Жамият | 17:48 / 03.06.2017
16025
2 дақиқада ўқилади

Видео: Apple Park қурилиши деярли поёнига етди

АҚШнинг Apple корпорацияси янги биносининг навбатдаги видеотасвирлари намойиш қилинди. Уни блогер Мэттью Робертс дрон ёрдамида суратга олган. Маълумки, Робертснинг видеолари 2016 йил мартидан анъанавийлик касб этган ҳамда улкан идора иншооти қурилишининг барча босқичларини намойиш этади. “Олма” компанияси Калифорниянинг Санта-Клара водийсида 71 гектарга чўзилган бош қароргоҳини қураётгани ҳақида аввал ҳам бир неча бор хабар қилинган эди. 

Видеодан кўриш мумкинки, Apple Park комплекси очилишга ва 13 минг нафар ходимни қабул қилишга ҳали тайёр эмас. Қуш парвози баландлигидан олинган видеотасвирларда қурилиш техникаларини, айлана шаклидаги машҳур бинонинг марказий ҳудуди яшил майдонга ҳануз айлантирилмаганини кўриш мумкин. 

Бинонинг қурилиш ишлари Стив Жобс раҳбарлигида бошланган эди. У мазкур лойиҳага кўплаб ғоялари ва новаторлик таклифларини билдирганди. Иншоот томига ўрнатиладиган 17 мВт қуёш электрстанцияси сабабли тўлиқ муқобил энергия манбасига эга бўлади. Шишали қурилиш конструкциялари, «кўринмас уланмалар», ҳудуднинг 4/5 қисми турли хил ўсимликлар билан қопланиши ва бошқа кўплаб жиҳатлари билан Apple Park комплекси замонанинг энг нодир биноларидан бирига айланади. 

Таъкидлаш жоизки, Apple корпорациясининг хариташунослик хизматида Apple Park комплексининг 3D тасвири аллақачон пайдо бўлган. Унда Стив Жобс номидаги мажлислар залини ҳам кўриш мумкин. Эҳтимол, бу йилги янги авлод iPhone телефонлари айнан шу ерда тақдим этилади.

Қизиғи шундаки, аввалроқ, янги Apple Park комплексининг айрим ҳудудида Стив Жобс ёшлигида иш бошлаган Hewlett-Packard компаниясининг идора бинолари ҳам жойлашган эди. 

YouTube-блогер Duncan Sinfield ҳам Apple Park қурилишига доир янги видеони ҳавола қилди. 

Мавзуга оид