Жаҳон | 22:24 / 05.07.2024
5306
2 дақиқада ўқилади

Скандинавиянинг энг йирик банки Россияга тегишли 4 млрд долларни ювиб берганликда айбланмоқда

Дания ҳукумати Скандинавиядаги активлари бўйича энг йирик бўлган Финландиянинг Nordea банк гуруҳига Россиядан келган «ифлос» пулларни ювиб берганлик айбловини қўйди.

Фото: Wille Öhgren (CC BY-SA 4.0)

Danmarks Radio’нинг хабар беришича 26 млрд Дания кронаси (ёки 2,5 млрд евро/3,75 млрд доллар) маблағ фин банкининг Даниядаги шуъба бўлимига 2012 йилдан 2015 йилгача ўтказилган ва «кўпсонли» россиялик мижозлар билан боғланган.

Nordea’га қарши айбловни Дания полициясининг жиноятчиликка қарши курашувчи махсус бўлинмаси (National Unit for Special Crime, NSK) илгари сурган. Иш мамлакатнинг молиявий тартибга солувчи ташкилоти (Financial Supervisory Authority, FSA) томонидан маъқулланганидан сўнг судга ўтказилади.

Аниқланган Nordea томонидан пул ювиш ҳолати Дания банк секторидаги энг йириги ҳисобланади, дейилади NSK релизида. Идоранинг қўшимча қилишича, банк Копенҳагендаги офиси орқали россиялик мижозлари операциялар устидан «адекват назорат» ўрнатишга ожиз бўлган, шунингдек Дания ҳукумати «огоҳлантиришларини эътиборсиз қолдирган». Мамлакат молиявий назорат органи Nordea’нинг шубҳали операциялари борасида полицияга 2016 йилдаёқ мурожаат қилган.

Nordea Россияда 1994 йилдан бошлаб ишлай бошлаган, 2010-йилларда эса унинг Россиядаги шуъбаси мамлакатнинг топ-30 банклари сирасига кирган. Қрим аннексия қилингач ва ғарб санкцияларининг биринчи тўлқинидан сўнг фин гуруҳи секин-аста Россиядаги бизнесини йиғиштира бошлаган, 2020 йилга келиб Россиядаги шуъба бўлимини ёпишга қарор қилган.

Nordea манзилига айблов Шимолий Европа банклари орқали Россия пулларини ювиш билан боғлиқ энг йирик можаро бўлди. 2018 йилда Россия ва собиқ иттифоқ фуқаролари билан боғлиқ шубҳали транзакциялар Эстониянинг Danske Bank бўлимида ҳам аниқланган эди.

2022 йилнинг декабрида банк фирибгарлик операцияларида айби борлигини тан олди ва АҚШ, Дания ва Эстония ҳукуматларининг эътирозларидан қутулиш учун 2 млрд доллар жарима тўлаган эди.

Мавзуга оид