Light | 10:36 / 15.04.2017
81538
5 дақиқада ўқилади

Кўзга шикаст етганда нима қилиш керак?

Кўз — жуда нозик орган, уни ишқалаш ёки нотўғри парвариш қилиш мумкин эмас. "Лайфхакер" нашри шу мавзудаги мақоласини тақдим этди.

 

Умумий тавсиялар

Тушь чёткаси, дарахт шохи ёки тирноқ кутилмаганда кўзга жароҳат етказиши мумкин, бунда кучли ачишиш ва ноқулайликни ҳис қилишингиз ёки жароҳат енгил бўлса, ҳеч нарсани сезмаслигингиз мумкин. Шунинг учун бунинг олдини олиш ва мутахассисга кўринган яхши. Шифокор инфекция ривожланмаслиги ва чандиқ ҳосил бўлмаслиги учун томчи ёки мазь ёзиб беради.

Агар кўзга бирор нарса тушса, уни ишқалай кўрманг. Предмет кўзнинг шиллиқ қаватини шилиши ва жиддий салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Ювилмаган қўл билан кўзингизга тега кўрманг. Кўзнинг шиллиқ қаватини ифлос сув билан ювманг. Пинцет, тиш тозалагич ва бошқа қаттиқ жисмларни қўлламанг: улар нозик тўқималарга жароҳат етказиши мумкин.

Кўзнинг юзасига зарар етказган объектни олиб ташлашга уринманг. Бундай вазиятда дарҳол шифокорга кўриниш зарур.

Кўзларингизда контакт линзалар бўлса, уларни ювманг. Аввал линзаларни олиб ташланг.

 

Кўзга кимёвий фаол модда тушса, нима қилиш керак?

Қўлларингизни яхшилаб ювинг. Уларда совун ёки кўзга тушган модданинг изи қолмаганига ишонч ҳосил қилинг.

Линзаларни олиб ташланг, чунки линза кўзга тушган моддани ўзига тортиб олган ва кўз сатҳига зиён етказган бўлиши мумкин.

Кўзларингизни 15-30 дақиқа давомида сув билан ювинг. Агар шунда ҳам ноқулайлик ҳисси кетмаса, шифокорга боринг. Ҳар эҳтимолга қарши, ўзингиз билан кўзингизга тушган модда намунасини олинг.

Агар конъюнктивга елим тушган бўлса, уни мустақил равишда олишга уринманг: бу иш билан фақат офтальмолог шуғулланиши керак. Кўзингизни ювиб, кўз шифокорига кўрининг.

 

Кўзга ғайритабиий тана тушса, нима қилиш керак?

Қўлларингизни яхшилаб ювиб ташланг. Кўзнинг шиллиқ қаватидан ғайритабиий танани топишга ҳаракат қилинг.

Ўткир бўлмаган предметлар (киприклар, соч, косметик воситалар)ни сувда ҳўлланган пахтали чўпда олиб ташлаш мумкин. Агар кўзга тушган соч оч рангда бўлиб, кўринмаса, уларни ювиб ташланг.

Ўткир предметлар (қиринди, шиша, йирик қум)га тегмаган яхши, зеро улар кўз тўқималарига зиён етказиши ва ҳатто кўриш қобилиятини йўқотишдек жиддий асоратларга олиб келиши мумкин. Юқори қовоқни кўтариб, кўзингизни сув билан ювинг.

Агар предмет ювилмаса ёки олиб ташлангандан кейин ҳам ноқулайлик ҳисси кетмаса, кўзни бинт билан ёпиб, яқин орадаги офтальмологга боринг ёки тез тиббий ёрдам хизматини чақиртиринг. Кўзларингизни асло ишқалай кўрманг.

Кўзингизга ҳеч нарса хавф солмаётганини фақат шифокоргина аниқлай олади. Шу боис ҳатто ғайритабиий танани олиб ташлашга муваффақ бўлсангиз ҳам, офтальмолог кўригидан ўтинг.

 

Шифокоргача қандай етиб олиш мумкин?

Агар кўра ва юра олсангиз, яқин орадаги офтальмологга қараб йўл олинг. Тўқ рангли кўзойнак билан ёки кўзни бинт билан ёпиб, паспортингиз (ва тиббий суғуртангиз)ни олиб шифокорга бориш керак.

Фавқулодда ҳолатларда (жароҳатлар, яралар, кимёвий ва термик куйиш, кўзга хавфли модданинг тушиши, кутилмаган оғриқ, кўриш қобилиятининг кескин пасайиши ёки умуман йўқолиши) сизни навбатсиз қабул қилишади.

Агар кўзлар ёшланса, оғриса ёки атрофни хира кўра бошласангиз, тез ёрдам чақиринг.

 

Кўзлар саломатлигини қандай сақлаб қолиш мумкин?

1. Тош, дарахт, металл, қум, реагентлар, автомобиль аккумулятори ва бошқалар билан ишлаш жараёнида ҳимоя кўзойнакларини кийишни унутманг.

2. Кимёвий моддалар жойланган идишларни кўзга яқинлаштира кўрманг.

3. Тозалаш воситаларидан фойдаланганда қўлқоп кийинг, кейин эса қўлларингизни совун билан ювиб ташланг: шунда кимёвий моддаларнинг кўз шиллиқ қаватига тушишининг олдини олган бўласиз. Барча кимёвий воситаларни болаларнинг қўли етмайдиган жойларда сақланг.

4. Кўзларингизни йилда бир марта кўрикдан ўтказинг, ноқулай меҳнат шароитида ишлайдиганлар эса - йилда икки марта.

Мавзуга оид