Боймуроднинг пойтахтдаги саргузаштлари. Яна прописка муаммоси ҳақида
Журналист Аброр Зоҳидов энг долзарб муаммолардан бирини қаламга олди.
Прописка! Мени тушундингиз...
Сўнгги вақтлардаги ислоҳотлар самараси ўлароқ, муаммоларни яшириш эмас, уларни ечишга бўлган интилишлар туфайли айрим масалаларда очиқча сўзлаш имкони туғилмоқда. «Кун.uz» сайти бу борада анчагина фаол бўлиб, улоқни илиб кетганини тан олиш керак. Чунки кўпчилик сингари мени ҳам қийнаётган муаммолар акс садосини айнан шу сайтда кўраяпман.
Сарлавҳаданоқ англаб етдингиз. Менда ҳам пойтахт пропискаси йўқ. Не ажабки касбимиз, келажак бўйича тасаввуримиз, умуман орзу-ҳавасимиз туфайли пойтахтда яшаймиз, айбга буюрмайсизлар энди. Оиламиз билан яшайдиган уйимиз бор, бўйи чўзилиб қолган ўғлимга атаб ҳам уй олиб қўйганман. Ҳаммаси оқибатли яқинларнинг номида. Ҳар йили ижара шартномаси, ҳар олти ойда прописка деб уларни безовта қилиб турамиз. Шуларнинг борига шукр.
Майли, шу давлатнинг фуқароси бўлиб, қонун ҳужжатларидаги чекловларга буйсунишга мажбурмиз. Бу гапим ҳам бирортангизга янгилик эмас.
Гап бошқа ва қизиқ жиҳатлар ҳақида.
Ҳозирча биз учун доимий прописка орзулигича қолмоқда, вақтинчасини амаллаб турибмиз.
Маълумки, пойтахтда милиция мақомидаги инсон борки прописка масаласи кўтарилганда қўлидаги яшил китобни очиб «... Тошкентга бошқа ҳудуддан келган фуқаро 5 кун ичида вақтинча пропискадан ўтиши керак...» деган жумлаларни ўқловдек кўрсатади.
У ҳақ! Шундай ёзилган. Лекин амалда бунинг иложи борми?
Янги талабларга кўра вақтинча пропискага кириш учун аввало ижара шартномаси, уй эгасинининг розилиги, ишхонадан маълумотнома (қизиғи бирор ишга кириш учун прописка зарур, прописка учун эса ишхонадан маълумотнома) ва яна аллақанча ҳужжат талаб қилинади.
Демак худди биз каби бугунги қаҳрамонимиз, айтайлик Хоразмдан пойтахтни забт этиш учун ташриф буюрган Боймуродга вақтинчалик прописка зарур (тошкентликлар (ёки пойтахт пропискаси борлар), «забт этиш» жумласини нотўғри тушунманг, дунёнинг ҳамма давлати ўз олдига катта мақсадларни қўйганларнинг йирик шаҳарларга интилиши табиий жараён).
* * *
Хуллас чемоданини кўтарган Боймурод поезддан тушди. Унинг ихтиёрида катта муддат - роппа-роса 5 кун бор.
Шитоб билан ишга киришади ва вақтинчалик прописка шартларини билиш учун паспорт столига йўналади. О, одамнинг кўплигини қаранг! Ҳамма ҳар хил мақсадда келган, лекин 80 фоизи Боймурод билан дардкашов.
Майли, битмайдиган иш бор эканми? Хуллас бир амаллаб вақтинчалик прописка учун зарур бўлган ҳужжатларнинг узунгина рўйхати қўлга киритилади. Ўҳҳў! Бунча ҳужжат билан космик кема учириб юбориш мумкин дейсизми? Йўқ, эпалаганлар бирпасда тўғрилаяпти.
Демак биринчи навбатда ижарага уй топиш керак экан.
Излаймиз!
Вариантлар мингта, лекин нархи, жойи ва энг муҳими эгаси шартнома тузиб, пропискага қўйиб берадигани муаммо. Тахминан уч-беш кунда (бу энг тези) керакли уй ҳам топилади. Ижарагирнинг Тошкан пропискаси йўқлигини билиб қошини чимириб турган уй эгаси бир ойлик пулни олдиндан олса-да, чеҳраси очилмайди. Ҳали ҳожатбарор маклерларнинг хизмат ҳақи турибди.
