Спорт | 09:20 / 29.05.2017
12130
3 дақиқада ўқилади

«Энди бу тушга қайтиб бўлмайди» - Тоттининг хайрлашув учрашувидаги нутқи

«Афсус, бу кун етиб келди, бу кун ҳеч қачон келмаслигини истаган эдим. Охирги вақтларда мен ҳақимда айтилган ажойиб сўзлар... Ҳаммаси учун ҳаммага раҳмат!

Мен ақлсиздай йиғладим! 25 йилни шунчаки унутиб бўлмайди ахир. Ҳозир менга асло осон эмас, ҳаммага миннатдорчилик билдираман. Мен рафиқам билан бу 25 йил қандай ўтгани ҳақида гаплашдим...

Отамга, онамга, акамга, оиламга ва дўстларимга ташаккур. Рафиқам ва уч фарзандимга раҳмат! Сўзни шундан бошламоқчи эдим, чунки гапимни охирига етказа олмайман, деган ҳадик бор эди.

Кўнглимдан ўтаётган нарсаларнинг барчасини бир неча сўз билан изҳор қилиб бўлмайди. Буни шеър ёки поэма тарзида тақдим этишни истардим, аммо шеър ёзишни унчалик қойиллата олмайман. Мен барчасини оёқларим билан ўйин орқали етказишга ҳаракат қилдим. Шундай, ҳаммаси оддий кечади.

Биласизми, ёшлигимда нима ўйнашни севардим? Футболни! Ҳозиргача шундай. Аммо қачонлардир улғайишинг керак. Менга бу ҳақида кўп гапиришди, вақт ўз ҳукмини чиқариб бўлганини айтишди.

Фурсат етиб келди ва елкамдан туртиб, улғайганимни айтди. У эртадан бошлаб катта киши бўлганимни айтди: «Шортик ва бутсангни еч, — деди. — Энди катта эркаксан, майдон чимини ҳидлаш, адреналин ва байрамларни нишонлашдаги хурсандчиликларни бас қил».

Сўнгги ойларда ўз-ўзимга савол бердим: нега бу тушдан уйғонишим керак? Биласизми, ёшлигингизда ширин туш кўрасиз ва сизни онангиз уйғотади ва сиз мактабга боришингиз керак. Ўша тушга яна қайтгинг келади, аммо ҳеч қачон қайтиб бўлмайди.

Шу вақт давомида интервью бермаганим учун ва ниятларимни бўлишмаганим учун мени кечиринг. Чироқни ўчириш осон бўлмади. Энди мен қўрқяпман. Шунинг учун енгил қўрқувни ҳис қилишимга имкон беринг. Ҳозир сизнинг кўмагингизга муҳтожман.

Ҳозир жамоадаошларим, мураббийларим, клуб раҳбарияти ва ишқибозларга ташаккур айтишнинг айни вақти. Ҳаётимнинг 28 йилини «Рома»га бахшида этганимдан жуда бахтиёрман ва бундан фахрланаман. Сизларни севаман!» — дейди Тотти хайрлашув нутқида.

Мавзуга оид