Ўзбекистон | 16:05 / 19.05.2017
12084
3 дақиқада ўқилади

Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистондаги меҳнат муҳофазаси билан қизиқди

Жорий йилнинг 15-16 май кунлари Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича Бюроси меҳнат инспекцияси ва меҳнат муҳофазаси бўйича бош мутахассиси Валентин Моканунинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида уч томонлама ҳамкорлар билан учрашув ва семинар ўтказилди.

Жумладан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация¬сида В.Мокану ва ХМТнинг Ўзбекистондаги бош техник маслаҳатчиси Антон Хаузен иштирокидаги учрашувда Федерация Кенгаши Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими ва тизимдаги мутахассислар иштирок этди.

Унда асосий эътибор республикада амал қилаётган Бош келишув асосида қабул қилинган «Меҳнат шароитлари ва муҳофазасини яхшилаш бўйича ҳаракатлар дастури» доирасида амалга оширилган ишларга қаратилди.

В.Мокану уч томонлама ҳамкорлик Ўзбекистонда юқори даражада йўлга қўйилганини эътироф этди. Шунинг¬дек, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида қабул қилинган меъёрлар, уларнинг корхоналарда татбиқ этилиши бўйича олиб борилаётган фаолият билан қизиқди. Учрашувда Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирда қабул қилинган «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонуни ва унда касаба уюшмаларининг ўрни ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Бундан ташқари, иш берувчилар ва ходимлар вакиллик органларининг ижтимоий ҳамкорликдаги самарали тизими, ходимларга яратилган хавфсиз меҳнат шароити, бошланғич ташкилотлардаги меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар фаолияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.

16 май куни ўтказилган уч томонлама ҳамкорлар ¬иштирокидаги семинарда ¬В.Мокану меҳнатни муҳофаза қилиш бошқарув тизимининг фундаментал принциплари, меҳнат гигиенаси ва хавфсизлиги асослари, бу масалаларга ХМТнинг стратегик муносабати ҳақида маърузалар қилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасида меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича миллий умумлашма маълумот тайёрлаш жараёни муҳокама қилинди. ХМТга аъзо давлатларда миллий умумлашма маълумотлар янгиланиши бўйича ижобий тажриба билан ўртоқлашилди.

Семинарда соҳа мутахассисларининг ўз тажрибаларига оид маърузалари қизғин баҳс-мунозаралар билан ўтди.

Ўтказилган тадбирлар якунида В.Мокану Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган ишлар бошқа давлатларга намуна бўлиши мумкинлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Мавзуга оид