Жаҳон | 21:03 / 02.06.2017
16097
2 дақиқада ўқилади

Путин барча давлатларни "геосиёсий ўйинлар"га чек қўйишга чақирди

Фото: ТАСС

Россия президенти Владимир Путин жаҳон иқтисодиёти олдида узоқ муддатли ишлар кўплиги, уларнинг "геосиёсий ўйинлар" ва "фитналар"га ўрин қолдирмаслигини айтди. Бу ҳақида Путиннинг "Петербург халқаро иқтисодиёт форуми-2017"даги сўзларига асосланиб, РБК нашри хабар берди. 

Россия президенти бутун дунё "катта цивилизацион чақириқлар"га тўқнаш келаётгани, инсон фаолияти ва табиий жараёнлар натижасида "сайёра экотизимига оғирлик тушаётгани"ни таъкидлади. 

Унинг сўзларига кўра, янги технологиялар ҳаёт тарзини ўзгартириш ва янги касбларни шакллантириш билан бирга янги таҳдидларни ҳам юзага келтирмоқда. Путин бу муаммоларнинг барчаси чуқур ўрганиш ва турли мамлакатларнинг ҳамжиҳатликдаги хатти-ҳаракатларини талаб қилади, деб ҳисоблайди. 

"Биз фитналар, зиддиятлар, геосиёсий ўйинларга куч ва вақтимизни сарфлашимиз керак эмас, бунга ҳаққимиз ҳам йўқ", - деди РФ президенти. 

Унинг айтишича, дунёдаги муаммоларни ҳал қилиш учун "донолик", ностандарт қарорлар ҳамда мамлакатлараро ҳамкорликнинг янги форматларини биргаликда қидириш керак бўлади. 

"Фақат биргаликда, кучларни бирлаштирибгина ҳозирги номувофиқликни енгиб ўтиш ва жаҳон иқтисодиётининг барқарор ўсишини таъминлаш, савдо ва ҳаққоний рақобатнинг адолатли қонунларини ишлаб чиқиш, қашшоқлик даражасини пасайтириш, терроризм, минтақавий можаролар, миллатчилик ва ксенофобиянинг тарқалишига қарши курашиш мумкин", - деди Путин.

Бу муаммоларни ҳал қилиш учун Россия БМТ ва ЖССТ салоҳиятидан фаолроқ фойдаланишни, шунингдек Петербург халқаро иқтисодий форуми майдонида махсус ёшлар секциясини яратишни таклиф қилди.

Мавзуга оид