Жаҳон | 13:11 / 12.11.2024
8669
3 дақиқада ўқилади

Сиёсатшунос Галлямов: Трамп Путин учун тузоқ қўймоқда

Доналд Трамп нефт нархини пасайтириш орқали Кремлга стратегик мағлубият келтириши мумкин, деб ёзади Владимир Путиннинг собиқ спичрайтери, сиёсатшунос Аббос Галлямов.

Фото: DW

АҚШ янги президенти Доналд Трампнинг Россия Федерациясига нисбатан сиёсати унинг рақиблари ва тарафдорлари тасаввур қилганидан ҳам мураккаброқ бўлиши мумкин. Оқ уйга янги жамоа келганидан кейин Москва учун эҳтимолий «сюрпризлар» сиёсатшунос Аббос Галлямовнинг 11 ноябр, душанба куни «Можем объяснить» интернет нашрида чоп этилган мақоласида муҳокама қилинди.

2008-2010 йилларда ўша пайтдаги Россия Федерацияси бош вазири Путиннинг спичрайтери бўлиб ишлаган Галлямов шундай ёзди: «Трамп Россия президенти қандай шахс эканлигини тушунади. Уни ошкора чақириқ ташлаш орқали ғазаблантириш керак эмас. Трампнинг Украина ёки унинг демократияси билан иши йўқ, шунинг учун бу қисмда таслим бўлиш унинг учун муаммо эмас. Ғазабга сабаб бўлмаган, қаршилик кўрсатиш қобилияти йўқ жойда ҳаракат қилиш анча самарали бўлади».

«Трамп нефтнинг жаҳон нархларини пасайтириш ниятида»

Трамп жаҳон бозорида нефт нархини пасайтириш ниятида, дейди эксперт. Унинг таъкидлашича, «бу Россия режими учун ҳақиқий фалокат бўлади». Ўтган асрнинг 80-йилларида совет ҳокимияти қулаши сабабларидан бири айнан энергия ташувчилар нархининг пасайиши эди.

«Мен Трамп атайлаб Путинни ўзига тортмоқчи бўлган тузоқ қурмоқда, деб айтмаяпман, - дейди Галлямов. - Эҳтимоли, бу тасодифан юз бермоқда. Бироқ, тузоқ кўриняпти. Махсус ҳарбий операция тугаши, нефт нархининг пастлиги Россия Кремли учун жиддий ички сиёсий хавфларни келтириб чиқаради». 

Сиёсатшуноснинг таъкидлашича, ҳарбий муваффақиятсизликлар ва исроф қилинган қон ҳисси одатда погондаги кишиларни содир бўлган воқеаларда сиёсатчиларни айблашга ундайди. Унинг фикрича, агар мамлакатда бирлаштирувчи омил бўлмаса, турмуш даражаси пасайса ва ривожланиш стратегияси ишлаб чиқилмаса, ҳарбийлар ва ҳокимият ўртасидаги муносабатларда инқироз деярли муқаррар бўлиб қолади. Путин назарий жиҳатдан муаммони янги уруш бошлаш орқали ҳал қилишга уриниши мумкин, дейди Галлямов, бироқ нефт нархининг ниҳоятда пастлиги ҳисобга олинса, у буни уддалай олмайди.

Мавзуга оид