Light | 22:15 / 14.04.2017
27596
3 дақиқада ўқилади

Сизга стартап очишга халақит берувчи 6 баҳона

Сиз ўз ишингизни очишни қачондан бери истаб келаётган бўлсангиз-у, бироқ ҳанузгача бошламаган бўлсангиз, демак қуйида тилга олинадиган иборалардан бирини баҳона сифатида ишлатгансиз. Улар шунчаки бир баҳона экани ва улардан қандай қилиб воз кечиш мумкинлиги ҳақида ҳикоя қиламиз. 

1. «Мен оиламни боқишим керак»

Ҳа, илк даврларида стартапларнинг аксарияти пул келтирмайди. Бироқ доимо пул ишлаш учун қўшимча иш топиш мумкин, масалан, маслаҳатчи ёки фрилансерлик билан. Иш жойига суткалаб гумдон бўлиб кетиб, ўз болаларининг дийдорига тўймайдиган ота-она — яхши ота-она эмас. 

2. «Тажрибам кам»

Бутун умр ҳали ёш эканлигингиз, тажрибангиз камлигини айтиб юришингиз мумкин. Алалоқибатда нима бўлишини биласизми? Тажрибасизлигингизча қолиб кетаверасиз, бироқ энди ёш бўлмайсиз. 

3. «Бозорда рақобат юқори»

Бир қараганда, бугун худди олма тушса стартапнинг бошига тушадигандек кўп кўринади. Бироқ бу ҳол уларнинг ортиқ керак эмаслигини билдирмайди, қайтага имконият мўл-кўллигидан далолат беради. Кимки муаммоларни ечиб, оламга кўпикка бурканмаган назар билан қараса, албатта, мукофотланади. 

4. «Шундоқ ҳам бойман»

Бой бўлиш етарли эмаслигини тушунтирувчи икки сабаб бор: биринчидан, фақат ўзингизга сарфланадиган пул лаззат келтирмайди, иккинчидан, стартап — миллионларни кўпайтириш усули. Ахир Илон Маск, «Эй, мен шундоқ ҳам бойман, тупурдим ҳаммасига», демайди-ку? 

5. «Менга эркинлик керак»

Ҳа, стартап эркинликдан маҳрум қилиб, бутун вақтни эгаллайди. Лекин фалончи акага ишлашдан кўра бунинг нимаси ёмон? Энг камида, ўз олдингизга мақсад қўйганингиздан сўнг барча қурбонликлар нима учунлигини аниқ тушуна бошлайсиз.

6. «Барчаси барбод бўлиши мумкин»

Юзлаб стартаплар бир йил ҳам яшамаган. Миллионлаб одамлар бунинг учун ўз пулларини беҳудага сарфлашган. Сизнинг корхонангиз ҳам касодга учраши мумкин, боз устига бунинг эҳтимоли баланд — 50 фоиз. Худди шунча эҳтимоллик билан осмондан бошингизга ғишт келиб урилиши мумкин. Лекин бу уйдан ташқарига чиқмаслигингизга сабаб бўла олмайди-ку, тўғрими?

Мавзуга оид