Спорт | 17:17 / 11.04.2017
10861
5 дақиқада ўқилади

Икки йил ўтиб: Аллегри Энрикега қарши. Куннинг энг марказий учрашуви ҳақида

11 апрель куни Европа чемпионлар лигасининг 1/4 финал учрашувларига старт берилади. Tribuna.Uz куннинг энг марказий учрашуви анонси билан таништириб ўтади.

Ювентус – Барселона (11 апрель, Тошкент вақти билан 23:45, UzReport, Матч ТВ)
Икки йил муқаддам бу икки жамоа Европа чемпионлар лигаси финалида рўбарў келишганди. Бу мавсумда эса жамоанинг йўли чорак финалдаёқ кесишадиган бўлди. Кўпчиликнинг фикрича, «Барселона» ўша вақтдагидек кучли эмас ва бу учрашувда яққол фаворит саналмаяпти.

Ўйиндан олдин

Ювентус
«Ювентус» Италия А сериясида ишонч билан пешқадамлик қилмоқда. Жамоа ўтган ҳафтада «Кьево»ни қабул қилиб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувда дублга эришган Гонсало Ҳигуаин туринликлар сафида узоқ йиллардан буён энг яхши дебютант футболчига айланди. Жамоа юқори спорт формасига кириб улгурган ва бу бугунги учрашувда жамоага қўл келиши мумкин.

Барселона
Каталония клубида эса ҳаммаси жойида деб бўлмайди. Жамоа ўтган ҳафтада «Малага» уйида ўта нурсиз ўйин кўрсатди ва Испания чемпионати етакчиси бўлиб олиш имкониятини бой берди. Эндиликда жамоанинг Ла-лигада ғалаба қозониши катта сўроқ остида қолмоқда. Шу ойда бўлиб ўтадиган «Эл-класико» ҳам бу ўринда ҳал қилувчи аҳамият касб этмай қолиши мумкин.

Ўйин атрофидаги қизиқарли фактлар
– «Ювентус» еврокубокларда ўз уйида 2015 йилнинг апрелидан буён мағлубиятга учрамаяпти. Ўшанда жамоа ўз ўз уйида «Бавария»га имкониятни бой бериб қўйганди. Ўша даврдан бошлаб кейинги 17 учрашувда «Ювентус» Туринда ютқазмаяпти.
– «Барселона» меҳмонда ўтказган сўнгги 5 учрашувнинг 3тасида мағлубиятга учраган. Сўнгги меҳмондаги учрашувда («ПСЖ»га қарши) ўз дарвозасидан 4та тўп ўтказиб юборган.
– «Кўк-анорранглилар» ЕЧЛ доирасидаги меҳмонда ўтказган сўнгги 16 ўйиннинг 14тасида рақиб дарвозасини ишғол қилишнинг уддасидан чиққан. ЕЧЛ плей-оффида меҳмонда урилган голнинг қиймати жуда юқори .

Ўзаро ўйинлар
Икки жамоа шу кунгача ўзаро етти марта учрашишган. Учта учрашувда «Ювентус»нинг қўли баланд келган бўлса, «Барселона» икки марта ғалаба қозонган. Икки учрашувда дуранг қайд этилган. Тўплар нисбатида кўрсаткичлар тенг — 9:9.

Чемпионлар лигасида жамоалар беш марта ўзаро дуч келишган бўлса, уларнинг иккитасида «Ювентус» мезбонлик қилган ва иккала ўйинда ҳам жамоа ғалаба қозона олмаган. Юқорида эслаб ўтган финалдан олдинги тўқнашув бундан 14 йил олдин бўлиб ўтган бўлиб, ўшанда «Ювентус» айнан «Барселона» уйидаги ғалаба (2:1) эвазига ярим финал йўлланмасини қўлга киритган. Ўша йили жамоа кейинчалик финалга (ярим финалда «Реал» мағлуб этилган) қадар етиб борган ва финалда «Милан»га имконият бой берилган.

Йўқотишлар
«Ювентус» таркибида айтарли йўқотишлар кўзга ташланмаяпти. Биргина Марко Пьяцанинг ўйинда туша олмаслиги айтмаса, таркиб жанговар руҳда бўлиши кутилмоқда. «Барселона» таркибида эса энг асосий йўқотиш таянч яримҳимоячиси Серхи Бускетснинг дисквалификация қилиниши бўлиб турибди. Арда Турон ва Алеиш Видалнинг жароҳати ҳам уларга бу ўйинда иштирок этиш имкониятини бермайди.

Тахминий таркиблар
Аллегри сўнгги вақтларда кўп қўллаётган усулидан фойдаланиши мумкин. Бунда таянч зонасида бир йўла икки футболчи жойлашади. Куадрадо ва Манджукич эса қанотларда Ҳигуаинга ёрдам беради. Дибала ҳужум ортидаги «ўнлик» ролини бажариб беради.

«Барселона»да Бускетснинг йўқлиги Андре Гомешни таянч зонасига қайтариши мумкин. Шунингдек, бу йўқотиш сабаб Энрике уч марказий ҳимоячи билан ҳаракат қилиши мумкин. Умтити чапроқда, Маскерано ўнгроқда. Серхи Роберто эса ўнг қанот вингери вазифасини ўтайди. «Ўнлик» ролида Месси ва олдинда Неймар-Суарес тандеми.

Ювентус: 1. Буффон, 23. Дани Алвеш, 3. Кьеллини, 19. Бонуччи, 12. Сандро; 6. Хедира, 5. Пьянич, 17. Манджукич, 21. Дибала, 7. Куадрадо; 9, Ҳигуаин.
Барселона: 1. тер Штеген, 3. Пике, 23. Умтити, 14. Маскерано, 20. Роберто; 4. Ракитич, 8. Иньеста, 21. Андре Гомеш, 10. Месси, 9. Суарес, 11. Неймар.

Мавзуга оид