Ўзбекистон | 15:19 / 05.04.2017
27327
2 дақиқада ўқилади

Мирзиёев Медведев билан учрашувда: Терроризм чегара билмас хавф, унга қарши бирлашиш лозим

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси ҳукумати Раиси Дмитрий Медведев билан учрашди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Дмитрий Медведев Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерациясига ташрифидан миннатдор эканлигини билдирди. 

«Ўзбекистон Россиянинг энг ишончли ҳамкорларидан бири. Икки давлат турли соҳаларда ишончли ҳамкорлик қилиб келмоқда. Сизнинг ташрифингиз давомида жуда катта лойиҳалар бўйича келишувларга эришиш кўзда тутилган. Мен ташрифингиз самарали бўлади ва икки дўст давлатнинг ҳамкорлигида янги саҳифа очилади, деб ишонаман», деди Дмитрий Медведев. 

«Санкт-Петербургда рўй берган машъум воқеа муносабати билан чуқур ҳамдардлигимни қабул қилгайсиз. Терроризм чегара билмайдиган хавфдир, шу боис унга қарши кучларни бирлаштирган ҳолда курашиш лозим», – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент ушбу ташриф ўзаро алоқаларни янги босқичга кўтариш, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш учун қулай имконият эканлигини таъкидлади. 

«Бугунги мулоқотларимиз кўп соҳалардаги ҳамкорлигимизда янги даврни бошлаб беришига ишонаман», – деган Шавкат Мирзиёев. 

Мавзуга оид