Жамият | 11:20 / 01.05.2017
12311
2 дақиқада ўқилади

"Аэрофлот" самолётининг "ҳаво ўраси"га тушиши оқибатида 20 йўловчи жароҳат олди

Фото: TACC

"Аэрофлот" авиакомпаниясининг Москвадан Бангкокга учаётган самолёти "ҳаво ўраси"га тушиши оқибатида камида 20 йўловчи жароҳат олди. Бу ҳақда Россиянинг Таиланддаги элчихонаси ходими Владимир Сосновга иқтибос келтирган ҳолда ТАСС ахборот агентлиги хабар бермоқда.    

"Жабрланганлар кўплаб синиш жароҳатлари олганлар. Улар орасида ҳам россияликлар, ҳам хорижликлар бор. Кўринишича, хавфсизлик камарини тақмаганлар жароҳат олганлар", деб айтмоқда дипломат. Унинг айтишича, воқеа самолёт Бангкокга яқинлашаётиб пастлаётганда юз берган. Одамлар бошлари билан самолёт шифтига урилишлари оқибатида шикастланганлар.

Барча жароҳатланганлар Бангкокдаги шифохоналарга етказилганлар. Жароҳат олган россияликларга тегишли консуллик ёрдами бериш учун шифохоналарга элчихона ходимлари юборилган. 

Самолёт қўнишни амалга оширган Суваннапхум аэропортида эса 25 киши жароҳат олгани таъкидланди. Улардан 19 нафари шифохонага олиб кетилган, қолганлар эса тегишли ёрдамни олгач, шифохонага боришни рад этганлар.   

"Ҳаво ўраси" деб, осмондаги босим ўзгаришларига айтилади. Бундай ўрага тушган самолёт бирданига пастга шўнғийди, чунки пастлаётган ҳаво оқими уни шўнғитади, юқорилаётган ҳаво эса уни юқорига кўтаради, яъни самолёт пастга-юқорига итқитилаверади. Ушбу нохуш ҳолат самолёт ўрадан чиқиб кетгунча давом этади.  

Мавзуга оид