Ўзбекистон | 09:48 / 18.04.2017
34155
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев «Битта камар — битта йўл» форумида иштирок этади

28 нафар президент ва бош вазирлар Пекиндаги «Битта камар — битта йўл» стратегияси доирасидаги халқаро ҳамкорлик бўйича олий даражадаги форумда иштирок этишини тасдиқлади. Бу ҳақда ХХР ТИВ раҳбари Ван И сешанба куни махсус брифингда маълум қилди.

«ХХР раиси Си Жинпингнинг таклифини 28 нафар давлат ва ҳукумат раҳбарлари тасдиқлади», - деган Ван И.

Ван Ининг сўзларига кўра, форумда иштирок этишни Ўзбекистон, Аргентина, Беларусь, Чили, Чехия, Индонезия, Қозоғистон, Кения, Лаос, Филиппин, Россия, Швейцария, Туркия, Вьетнам президентлари, Камбожа, Эфиопия, Фижи, Греция, Венгрия, Италия, Малайзия, Мўғулистон бош вазирлари, Мьянма давлат котиби, шунингдек, Покистон, Польша, Сербия, Испания, Шри-Ланка бош вазирлари тасдиқлашган.

Унинг таъкидлашича, ХХР раиси Си Жинпинг форумнинг очилиш сессиясида нутқ сўзлайди ҳамда форумда иштирок этиш учун келган мамлакат раҳбарлари билан мулоқот қилади.

Ван Ининг сўзларига кўра, йиғилиш 15 май куни бўлиб ўтади. Унда мамлакат раҳбарлари ва бош вазирларидан ташқари, БМТ бош котиби, Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчи директори, шунингдек Жаҳон банки президенти қатнашади. Форум якуни бўйича «Битта камар — битта йўл» стратегиясини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик ҳақида келишув имзоланади. Унинг сўзларига кўра, форумда ҳаммаси бўлиб 1,2 мингдан ортиқ киши иштирок этади.

Хитой 2013 йилда «Битта камар — битта йўл» иқтисодий ривожланишнинг янги стратегияси ҳақида маълум қилди. У Евроосиё давлатлари ўртасидаги ўзаро алоқаларни йўлга қўйиш ва инфратузилма яратишга йўналтирилган. Стратегия икки муҳим ривожланиш йўналишига эга: Буюк ипак йўлининг иқтисодий камари ва денгиздаги Буюк ипак йўли. Гап Шарқдан Ғарбга имтиёзли шартларда маҳсулотларни тўғридан-тўғри етказиб бериш бўйича савдо йўлагини ташкил этиш ҳақида бормоқда.

Аввалроқ Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев иштирокидаги анжуманда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев май ойида Хитойга ишчи ташрифини амалга ошириши маълум қилингани ҳақида хабар бергандик.

 

Мавзуга оид