Жамият | 17:30 / 24.05.2017
10803
2 дақиқада ўқилади

Фарғоналик аёллар спорт машғулотларида мунтазам қатнашмоқда

Cпорт саломатлик гарови. Инсон қайси ёшда бўлмасин спортга ошно бўлса, саломатлиги мустаҳкам, кайфияти чоғ бўлади. Ўзбекистон анъанавий таэквондо федерацияси Фарғона вилоят қошида ташкил этилган кекса аёллар учун соғломлаштириш клуби аъзолари ана шу тамойилни амалда исботлай олганлардан.

Ҳафтанинг 3 куни давомида спорт клуби кекса бувижонлар билан гавжум. Қолаверса, бу ерда 45 нафар аёл уй юмушларидан ортиб, машғулотларда иштирок этишга интилмоқда. Уларнинг аксарияти вилоят миқёсида ташкил этилаётган мусобақаларда ҳам нуфузли натижаларга эришмоқда.

55 ёшдан 82 ёшгача бўлган дуогўй бувижонлар ҳам ёшлардек шижоат билан спорт машғулотларида қатнашмоқда. Шу кунга қадар ана шундай бувижонларнинг 200 нафари спорт клубидан миннатдор бўлишди. Негаки, бу ердаги жисмоний ҳаракатлар туфайли улар бел ва оёқ оғриғи, остехондроз каби касалликлардан халос бўлмоқда.

Спорт клуби кекса авлод вакилларининг бўш вақти сермазмун ўтиши ва уларнинг саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутмоқда. Энг асосийси унинг бардавом фаолият юритишидан катта-ю кичик бирдек манфаатдор.

Мавзуга оид