Жамият | 12:50 / 13.05.2017
25638
8 дақиқада ўқилади

Тожикистондаги ягона ўзбек театри қандай яшамоқда?

Фото: News.tj

Сўғд вилоятининг Спитамен туманида Тожикистондаги ягона ўзбек театри фаолият кўрсатмоқда, бироқ у ҳақида Интернетда бирор маълумот топа олмайсиз, деб ёзади Тожикистоннинг «Азия Плюс» сайти.

Театрда либосларни ўзлари тикишади, спектакллар учун реквизитларни ҳам ўзлари ясашади; актёрлар бирин-кетин пенсияга кузатилмоқда, театрда ёш мутахассислар эса анчадан буён йўқ. Бироқ Тожикистондаги ўзбек театри ўз спектакллари билан зални томошабинларга тўлдирмоқда, чунки пьесаларнинг мавзуси жамиятнинг энг долзарб муаммоларини, масалан, экстремизм ва терроризмни қамраб олган.

Тожикистон шимолининг ичкарисида жойлашган ягона ўзбек театри қандай яшаётганини «Азия Плюс» сайти «Открытая Азия онлайн»даги ҳамкасблари билан ўрганиб чиқди.

Тожикистоннинг Сўғд вилояти, Спитамен туманида 80 йилдан буён фаолият кўрсатаётган Шукур Бурҳонов номидаги ягона ўзбек давлат драма театри ҳақида интернетдан маълумот топиш жуда қийин. Электрон энциклопедияларда ҳам театрнинг мавжудлиги ҳақида бир-икки сатр битилган, холос, бундан ортиқ бирор маълумот йўқ.

Ўтган ой Душанбеда «Парасту-2017» театр фестивали ўтказилганда ушбу театр жамоаси пойтахтда тожик драматурги Нарзулло Шариповнинг замонавий «Доғ» спектаклини қўйиб беришди. Пьесада терроризм ва экстремизм масаласи кўтарилган бўлиб, тожик театр арбобларининг яхши тақризларига эга бўлган эди.

«Яхши спектакль, бу долзарб муаммо ҳақида фақат ўзбек театри оғиз очди, — дейди Тожикистон ССР собиқ маданият вазири, хизмат кўрсатган артист, профессор Тамара Абдушукурова. – Театр жамият кўзгўси бўлмоғи лозим ва фестивалда ўзбек театри айнан мана шуни акс эттирди. Актёрлар ролларни сидқидилдан, аъло даражада ижро этишди ва омманинг ҳиссиётини қўзғата олишди».

Ўз спектакли учун ўзбек театри Душанбе фестивалида совринли ўрин олгани йўқ, гарчи театрчилар бир-бирлари билан пичирлашганда, бу иш бекор бўлгани — ҳар қандай мукофот актёрларга қўшимча куч бахш этиши мумкинлигини айтишган эса-да.

«Мен бу театрининг режиссёри билан гаплашдим, у ёш актёрлар анчадан бери келмаётганини айтиб ўтди, — дея давом этади Абдушукурова, — лекин ушбу ўзбек театри ўз вақтида Тожикистонда театр санъатининг равнақ топишида катта ҳисса қўшган, чунки улар тожик драматургларининг пьесаларини ўзбек тилида намойиш этишган. Ушбу театрни албатта сақлаб қолиш керак».

Бу театрда нималарни сақлаб қолишга улгуриш мумкинлигини билиш учун Спитаменга йўл олдик.

 

«Театрдан бошқа қаерга ҳам борардик?»

Қачонлардир Спитамен тумани Нов тумани, деб аталарди ва у шаҳар типидаги қўрғон ҳисобланарди. Ҳозир ҳам у нисбатан ривожланган ҳудуд: бу ерда савдо-сотиқ қизғин, кўчалар енгил автомобилларга тўла; атрофдаги далаларга шоли ва пахта экилган. Кўчада ўтиб бораётганлардан ўзбек театри қаердалигини сўраймиз, биринчи бўлиб учраган киши унинг аниқ жойини кўрсатиб юборади.

— Ҳа, марказда, ҳукумат биноси ёнгинасида, дарров топасизлар. Театримиз яхши, — дейди бир эркак.

— Театрга тушиб турасизми? — сўраймиз ундан. 

— Албатта, борамиз, ҳамма боради, бутун туманимиз. Театрдан бошқа қаерга ҳам борардик? — дейди у.

Театрни ростдан ҳам адашмай топиб бордик, унинг маъмурияти ўз иш жойида, театр даҳлизида бир тўда талабалар шовқин-сурон кўтариб туришибди.

«Булар ҚВЗчилар, — тушунтиради бизга ўзбек театрининг директори Абдуқодир Яҳёев. — Улар бизнинг саҳнамизда репетиция қилишади, биз ҳар куни ҳам спектакль қўймаймиз, шу сабабли саҳнани болаларга шуғулланиш учун бериб турамиз».

