Жаҳон | 11:33 / 14.05.2017
12062
5 дақиқада ўқилади

Путин: «Бир макон, бир йўл» тинчлик, барқарорлик, равнақ ва янги ҳаёт даражасини таъминлаши керак

Фото: twitter.com/@RT_russian

Хитой пойтахти Пекинда 14–15 май кунлари халқаро ҳамкорлик бўйича «Бир макон, бир йўл» олий даражали форум ўтказилмоқда. Унда 29 давлатнинг президент ва бош вазирлари, жумладан, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этмоқда.

Хитой 2013 йилда Евроосиё давлатлари ўртасида инфраструктурани яратиш ва ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилган, иқтисодий ривожланишнинг «Бир макон, бир йўл» янги стратегияси ҳақида эълон қилган эди. Бу стратегия ривожланишнинг икки муҳим йўналишини қамраб олади: Ипак йўли иқтисодий камари ва денгиз Ипак йўли. Гап имтиёзли шартларда Шарқдан Ғарбга тўғридан-тўғри маҳсулотлар жўнатиш учун савдо йўлагини яратиш ҳақида бормоқда.

Россия президенти Владимир Путин форумда чиқиш қилар экан, ШҲТ, ЕОИИ, Ипак йўли салоҳиятини бирлаштириш Евроосиё ҳамкорлиги учун асос бўлишини таъкидлаб ўтди.

«Фикримча, ЕОИИ (Евроосий иқтисодий иттифоқи), «Бир макон, бир йўл», Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Жанубий-шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси каби форматларнинг салоҳияти бирлаштирилса улкан Евроосиё ҳамкорлиги учун асос яратилиши мумкин», — деди Путин.

«Умуман олганда, эски ёндашув мантиғи билан замонавий муаммоларнинг бирортасини ечиб бўлмайди. Янги, стереотиплардан холи ғоялар керак. Аминманки, Евроосиё сермазмун ва позитив кун тартибини ишлаб чиқиб, таклиф этишга қодир. Бу хавфсизликни таъминлашга, давлатлар ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришга; иқтисодиёт, ижтимоий соҳа, бошқариш тизимини ташкил қилиш, ўсишнинг янги ҳаракатга келтирувчи кучларини излаб топишга ҳам тааллуқли», — деди у.

ЕОИИ доирасидаги инфраструктуравий лойиҳалар ва «Бир макон, бир йўл» ташаббуслари Шимолий денгиз йўли билан биргаликда Евроосиё материгининг принцип жиҳатидан янги транспорт конфигурацияисини яратиши мумкин, — дея таъкидлади Владимир Путин.

«Интеграция учун инфраструктуравий чекловлардан воз кечиш керак ҳамда аввало замонавий, бир-бирига боғланган транспорт йўлаклари тизимини барпо этиш керак. Россия ўзининг уникал географик жойлашуви билан ҳамкорликдаги бундай ишларга тайёр. Биз секин-аста денгиз, темир йўл, автомобиль инфраструктурасини модернизация қилмоқдамиз, Байкал-Амур, Транссибир магистралларининг ўтказиш қобилиятини кенгайтирмоқдамиз», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, «глобал миқёсда рақобатбардош транспорт томирига айланиши» учун Шимолий денгиз йўлини яратиш ишига катта ресурслар жалб этилмоқда.

Путиннинг қўшимча қилишича, Инфраструктуравий лойиҳаларни амалга ошириш учун жиддий хусусий инвестициялар талаб этилади. «Шу сабабли инвесторлар учун ўринли, тушунарли, қулай, олдиндан айтиб бўладиган иш шароитлари яратиш, энг яхши тажрибалар билан алмашинувни йўлга қўйиш муҳим, — деди РФ президенти. Унинг қайд этишича, яқинда яратилган БРИКС банки, Осиё инфраструктуравий инвестициялар банки каби молия институтлари ҳам инвесторлар билан ишлаши керак. «Албатта, сифатли интеграция фақат кучли инсоний капиталга таянибгина мавжуд бўлади», — деди Путин.

Евроосиё ҳамкорлигининг келажаги минтақанинг сиёсий ва иқтисодий кенгликларини ўзгартириши керак, дея таъкидлади Россия президенти.

«Россия Евроосиё ҳамкорлигининг келажагини нафақат давлатлар ва иқтисодиётлар ўртасидаги янги алоқаларни йўлга қўйиш сифатида кўради, у сиёсий ва иқтисодий кенгликларни ўзгартириши, Евроосиёга тинчлик, барқарорлик, равнақ ва янги ҳаёт даражасини келтириши керак», — деди Пекиндаги форумда чиқиш қилган Путин.

У инсонларга тушунарли нарсалар: «Хавфсизлик, эртанги кунга ишонч, меҳнат қилиш ва ўз оиласининг фаровонлиги ошириш имконияти» кераклигини таъкидлаб ўтди. 

«Бундай имкониятларни тақдим этиш — бизнинг умумий бурчимиз ва масъулиятимиз ҳисобланади. Бу нуқтаи назарда улкан Евроосиё асло абстракт геосиёсий схема эмас, балки бирор муболағасиз келажакка интилган цивилизацион лойиҳа ҳисобланади», — деди Россия етакчиси.

У лойиҳа албатта амалга оширилишига ишонаётганини таъкидлаб ўтди.

Мавзуга оид