Light | 10:21 / 01.05.2017
14726
5 дақиқада ўқилади

Скандинавияликларни дунёнинг энг бахтли одамлари қилган 4 қоида

Дунёнинг турли давлатларидаги олимлар жаҳон давлатларидаги бахт-саодат даражаси ҳақида ҳар қандай тадқиқот ўтказмасин, Дания, Норвегия ва Швеция доим рейтингнинг олд қаторларида бўлаверади. Албатта, бу давлатларда турмуш даражаси жуда юқори, лекин гап бундагина эмас: скандинавларда бир нечта умумий қоида мавжуд бўлиб, уларнинг шарофати билан шимолликлар ҳаётдан баҳра олишни канда қилишмайди.

AdMe.ru бу ҳақда батафсилроқ ўрганишга ҳаракат қилди ва ҳақиқатдан ҳам бошқалар ўрганса арзийдиган жиҳатлар борлигини аниқлади.

1. Камтарлик ва ўзгага ҳурмат

Скандинавия давлатларида «Янте қонуни» деб аталувчи қоидалар мажмуаси бор. Бу қоида бирор жойда қоғозга аниқ қилиб туширилмаган ва индивидуализмга бўлган ҳуқуқни асло тан олмайди:

- Мен бир хос инсонман, деб ўйлама;
- Бизнинг тенгимизсан, деб ўйлама;
- Биздан ақллироқсан, деб ўйлама;
- Биздан яхшироқсан, деб ўйлай кўрма;
- Биздан кўпроқ нарсани биласан, деб ўйлама;
- Биздан муҳимроқсан, деб ўйлама;
- Барча нарса қўлингдан келади, деб ўйлама;
- Бизнинг устимиздан кулишга уринма;
- Кимнингдир сен билан иши бор, деб ўйлай кўрма;
- Бизга ниманидир ўргатишга қодирсан, деб ўйлама.

Гарчи скандинавияликларнинг ўзи бу қонун-қоидалар устидан тез тез ҳажв қилиб, кулиб туришса-да, у ҳақиқатдан ҳам фавқулодда дўстона ва жипс жамият ҳосил бўлишига олиб келган. Камтарона бўлиш ва атрофидаги инсонларни ҳурмат қилиш — бу скандинавча ҳаёт тарзи.

Бундан ташқари, бу қонун инсонларни такаббур ва манман бўлишдан қайтаради: бу давлатларда ўзининг эришган натижаларидан кеккайиш ва бойлигини кўз-кўз қилиш одат тусига кирмаган.

2. Иш ва оила ўртасидаги мувозанат

Скандинавлар оилага ҳам, меҳнатга ҳам етарли вақт ажратиш нақадар муҳим эканлигини чуқур ҳис қилишади. Даниядаги кўплаб офис ва ташкилотлар кечги соат 5 да ёпилади — ҳеч қандай меъёрдан ортиқча меҳнат йўқ, дам олиш кунлари ишлаш ҳақида эса гап-сўз бўлиши ҳам мумкин эмас. Норвегияда эса яқиндан бошлаб 6 соатлик иш куни жорий қилинган: меҳнат унумдорлиги ҳам заррача пасайгани йўқ, ходимлар ҳам оиласи даврасида тўлақонли дам олиш имкониятига эга бўлишмоқда.

У ерларда одамларнинг бари ўта ноқулай бўлган шимолий иқлимга қарамасдан, оиласи билан тез-тез табиат қўйнига чиқиб туришади, спорт билан шуғулланишади, саёҳат қилишади. 

3. Хонадон меҳри

Данияликларда уйдаги шинамлик ҳамда қариндошлар ва дўстлар билан мулоқотдаги меҳрни англатувчи жуда чиройли сўз бор — «ҳюгге» (hygge). Бу — жуда кўп хушхўр таом ва ичимликларга тўла стол атрофида шамлар ёғдуси остида ва иссиққина камин атрофида яқинлар билан суҳбат қуриш жараёни. Ҳюггени ҳар қандай оила уюштира олиши мумкин, шу сабабли унда дабдаба ва манманликдан асар ҳам йўқ. Ҳюгге — бу жипслик, шинамлик, яқинларнинг қўллаши ва эътиборини билдиради.

Боз устига, «ҳюгге» сўзи Оксфорд луғати талқинига кўра, 2016 йили ишлатилган энг машҳур янги сўзлар қаторидан ўрин олган. Ҳа, ўзида бутун бир фалсафани жамлаган кўпқиррали, ажойиб сўз.

4. Реалистик умидлар

Ўзининг «Данияликлар каби бахтли бўл» китобида Малин Рюдал халқининг бахт рецепти билан ўртоқлашади. Энг муҳим сирлардан бири, дея у халқнинг реалистик, амалга оширса бўладиган умидларни шакллантириш қобилиятини тилга олган, бироқ бу ҳолда ҳам инсон орзу қилиш ва ўз олдига катта мақсадлар қўйишдан оғишмаслиги керак, дейди. Лекин ўйлаб кўринг, сиз ўзингиздан ҳам, атрофингиздагилардан ҳам қандайдир катта нарса истаганингиз учун умидларингиз чиппакка чиқиб, неча марта кўнглингиз ғаш бўлган? Бинобарин, дўстларимиз ва яқинларимиздан қандайдир бажариш қийин нарсаларни умид қилмасаккина хурсанд бўлиб юриш учун сабабларимиз кўпаяверади. 

Ўзингизни бошқалар билан солиштиравериш ҳам бахт сари энг яхши йўл эмас. Ижтимоий тармоқлардан тўхтовсиз ахборотлар ёпирилаётган асрда кўпинча нимагадир улгурмаётгандек, янада яхшироқ, сифатлироқ яшаш мумкиндек туюлади — эҳтимол, баъзан бу пойгани тўхтатиб, ўзимизда мавжуд нарсалар билан қувонишни ўрганиш керакдир. Скандинавлар ўзига нисбатан камроқ натижаларга эришганлар билан таққосланиш самаралироқ, деб ҳисоблашади, лекин шу ҳолда ҳам улар ҳеч қачон ўзларини ўзгалардан баланд қўйишмайди.

Мавзуга оид