Жамият | 18:52 / 28.04.2017
15562
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда қоплон беш соат давомида бутунбошли шаҳар аҳолисини саросимага солиб қўйди

Ҳиндистоннинг Харьяна штатидаги Сохна шаҳрида қоплон ўткинчиларга ҳужум қилди, сўнг аҳоли уйларидан бирига кириб олди. Бу ҳақда Hindustan Times хабар бермоқда.

Йиртқич шаҳар кўчаларида 27 апрель, пайшанба куни пайқалган. Аввалига у деворни бўяш билан машғул бўлган 30 ёшли эркакка ҳужум қилди ҳамда унинг юзини тирнаб ташлади. Шундан сўнг ҳайвон олти ёшли болага ташланган, у фақатгина елкаси ва кўкрагидан кичик жароҳатлар олди.

Кейинчалик қоплон аҳоли уйларидан бирига кириб кетган. Йиртқични телевизор кўраётган ўсмир пайқаб қолиб, оиланинг бошқа аъзоларини бундан хабардор этган. Олти киши хонага беркиниб олди ҳамда қутқарув амалиёти давом этган беш соат давомида у ердан чиқишмади.

Қоплон кириб олган уйни маҳаллий аҳоли ва томошаталаб шахслар ўраб олди. Улардан кўпчилиги ҳайвон фонида суратга тушишга ҳам уринишган. Шу билан бирга, йиртқич тўсилган ҳудуд бўйлаб чиқиш йўлини қидириб юрган.

Қоплон тинчлантирувчи махсус моддага эга хавфсиз ўқ ёрдамида тутилди ҳамда қафасга солинди. Ўрмон хўжалиги вакилларининг айтишича, йиртқичлар шаҳарга Аравали дарёсида сувнинг камлиги туфайли келишни бошлаган.

Аввалроқ Ҳиндистоннинг Курули қишлоғи полиция ходими ёввойи қоплон қурбонига айланмаслик учун томдан сакрашига тўғри келгани ҳақида хабар бергандик.

Мавзуга оид