Жаҳон | 15:48 / 14.06.2017
25561
7 дақиқада ўқилади

Путин НАТОга жавоб, Сноуден тақдири ва Украина ҳақида гапириб берди

Фото: Showtime/Komandir

Россия президенти Владимир Путин америкалик кинорежиссёр Оливер Стоунга берган интервьюсида НАТОга “мос жавоб”, Украинадаги вазият, АҚШ махсус хизматларининг собиқ ходими Эдвард Сноуден ва Россияда демократиянинг ривожи ҳақида сўзлаб берди. Стоуннинг фильми иккинчи қисми Showtime телеканалида намойиш этилди.

НАТОга жавоб

Путин НАТО ҳақида гапирар экан, Россия альянс хатти-ҳаракатига стратегик мувозанатни сақлаш учун мос жавоб қайтаришини билдирди.

"Биз учун бу ерда иккита хатар, Россия учун. Биринчиси – бу бизнинг чегараларга яқин ерда ракеталарга қарши мудофаа тизимининг жойлаштирилиши, иккинчиси эса – антиракеталарнинг ишга тушириш қурилмалари бир неча соат ичида зарба ракеталарини ўрнатишга қайта жиҳозланиши мумкин. Шарқий Европада, сувда, денгизда, кемаларда ўрнатилади, улар Ўрта Ер денгизи ҳамда шимолий денгизларда навбатчилик олиб боради, ҳаттоки Аляскада ўрнатишмоқда", - дея таъкидлаб ўтди президент.

Унинг сўзларига кўра, Россия ҳозирги пайтда РҚМ билан деярли бутунлай ўраб олинган.

"Аслида, бу бизнинг шерикларнинг яна бир қўпол стратегик хатоси, сабаби Россия бу хатти-ҳаракатларнинг барчасига мос жавоб қайтаради, ҳамда бу яна қуролланиш бўйича пойгани келтириб чиқариши мумкин. Шу билан бирга, бизнинг жавоб анча арзонроқ бўлади. Техника қўполроқ бўлиши мумкин, бироқ самарали бўлади. Ва биз стратегик мувозанатни сақлаб қоламиз. Мувозанат – бу жуда муҳим нарса", - дея маълум қилган Путин.

Шунингдек, унинг таъкидлашича, НАТОни кенгайтириш ва Европада РҚМ тизимларини жойлаштириш Россияни бунга жавоб қайтаришга ундамоқда. Путиннинг фикрича, альянсни кенгайтиришни, агарда давлатлар ўзларини хавфда эканликларини ҳис этишаётган бўлса, хавфсизлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги келишувлар билан ўзгартириш мумкин эди.

Путиннинг фикрича, собиқ Иттифоқ парчаланиб кетганидан сўнг ҳамда Эрон ядро дастурлардан воз кечганидан кейин, РҚМни жойлаштириш ва альянсни кенгайтиришда ҳеч қандай маъно йўқ.

"Ракеталарга қарши мудофаа тизимини Европада ривожлантириш дастури кенг кўламда давом этмоқда. Кимга қарши? Демак, бу бизни жавоб қайтаришга ундамоқда", - дея маълум қилди Россия етакчиси.

Сноуден – иродали инсон

Суҳбатнинг сешанба куни эълон қилинган қисми катта жойи Сноуденга бағишланди. Путини уни "иродали" инсон, деб атаган.

Президентнинг таъкидлашича, Сноуден Россияга қандайдир маълумотни “беришни” режалаштирмаган.

"У қўшма курашга чақирди. Биз бунга тайёр эмаслигимиз аниқлангач, мен – бу бизга керак эмас, дедим. Бизда АҚШ билан бусиз ҳам мураккаб муносабатлар, бизга яна қўшимча қийинчиликлар керак эмас. У шунчаки кетди ва ғойиб бўлди", - деди Путин.

Унинг сўзларига кўра, Сноуден билан илк алоқалар Хитойда бўлиб ўтган.

