Қирғоқдаги меҳмонхона ҳам кўчкилар остида қолган, қутқарувчилар 31 кишининг жасадини шу ердан топишган.

Мавзуга оид