Ўзбекистон | 20:30 / 15.05.2017
84250
4 дақиқада ўқилади

6 йил сувсиз. Наманганда асрга хос бўлмаган манзаралар

Кун.uz мухбирлари ўтган ойда Наманган вилоятида бўлганди. Сафар давомида вилоят ҳокими билан қатор масалалар бўйича суҳбат уюштирилди ва бир неча муаммоли мавзуларда лавҳалар тайёрланди.

Хусусан, Наманган шаҳри “Гўзал” массиви Меҳнатобод маҳалласи Баҳористон кўчасида яшовчи аҳоли вакиллари бир неча йилдан бери тоза ичимлик суви йўқлигидан қийналиб келаётганини хабар қилишганди. Фуқаролардан бири аҳоли номидан 4-5 марта мутасадди раҳбарларга мурожаат қилса ҳам, вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров қабулига икки маротаба кириб ҳам ушбу муаммога ечим топа олмаган. 

Вазиятни янада ойдинлаштириш учун Баҳористон кўчаси аҳолиси билан суҳбатлашилди. Сув билан боғлиқ муаммо жуда ҳам долзарб эканлиги ойдинлашди. Маҳалла раиси 5-6 йилдан бери бу борада биронта иш қилмаган.

“6 йилдан бери шу шароитдамиз. Қўшни маҳалладан тушган қувурдан кунига 2-3 марта сув оламиз, у ҳам мана бугун келмади. Адирдан ариққа тушган сувни тиндириб ишлатишга мажбурмиз”, - дейди маҳаллий аҳоли вакили. 

Сайт вакиллари шаҳар қоқ марказида жойлашган ушбу кўчага 150 метрлик сув қувури тортиб келиш нега бу қадар долзарб муаммо бўлаётгани, мутасадди раҳбарлар нима учун фуқаролар мурожаатига беэътиборлиги билан ҳам қизиқди.

“Сувоқава” ДУК Наманган шаҳар филиали раҳбари мазкур масаланинг ечими вилоят “Сувоқава” раҳбари билан боғлиқлигини маълум қилганидан сўнг, кейинги манзил ана шу раҳбар - Аюбхон Аппақовнинг қабули бўлди. 

“Сувоқава” ташкилоти биринчи фаолияти шундан иборатки, сув тармоғи бўлса етказиб берадиган, уни тортадиган ташкилот эмас. Тармоқ тортадиган ташкилот бор. Вилоят ҳокимлигининг “Инженеринг” компанияси бор. Давлат дастури асосида қанча тармоқ тортилиши белгиланадиган бўлса, шу тармоқнинг тендерини ўтказиб, уни тортиб, бизга топширади, сўнг биз унга сув етказиб берамиз. Биз тармоқ етиб борган жойда сув билан таъминлаш учун жавобгармиз. Етиб бормаган жойлар учун бизнинг техникамиз бор, ҳокимнинг жадвали бор, унинг асосида қаерда тасдиқлаб берилган бўлса, ўша жойга транспортни етказиб берамиз”, - дейди Аппақов. 

Унинг айтишича, ҳозирда бу ҳудудга Навоийдан қувур тортилмаяпти, сабаби биронта қурилиш йўқ. “150 метр қувур учун Навоийдан транспорт келмади. Келган тақдирда ҳам бизга 1 500 километрликдан ортиқроқ пулга тўғри келади”, - дейди “Сувоқава” раҳбари. 

Узоқ баҳс-мунозаралардан сўнг раҳбар 150 метр қувур келиши билан сув муаммосини ҳал қилишга розилик берди. Бироқ шу арзимаган 150 метрлик қувурнинг йўқлиги сабаб маҳалла аҳолиси бир неча йиллардан бери тоза ичимлик сувисиз қолиши ҳайратланарли.

Аммо муҳими берилган ваъда охир-оқибат бажарилди. Бир муаммо ўз ечимини топди. Бугун Баҳористон кўчасида истиқомат қилувчи аҳоли мутасадди раҳбарлардан миннатдор. Сувга ташна қоракўзлар энди хурсанд. Бироқ, ҳудудда бошқа қатор муаммолар ҳам борки, улар ўз ечимини топиши шарт.

Хусусан, электр энергияси, газ муаммолари ҳам кўп туманлар сингари яхши эмас. Аҳоли газ йўқлигидан тезак, ўтин сотиб олишга мажбур бўлади.

Маҳалладаги оилаларнинг фарзандлари совуқ қиш кунларида тез-тез касал бўлишади, боғча йўқлиги туфайли ёш болалар кунни ҳовлида тупроқ ўйнаб ўтказишади ва яна касал бўлишади.

"Шифохона бор. Шифохонага мижозлар бор", дея аччиқ кулгига олинади бу ҳолат.

Ахир бирламчи эҳтиёжларни таъминлаш ҳар бир мутасадди амалдор учун энг асосий вазифа бўлиши керак эмасми?

Мавзуга оид