"Кейин эса менга жаноб Сноуден Москвада қўниши керак бўлган самолётда эканини айтишди. У бошқа самолётга ўтиб, Лотин Америкасига учиб кетиши керак эди. Бироқ, маълум бўлишича, у бормоқчи бўлган давлатлар уни қабул қилишни жуда ҳам истаётган эмас эканлар, бундан ташқари, ОАВда унга қаергадир учиб боришга имкон беришмаслиги ҳақида маълумот пайдо бўлди", - деди Путин

Шу тариқа МХАнинг собиқ ходими Москвада, транзит йўловчилар залида пайдо бўлган. "Кейин эса биз унга вақтинчалик бошпана бердик", - дея қўшимча қилган давлат раҳбари.

У АҚШ президенти Барак Обама Сноуден юзасидан қўнғироқ қилгани борасидаги саволга жавоб бермаган. "Мен бу ҳақда гапиришни истамаган бўлардим. Бу махфий нарса", - дея таъкидлаб ўтди Путин.

Россиядаги вазият

Президентнинг тан олишича, Россия демократик ва суверен давлат сифатида ўзига хос ижобий жиҳатлар ҳамда камчиликларга эга. "Россияни қанчалик ёмонлашмасин, Россия – демократик давлат. Ва суверен. Бир қатор муаммолар шу билан боғлиқ, бироқ бунинг яхши томонлари ҳам етарлича", - дея ҳисоблайди Путин.

Унинг сўзларига кўра, “ўз суверенитетидан фойдаланиши мумкин бўлган давлатлар саноқлидир”. "Кўпчилик мамлакатлар иттифоқчилик мажбуриятларига эга. Аслида, улар суверенитетини ўзларининг ташаббуси билан чеклаб қўйишди", - дея қайд этди Россия етакчиси.

Путиннинг айтишича, Россияда демократик ҳамжамият босқичма-босқич ривожланиши керак.

"Албатта, эртагаёқ бизда АҚШ, Франция ёки Германиядаги каби тартиб юзага келишини тасаввур қилиш мушкул. Жамият ва давлат, исталган тирик организм каби, босқичма-босқич ривожланиши керак. Айнан шу ривожланишнинг нормал жараёнидир", - деди у.

Путиннинг айтишича, Россияда партияларни эркин рўйхатдан ўтказиш сайловчиларда танлов муаммосини келтириб чиқармоқда. 

"Энди кўп партиявийлик ва партияни рўйхатдан ўтказиш имконияти ҳақида... Биз яқиндагина бу имкониятларни жиддий эркинлаштирдик. Ўз сиёсий ташкилоти ёки партияни рўйхатган ўтказиш имкони шу даражада ривожландики, сайловчиларда бошқа – таклифлар кўплиги билан боғлиқ муаммо пайдо бўлди", - деди у.

Украина ҳақида

Суҳбат давомида Украина мавзусига ҳам тўхтаб ўтилди.

"Американинг бу минтақадаги халқаро сиёсати фалсафаси шундан иборатки, Украина ва Россияни яқинлашишига йўл қўймаслик керак, сабаби кимдир бунда таҳдидни кўрмоқда. Кимнингдир фикрича, бу Россия қудратининг ўсиши манбаси, ҳамда нима бўлган тақдирда ҳам Россия ва Украинани яқинлашишига халақит бериш керак", - деди Путин.

Шу билан бирга, Россия етакчисининг таъкидлашича, АҚШда ҳам, Европа давлатларида ҳам бунда украиналик фуқаролар позицияси эътиборга олинмаган.

"Украинада радикал унсурлар, миллатчилик кайфиятидаги унсурларни қўллаб-қувватлаш бу нуқтаи-назардан мағлубиятсиздир. Шунинг учун, буни қилганлар ўз мақсадига етди. Улар жуда зўр ишлашди", - дея маълум қилди Путин.

Мавзуга оид