Фан-техника | 22:36 / 18.04.2017
4247
2 дақиқада ўқилади

Тадқиқот: Смартфон ва планшетлар болаларни уйқудан маҳрум қилади

Бирбек (Лондон университети) сомнологлари смартфонлар, планшетлар, электрон китоблар ва бошқа қурилмаларнинг ёрқин экранлари болаларнинг тинчини йўқотиб, уйқу жараёнининг бузилишига олиб келишини тасдиқлашди. Олимларнинг маълумотларига кўра, 6 ойликдан бошлаб болаларда уйқу етишмовчилиги кузатилар экан. Nature'да шу ҳақида мақола тақдим этилди. 

Тадқиқот давомида олимлар болаларнинг гаджетлардан фойдаланиш вақти, шунингдек уларнинг тунги ва кундузги уйқусига оид маълумотлар билан бўлишган 715 ота-онани сўроқ қилишди. Маълум бўлишича, гаджетдан фойдаланилган ҳар бир соат уйқунинг умумий вақтини 15,6 дақиқага қисқартирар экан. Шу билан бирга тунги уйқу ўртача 26,4 дақиқага қисқарган, кундузги уйқу эса - 10,8 дақиқага узайган.

"Кунига 10-12 соат ухлайдиган одам учун бу у қадар кўп вақт эмас, бироқ боланинг ривожланишида ҳар бир дақиқа аҳамиятга эга", - дейди тадқиқот ҳаммуаллифи Тим Смит. Олим буни "нейропластиклик" ёки боланинг атроф-муҳитдаги янги ҳолат ҳамда ўзгаришларга жавобан янги нейрон алоқаларни шакллантириш хусусияти билан изоҳлайди. Смитнинг сўзларига кўра, ҳатто кунига 25 дақиқа гаджетдан фойдаланган болалар ҳам одатдагидан 6 дақиқа кам ухлашган.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид