Жамият | 10:04 / 27.04.2017
70691
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда Бенжамин Баттон топилди: 21 ёшли йигит 160 яшар қария каби кўринишга эга

Ҳиндистонда танаси 160 ёшли қарияга ўхшаш бўлган 21 ёшли Рупеш Кумар исмли йигит топилди. У ноёб генетик касаллик – прогериядан азият чекади.

Йигит бошқа исталган инсонга қараганда саккиз маротаба тезроқ қаримоқда, деб хабар ёзади Daily Mail. Прогерия саккиз миллион инсондан бир нафаридагина кузатилади.

Унинг ота-онасига ҳаттоки ўғилларини циркка беришлари учун пул ҳам таклиф қилишган.

Кумар – бундай хасталикка эга бўлган энг ёши катта инсондир. Одатда бу касалликка чалинганлар фақат 13-14 йил умр кўришади.

Прогериянинг илк аломатлари болада саккиз ёшида пайдо бўлган. Унинг ота-онаси Ҳиндистон бош вазирига мактуб ёзишди ҳамда ёрдам сўрашди, бироқ жавоб келмаган.

Рупешнинг шифокори Югантар Пандейнинг хабар қилишича, прогериянинг давоси ҳалигича топилмаган. 

"Бу генетик муаммо бўлиб, у генларни мутацияга киришишга мажбурлайди", - дейди шифокор.

Айни дамда Рупешнинг оиласига маҳаллий хайрия ташкилоти кўмак бермоқда.

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, айнан прогерия ҳолати ёзувчи Фрэнсис Скотт Фицжеральднинг “Бенжамин Баттоннинг сирли тарихи” ҳикоясида тилга олинган. Унинг асосида яратилган кинофильмда эса Брэд Питт бош ролни ижро этди.

Ягона фарқ шундаки, Бенжамин Баттон – қария бўлиб туғилган қаҳрамон бўлиб, ҳаётни тескари йўналишда яшайди – қариликдан ёшликка.

Мавзуга оид