Жамият | 17:47 / 29.04.2017
15587
3 дақиқада ўқилади

Фотожамланма: Ўзбекистон бўйлаб оммавий югуриш ғолиблари аниқланди

Жорий йилнинг 29 апрель куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида “Саломатлик сари” республика оммавий югуриш тадбири ўтказилди. Ҳақиқий спорт байрами тусини олган мазкур оммавий югуриш тадбирларида мамлакат миқёсида 30 минг 300 нафардан ортиқ  ортиқ ишчи-ходим ва ёшлар иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қизғин ва дўстона беллашувлар остида ўтган оммавий югуриш тадбирига турли соҳа ходимлари, уларнинг оила аъзолари, эл ардоқлаган таниқли санъаткорлар, кино ва театр актёрлари, аҳоли вакиллари, маҳалла фаоллари, фахрийлар ҳамда ёшлар иштирок этди.

Марафон иштирокчилари бўлган хотин-қизлар ва эркаклар 18 ёшдан 30 ёшгача, 30 ёшдан 45 ёшгача ҳамда 45 ёш ва ундан юқори ёшдаги тоифаларда гуруҳларга бўлинган ҳолда белгиланган йўналишни босиб ўтишди.

Оммавий югуриш тадбирларининг эркаклар ва аёллар ўртасида ўтказилган мусобақаларида ғолиб бўлиб, ёш тоифалари бўйича 1-, 2- ва 3-ўринларни эгаллаган иштирокчилар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг махсус диплом ва совғалари билан тақдирланди.

Шунингдек, оммавий югуриш тадбирида қўшимча номинациялар бўйича ғолиблар ҳам аниқланиб, муносиб рағбатлантирилди. Хусусан, эркак ва аёллар ўртасида “Энг ёши улуғ иштирокчи”, “Энг ёш иштирокчи”, “Ғалабага бўлган интилиши учун” номинациялари бўйича ғолиб бўлган ҳаваскор югурувчиларга Касаба уюшмалари Федерациясининг рағбатлантирувчи мукофотлари топширилди.

Ушбу оммавий югуришда 18-30 ёш тоифасида биринчи ўринни Исмоилов Нурбек ва Овганова Озода қўлга киритган бўлса, иккинчи ўрин Ўткиров Бахтиёр ҳамда Фарафонова Валерияга насиб этди. Ушбу йўналишда учинчи ўрин эгалари сифатида Асадов Беҳруз ва Қурбонова Наврўза тилга олинди. 

30-45 ёш тоифасида эса Собиров Алимардон ва Корнилова Альбина биринчи ўрин соҳиблари бўлишди, Абдувалиев Думабай ва Сайникова Александра эса иккинчи ўринни қўлга киритишди. Учинчи ўрин Рашидов Шерзод ва Раҳимова Дилфузага насиб этди.

Шунингдек, 45 ва ундан юқори ёш тоифасида Хошимов Шавкат ҳамда Исмоилова Лобар биринчи бўлишди. Маҳмудов Виктор ва Эргашева Фарида эса иккинчи ўрин билан кифояланишди. Якубов Илҳом ва Ушанская Надеждага учинчи ўрин насиб этди.

Бундан ташқари, “Энг ёши улуғ иштирокчи” номинациясида Маматкулов Закир, Мелибаев Абдурашид ва Матякубова Кумуш ғолиб бўлишди. “Ғалабага бўлган интилиши учун” номинациясида Киршин Максим ва Амирова Замира етакчи бўлди. “Энг ёш иштирокчи” номинациясида эса Сильченков Игорь ва Аъзамова Гулнора яхши деб топилди.

Мавзуга оид