Майли, пул бўлса чангалда шўрва. Бу ҳам ҳал қилинади дейлик. Уй эгаси эртагаёқ кўчиб кириш мумкинлигини айтса, омад қуши Боймуроднинг бошига қўнибди. Лекин одатда уй фалон куни бўшайди, аввал ижара шартномаси билан прописка қилинади, кейин кирилади, деган шартлар қўйилади. Борингки буларга ҳам энг тези икки кун кетади. Энди уй эгаси бир-икки кунлик иши борлигини, шундан кейин ижара шартномаси учун керакли ҳужжатларни тайёрлашини айтади. Икки кундан кейин қўнғироқ қилган Боймурод қуйидаги мазмунда жавоб олади: «Паспортистка сешанба куни тушдан кейин, пайшанба ва шанба кунлари тушгача ишларкан. Сешанба куни бориб роса навбатда туриб улгурмадим. Энди пайшанба куни борарман...». Боймуроднинг пойтахтда қонуний бўлиш муддатлари сония сайин тугаб бормокда! У зудлик билан ё Тошкентдан чиқиб кетиши керак, ёки...
Хуллас рухсат берилган муддат ўтиб бўлди. Боймурод бирорта қоғозни қўлга киритгани йўқ. Бу орада кутилган ҳолат юз беради. Кўчада ундан ҳужжатларини сўраган милиция ходими гажакдор имзо билан жарима қоғози ёзиб беради. Нима ҳам дейиш мумкин, қонун бор, нозир ҳақ, жарима тўланиши лозим. Ўтган кунлар давомида узлуксиз харажатлар туфайли чўнтаги ҳувиллабгина турган Боймурод итоаткор фуқаро сифатида жаримани тўлайди. Лекин маъмурий ҳуқуқбузарлар рўйхатига тиркалиб қолгани чатоқ бўлди-да...
Яна икки кун ўтади (бу ҳам энг тези) ва уй эгаси ҳужжатлар тайёр бўлгани, нотариусга боравериш мумкинлигини айтади.
Эҳҳе! Одамнинг бари нотариусда экан-ку. Давлатга узлуксиз пул тушириб турган бундай ташкилотлар кўпайтирилса, ҳаммага осон бўлмайдими? Катталар бир нарсани билмаса қилишмайди! Ақлинг етмаганига аралашмагинг маъқул.
Рўйхатга тахминан ўттиз еттинчи бўлиб ёзилган Боймуроднинг навбати шу кунларда келиши қийинов. Уй эгаси ҳам вақти зиқлигини айтиб ёзғириб қўяди. Эртасига кимгадир яхши гапириб, кимнидир алдаб, рўйхатда бору, ўзи йўқларнинг номидан бир амаллаб кириб олади. Амали нотариусга ёрдамчи бўлса-да, савлати колхозга раис бўлгудай йигит хушламайгина кутиб олиб, ҳужжатларни синчиклаб текширади. Тахминан 90 фоиз ҳолда ҳужжатда камчилик чиқади. 10 фоиз ҳолларда бир топширишдаёқ «ўтади». Ёрдамчи ҳужжатларни олиб қолиб шартнома қилиш кунини белгилайди. Одатда эртага тушдан кейин. Бўлмаса индинга... ёки яна ноаниқ. Ижара шартномаси қилаётганлар кўп бўлса, нотариус нима қилсин?
Уй эгасининг димоғидан ростмона қурт ёғила бошлайди. «Ишим кўп эди, тўйдан қолиб кетдим...». Пулини ўша ёғилаётган қуртдай санаб берган бўлсанг ҳам ишинг тушиб турганидан кейин чидайсан-да, нима қилардинг?
Шу куни жуда қизиқ бўлди. Кўринишидан аввалги нозирга ўхшайди, лекин гап сўзидан бошқа экан. Бўлмаса «ака, кечагина жарима солдингизку, яна ёзманг» деган гапга ишонган, илтижоларга сал юмшаган бўларди-да. Нозир ҳам нима қилсин, маъмурий ҳуқуқбузарлик бўлганидан кейин жаримага тортиш керак-да. Ҳужжатлар тайёрланаяпти, деб қонунни бузаётган қанча, қайси бирига ишониш мумкин? Яна жарима, яна Боймуродбой рўйхатда...