Бу ердаги барча спектакллар ўзбек тилида қўйилади, чунки Спитамен тумани аҳолининг аксарияти ўзбеклар, қўшни давлат чегараси жуда яқин. Лекин спектакллар бу масканда тез-тез қўйилмайди, ойига икки марта, гарчи томошабинлардан муаммо бўлмаса ҳам.

«Ҳар бир спектакль албатта зални тўлдиради, бизнинг чиқишимизни кутишади ва севишади, спектаклларни тез-тез қўйишга иложимиз йўқ, лекин ҳаракат қилмоқдамиз, — дейди Яҳёев. — Январь ва февраль ойида кўпроқ чиқиш қиламиз, чунки болалар учун янги йил томошалари бўлади».

 

«Бор-йўғи етти актёр қолган»

Абдуқодир Қаҳҳорович биз учун бино бўйлаб кичикроқ экскурсия ташкил қилиб берди, бир неча йиллардан буён театр холлида сақланаётган эски афишалар, эски бўлса ҳам шинамгина томошабинлар зали, оқ мато тўшалган пастаккина саҳнани кўрсатди.

«Бу эса театримизда ишлаган актёр ва режиссёрлар. Бу томонда бизни тарк этган инсонлар ёки нафақага кузатилганлар; бу ерда эса ҳамон биз билан ишлаётган мутахассислар», — дейди у, холл деворларига осилган портретларни таништирар экан.

Бу ерда ишлаб кетганларнинг портретлари жуда кўп, ишлаётганларники эса жуда кам қолибди.

«Бор-йўғи етти нафар актёримиз қолди, — дейди Яҳёев, — уларнинг ўртача ёши 60 дан ошади, ёшлар билан ишлашга ҳаракат қилмоқдамиз, ҳаттоки иқтидорли ёшларни атайлаб ўқитишга ҳаракат қилдик, лекин уларнинг бирортаси профессионал эмас, ҳаваскор. Келишганида саҳнада юришни ҳам билишмасди, лекин жуда тиришқоқ йигитлар. Кейинчалик нима бўлишини, очиғи, билмайман».

Директорнинг ҳикоя қилишича, совет даврларида мутахассисларни етказиб берувчи бош маскан Тошкент, тўғрироғи, Ўзбекистон пойтахтидаги театр ва рассомчилик институти бўлган. Иқтидорли ёшлар учун Нов туманида танловлар эълон қилинган, энг яхшилари танланиб, ўқишга жўнатилган. Ўзбекистондаги олий ўқув юритини тугатгач, ёш мутахассислар шу театрга ишлашга келишган.

«Лекин анчадан бери бу нарсага чек қўйилган», — дейди Яҳёев.

Ҳозир театр актёрлари ўзларига ўзлари либослар тикишади, спектакллар учун реквизитларни ҳам ўзлари тайёрлашади. Бу йил театр репертуари замонавий драматургларнинг икки янги спектакль билан бойиди, бироқ мумтоз спектакль бу ерда сўнгги марта 2010 йилда қўйилган экан; ундай спектаклни қўйиш энди оғирлик қилади.

«Лекин биз сабот билан ишламоқдамиз, мухлисларимиз ҳам ёрдам беришяпти, мен ушбу театрда ишлаб бошлаганимга 35 йил бўлди, — дейди директор. — Икки йилда бир марта Душанбеда ўтадиган «Парасту» театр фестивалига бориб келамиз, пойтахтдаги мухлисларга ҳам ёқсак керак. Масалан, Тамара Махсумовна Абдушукурова спектаклимизда кўзига ёш олди, демак, спектаклимиз ўхшаган».

Тамара Махсумовна эса чиндан ҳам ушбу театр учун жон койитмоқда.

«Уларнинг Душанбеда қўйган спектаклидан сўнг мен бу театрга ёрдам беришларини сўраб, маданият вазирлиги вакилларига мурожаат қилдим, — дейди Абдушукурова. — Ҳозир Ўзбекистон билан муносабатларимиз мутлақо янги даражага кўтарилмоқда, маданият вазирлиги ва Сўғд вилоят раҳбарияти бизнинг актёрларимизни Тошкентда ўқитиш тизимини тиклаш учун қўшниларимизга мурожаат қилишлари лозим, деб ўйлайман. Биз ушбу театр жамоасини сақлаб қолишимиз керак, ахир бу Тожикистон миқёсидаги уникал театр ва ўзбек томошабинлари учун ягона маскан. Унга ҳозироқ етарли эътибор бермасак, уни йўқотиб қўямиз, деб қўрқаман».

Суратлар манбаси: News.tj

Мавзуга оид