Жаҳон | 14:18 / 08.06.2017
20400
2 дақиқада ўқилади

ОАВ араб давлатлари Қатарга қўяётган шартлардан хабар топди

Фото: Reuters

Саудия Арабистони, БАА, Миср ва бошқа араб давлатлари Қатар билан дипломатик алоқаларни тиклаш учун талаблари келтирилган рўйхатни тайёрлаган. Бу ҳақда The Wall Street Journal нашри ўз манбасига асосланиб хабар тарқатди.

Маълум бўлишича, бу давлатлар Қатардаги «Ал-Жазира» телеканали эфири ҳажми камайтирилишини (Бундан кўзланган мақсад, телеканал дастурлари Форс кўрфази ва араб дунёси манфаатларига зид келмаслигини таъминлашдир), экстремистик гуруҳларни ҳамда «Мусулмон биродарлар» ҳаракатини қўллаб-қувватлашни тўхтатишни талаб қилган.

Қайд этилишича, ушбу рўйхат ҳали якуний ҳолатга келтирилмаган. Бу рўйхат яқин вақтлар ичида тақдим этилиши кутилмоқда.

5 июнь куни Саудия Арабистони, Миср, Баҳрайн ва БАА Қатар билан дипломатик ва консуллик муносабатларини узганини эълон қилди. Улар расмий Доҳани террорчилик ташкилотларини қўллаб-қувватлаш ҳамда Яқин Шарқдаги вазиятни издан чиқаришда айблашди.

Кейинги кунлар давомида Ливиянинг шарқий ҳудудлари ҳукумати, Яман, Мальдив ороллари, Маврикий, Мавритания, Комор ороллари ва Жибути ҳам кейинчалик Қатар билан шундай йўл тутишди. Иордания Қатар билан муносабатлари даражасини камайтирди.

Саудия Арабистони Қатар билан қуруқликдаги алоқани тўхтатган. Қатар учун бу жиддий зарба бўлиши кутилмоқда. Амирлик озиқ-овқат маҳсулотларининг ярмини Саудия Арабистонидан оларди.

Мавзуга оид