Икки кун ўтиб олтинга тенг шартнома қўлга тегди! Аммо бугун кеч бўлди, эртага эса пайшанба, паспорт стол ишламайди. Жума куни борар... Ана мана деб 20 кун ўтиб кетибди. Бу орада Боймурод пойтахтда қонуний бўлиш муддатини уч карра ўтказиб юборган бўлсада, бор йўғи икки марта жарима тўлади. Бир омад бўлса шунчаликдирда!
Хуллас ҳамма ишни ҳал қилган Боймурод жума куни паспорт столга ғоз юриб кириб боради. У қўлтиқлаган ҳужжатларни кўришса оғизлари очилиб доимий рўйхатга ҳам қўйиб юборишса ажабмас.
Лекин арининг уяси деганлари бунчалик бўлмасов. Икки юз чоғли одам ҳужжатини топшириб олиш ишқида ёнмоқда. Лекин қабул қилувчи ходим битта! «Эшик ёнига амаллаб етиб олиб биттагина кўрсатиб чиқай, ҳаммаси жойида бўлса навбатда тураман, бекорга вақтимни йўқотмай» десангиз тахминан эллик киши хор бўлиб жавоб беради: «Биз ҳам шу бир марта кўрсатиш учун уч кундан бери кутамиз!».
Қабул тушгача, тайёр ҳужжатларни бериш тушдан кейин. Паспорт столи эрталаб саккиздан кеч саккизгача тиним билмай ишлайди.
Майли, саргузаштларни қисқа қиламиз. Қайсидир куни навбат келади, қаердадир бориб бармоқ излари олинади... Ҳужжатлар кўриб чиқилади!
Паспорт столининг масъул ходими иши кўплигидан бошини кўтармай дейди:
«Уй эгасини чақиринг, розилиги керак».
«Ижара шартномасини қилиб берган-ку, шу розилиги эмасми?»
Ходим унга бошдан оёқ қараб қўяди.
Боймурод ўз таажжубининг қонун талаблари олдида нақадар асоссизлигини тушуниб изза бўлади. Қайтатдан навбатда турган Боймуродга қўшилиб уч соат кутган уй эгаси бу сафар очиқча норозилик билдиради: «Ижарага уй бермай, солиқ тўламай ҳар нарса бўлай...».
Розилик ҳам амаллаб олинади. Ходим яна бошини кўтармайди:
«Бир ҳафтадан кейин хабар олинг».
Боймурод хотиржам уйга қайтади.
Эртасига эшик тақиллайди. Участка нозири Фалончаев!
Прописка йўқ, жарима!
«Ака, ҳужжатларни топширдим, яқинда чиқади. Қолаверса кеча кўчада икки марта ушлаб жарима қилдинглар-ку!».
«Улар бошқалар, бу менинг ҳудудим. Ҳужжатларни топширган бўлсангиз аввал прописка қилиб, кейин кўчиб кириш керак эди. Унгача қаерда яшашингиз менинг ишим эмас!».
Боймуроднинг тепа сочи тикка бўлади. Лекин начора? Қонун бор, нозир ҳақ. Айб ўзида, 23 кундан бери қоидаларни бузиб яйраб юрибди-ку. Лекин ҳартугул нозир тушунадиган одамга ўхшайди, нима қилсаям шу ҳудуднинг одами-да. Ўзбек ўзбекка қайишмайдими? Салом-алик дегандай...
Бир ҳафтада иш бита қолмайди. Боймурод вақтинчалик прописка қоғозини шу ишга киришганидан сўнг 33 кун ўтиб қўлга киритади. Бу тез битгани ҳалиям. Қоидани 6 марта бузса-да, уч марта жарима билан қутулди. Шу-да бир йигитнинг толеси.
Муҳр босилган ярим варақ қоғозга қараб Боймуроднинг кўзига ёш келади. «О прописка, сени қанчалар соғингандим-а. Вақтинчалик бўлсанг ҳам мен учун ўз юртимда қанчалик ҳуқуқлар берасан! Қоғозбозлик билан курашиш асрида мен учун қоғозлар ичра аълосисан!»
Р. S. ... олти ой ғизиллаб ўтиб кетади...
Мавзуга оид
13:30 / 20.08.2024
Тошкент пропискаси ҳақидаги қонун бекор қилинади
11:23 / 11.03.2024
Фуқароларни вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби ўзгариши мумкин
14:36 / 04.07.2023
Тошкент пропискаси ҳақидаги қонунни бекор қилиш лойиҳаси парламентга ҳали киритилмаган
19:39 / 08.05.2023