Путин ва Эрдўған Сочида нималарни муҳокама қилишди?
Сочида Россия ва Туркия президентлари Владимир Путин ҳамда Ражаб Тоййиб Эрдўған ўртасида учрашув бўлиб ўтди ва у уч соатдан ортиқ вақт давом этди.
Шундан сўнг икки мамлакат етакчилари матбуот анжуманида журналистлар олдида баёнот беришди. РИА "Новости"га кўра, музокараларнинг асосий мавзулари - икки томонлама муносабатлар, терроризм билан кураш ва Яқин Шарқдаги вазият.
Икки томонлама муносабатлар
Муҳокаманинг асосий мавзуларидан бири икки томонлама муносабатлар бўлди. Путиннинг сўзларига кўра, Россия ва Туркия кўп тармоқли ҳамкорликни мустаҳкамлаш тарафдори.
"Туркия Россиянинг муҳим ва истиқболли ҳамкори ҳисобланади. Ҳаммага маълумки, бироз вақт аввал бизнинг икки томонлама муносабатларимиз синовдан ўтди. Ҳозир ишонч билан айтиш мумкинки, Россия-Туркия муносабатларидаги тикланиш даври ниҳоясига етди. Биз ўзаро ҳамкорликнинг нормал ҳолатига қайтдик", - деди Путин.
У май ойининг охирида икки томонлама муносабатлар асосидаги рус-турк келишувига 25 йил тўлишини ёдга солди.
Россия раҳбарининг сўзларига кўра, икки мамлакат ҳукумат аъзолари ҳамда етакчи энергетика компаниялари раҳбарларининг музокаралари давомида томонлар Россия ва Туркиянинг 2017-2020 йиллар учун Ҳамкорлик дастурининг бажарилиш жараёнларини батафсил ўрганиб чиқишган.
Путиннинг айтишича, иқтисодий соҳадаги ҳамкорлик, савдо ва инвестиция алмашинувини кенгайтиришга ҳалақит берувчи чекловлар ва тўсиқларнинг олиб ташланишига алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек учрашув иштирокчилари ўзаро ҳисоб-китобларни миллий валютага ўтказиш имкониятларига ҳам тўхталиб ўтишди.
Шунингдек Москва Туркиядаги "Аккую" АЭС қурилишига 22 миллиард доллар сармоя қилаётгани таъкидланди.
Раҳбарлар баёнотига кўра, ўзаро савдо кўрсаткичларининг пасайишини тўхтатишга муваффақ бўлинган. Путин 2017 йилнинг биринчи ойлари "ўзаро товар айирбошлаш тахминан 3 фоизга ўсгани"ни қайд этди.
Бундан ташқари, РФ президенти икки давлат ўртасидаги савдо чекловлари бекор қилинганини таъкидлади.
Эрдўған, ўз ўрнида, Путинни май ойида Туркияда бўлиб ўтадиган Қора денгиз иқтисодий ҳамкорлиги ташкилотининг саммитига таклиф қилганини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, икки томон ҳам мамлакатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш йўлида кучли иродани намоён қилмоқда.
"Умид қиламанки, мамлакатларимиз томонидан олиб борилган ўзаро маслаҳатлашувлар ва қабул қилинган қарорлар давлатларимиз, минтақа ва бутун инсониятга фойда келтиради", - деди турк раҳбари.
Хавфсизлик ва терроризм билан кураш
Шунингдек Владимир Путин Туркиядаги сайёҳлар хавфсизлиги масаласига ҳам тўхталиб ўтди ва "май байрамларида хорижга дам олишга йўл олган россиялик сайёҳларнинг учдан бири айнан Туркияни танлагани"ни эслатиб ўтди.
"Шу боис Россия фуқароларини ишончли хавфсизлик билан таъминлаш принципиал муҳим аҳамиятга эга. Россиянинг тегишли идоралари бу масалада турк махсус хизматларига ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр. Махсус хизматлар ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда", - дея таъкидлади президент.
Путиннинг сўзларига кўра, "глобал ва минтақавий кун тартибида халқаро терроризм билан курашга катта эътибор қаратилди". Хусусан, Москва ва Анқара аксилтеррор ҳаракатлар бўйича идоралараро маслаҳатлашувларни давом эттиришади.
Эрдўған, ўз навбатида, унинг Путин билан ўтказган музокаралари натижалари бир неча кундан кейиноқ ўз самарасини беришига ишонтирди. У Туркия терроризмга қарши курашда Россия билан бирга эканини айтди.
"Террор чегара билмайди. Москва, Истанбул, Брюссель, Кобул ёки Париждаги терактлар ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ... Террорчи ташкилотлар, номи ва мафкурасидан қатъи назар, инсониятнинг умумий душмани ҳисобланади", - деди турк раҳбари.
Суриядаги вазият
Томонлар музокаралар давомида Суриядаги вазиятга ҳам муҳим эътибор қаратишди. Шуниси қизиқки, Эрдўған музокаралар натижаси борасида баёнот бераётиб, рус халқ мақолини келтирди.
"Менга жуда хуш келувчи бир рус мақоли бор: "Кимнинг қаери оғриса, шу ҳақида гапиради", - деди у Суриядаги қуролли тўқнашувлар Россия учун ҳам, Туркия учун ҳам "оғриқли нуқта" эканини қўшимча қилар экан.
Икки раҳбар ҳам Хан-Шайхундаги кимёвий қурол билан боғлиқ воқеалар айбдорлари жазоланиши керак, деган фикр билдиришди.
Шунингдек етакчилар Сурияда деэскалация зонасини яратиш масалаларини муҳокама қилишди, улар ўқ узишни тўхтатиш режимини мустаҳкамлайди.
"Биз жаноб президент (Эрдўған) билан Сурия муаммоси фақатгина сиёсий-дипломатик воситалар билан таъминланиши мумкинлиги борасидаги нуқтаи назарга таянамиз. Эслатиб ўтаман, асосан Россия, Туркия ва Эроннинг фаол ҳаракати туфайли нафақат Сурия ҳукумат ҳарбийлари ва қуролли мухолифат ўртасидаги ҳарбий тўқнашувларни тўхтатишга, балки уларни Остонада музокаралар столи атрофига йиғишга эришилди", - деди Путин.
У "қон тўкилмаётганининг ўзи - зиддиятга бораётган томонлар ўртасида сиёсий мулоқот бошлашнинг асосий шарти" эканини таъкидлади.
Мавзуга оид
20:43 / 13.11.2024
«Мосфильм» киностудияси ўз омборидаги танкларни Россия армиясига топширди
22:15 / 12.11.2024
ОАВ: Путин Трампнинг инаугурациясигача Курскни қайтаришни буюрди
13:11 / 12.11.2024
Сиёсатшунос Галлямов: Трамп Путин учун тузоқ қўймоқда
09:58 / 12.11.2024