Light | 15:12 / 17.06.2017
85837
7 дақиқада ўқилади

Ёлғон маълумотлар билан танилган тарихий 10 афсонавий образ

Биз ўқиган барча тарих дарслари ва томоша қилган ҳужжатли фильмларга қарамасдан, тарихий персонажлар, воқеалар ва моҳиятлар ҳақидаги маълумотларимиз ўта ноаниқ. Кўп марта қайта айтилаверганидан қўшилган муболағалар ва ёлғон маълумотлар бизга етказилган манзарани ўта бузиб кўрсатмоқда. Алал-оқибатда, тарих шов-шувли миш-мишлардан фарқли бўлмай қолган, энг ишонилган фактлар ҳам турли таъсирлар ва бузилиш эффектига учраган. Бироқ унутмаслигимиз керак-ки, тарих — бу «Узуклар ҳукмдори» қиссаси эмас, фан. Шу сабабли ҳақиқат нима эканлигини билиб қўйганимиз яхши, деб ёзади Trendymen.ru 

Викинглар

Викинглар одамлар орасида шохдор дубулға кийиб юрадиган, скандинавиялик қаҳри қаттиқ, мағрур ва жасур варварлар, деб қабул қилинган. Гўёки улар улкан ҳудудларни террор остида ушлаб, ўзлари ҳақида даҳшатли шон-шуҳрат тарқатишган. Аслида, бу йигитлар ҳеч ҳам жирканч қотиллар бўлмаган, уларни ҳаттоки ҳезалакка қиёслаш мумкин. Улар ўзларининг узун сочларининг парвариши билан банд бўлишган, қошларини теришган, соқолларини ҳам ўз нуфузига қараб тараб юришган. Нуфузни ушлаб туриш учун ташқи кўриниш шунчалик аҳамиятга эга бўлганки, викинглар ўзлари билан атир-упа ҳам олиб юришган. Дарвоқе, улар ҳеч қандай шохдор дубулға кийиб юришмаган, чунки жангда ундан фойдаланиш ўта ноқулай.

Леонардо Да Винчи

Леонардонинг кашфиётлари шубҳадан холи, бироқ унинг ёрқин сиймоси бироз тузатишларга муҳтож. Биз уни оқил, бироз букри, оқ сочли чол сифатида тасаввур қилишга кўникиб қолганмиз. Нега бизга Да Винчининг яғриндор қомати, у доим машқда тоблаган мушаклари бўртиб тургани, кўриниши ҳам барно бўлганини айтишмайди? Замондошлари уни келишган ва кучли инсон сифатида танишган, баъзиларга эса у отнинг тақасини қўллари билан букиб кўрсатган.

Велоцирапторлар

«Юра даври парки» фильми бизга бу тезкор ва йиртқич динозаврларни ўлим машинаси сифатида тасвирлаб берган. «Динозавр» сўзини эшитишингиз билан айнан велоцираптор кўз олдингизга келади. Аслида эса бу маҳлуқни қадимий жўжа деб таърифлаш мумкин. Кинематографлар ҳамда томошабинларнинг умиди чиппакка чиқар, лекин унинг ўлчамлари биз ўйлагандан жуда кичкина, боз устига, патлар билан қопланган бўлган. Ўртачароқ ит катталигидаги патлар билан қопланган жонзот эди у — олимлар буни аниқ исботлаб бўлишган.

Наполеон Бонапарт

Бечора Наполеон не хўрликларни бошидан кечирмаган, гарчи Ер куррасини эгаллаб оламан, дея муваффақиятсиз уриниши учун уларга ҳақли равишда дучор бўлган эса-да. Энг асосий мазах унинг бўй-басти билан боғлиқ. Нимагадир ҳамма уни калтабақай деб билади ва унинг калта бўйи ўзига бино қўйишига сабаб бўлган, деб ҳисоблаб келинади. Аслида эса у ўша вақтдаги барча эркаклар сингари нормал бўй-бастга эга бўлган — 169 см. Бироқ у ўзининг атрофига дароз ва йирик жуссали аскарларни йиғиб юргани, шунингдек, французча ўлчов бирликларининг инглизчасидан фарқ қилиши ўз ишини бажарган-қўйган.

Рим армияси

Кумушранг аслаҳалар кийиб жангга отланган Рим легиони ҳақидаги суратларни барчамиз кўрганмиз. Ҳаммамиз уларни жуда яхши тайёрланган, енгилмас армия эканлигига заррача шубҳа қилмаганмиз. Ахир у дунёни эгаллаган. Аслида улар тартибсиз ҳаракат қиладиган, профессионал бўлмаган тўдалардан иборат жангчилар эди. Ҳарбий ишдан хабардор легионерлар сони жуда кам бўлган, Рим Империясининг кенгайиши сабабли унинг армияси дуч келган одамлар ҳисобига орта борган.

Миср эҳромлари

Тарих дарсларида қадимги мисрликларнинг эришган натижаси — эҳромлар ҳақида энг биринчи бўлиб ҳикоя қилиб беришади. Гарчи инсониятнинг бемаъни меҳнати маҳсули бўлган бу ёдгорликлар, уларнинг қурилиши тугалланган пайтларда умуман бошқача кўринишда бўлган. Булар оқ оҳактош билан кошинланган, узоқдан кўзга ташланадиган шакл-шамоилсиз палахсалардан иборат бўлган. Ёрқин ташқи қатлами минг йиллар ичра ўзининг дастлабки кўринишини йўқотган ва унинг фақат қумтошдан иборат асоси қолган.

Ўрта асрлардаги жанглар

Фильмлар қадимий жангларни идеаллаштиради ва қўлига найза ва қилич ушлаган аслаҳали ўктам рицарлар ўз ғалабаларини ҳалол курашда қўлга киритишган, дея тушунтирилади. Аслида, ўрта асрлардаги ҳарбий можаролар табиат қўйнидаги пикникка ўхшаш бўлган. Киноларда кўрсатиладиган қақшаткич жанглар жуда кам ҳолатларда рўй берган. Қўмондонлар аскарларнинг жонини ҳимоя қилиб, кўп ҳам уларни хатарга қўйишмаган. Шу сабабли улар қалъаларни секин қамал қилиб, очиқ жанглар ўтказишдан қочишган. Ҳарбий лагер душман ҳолдан тойишини, сўнгра унинг ҳамма нарсасини жангсиз қўлга киритишини кутган.

Қадимги юнон ҳайкаллари

Барчамиз қадимги юнонларнинг мармартошдан ўйиб ясалган ҳайкалларига кўникканмиз, баъзиларимиз эса ошуфта бўлганмиз. Улар ўта мукаммал тайёрланган ва чиройли, қачондир умуман бошқача кўринишда бўлгани ҳақида шак-шубҳага ўрин қолдирмайди. Аниқланишича, мукаммал ишда нафақат қадимги юнон ҳайкалтарошлари, шунингдек, вақт ва об-ҳавонинг ҳам ўрни бор экан. Вақт ва замон таъсиридан олдин ҳайкаллар ўта ёрқин кўринишга эга бўлган, кислотавий ёрқин ранг билан ҳайкалларга узоқдан кўзга ташланиб туриши учун жило берилган экан.

Гладиаторлар

Гладиатор образини тасаввур этишдаги хато бежизга эмас. Биз уларни мақсади душманни енгиш бўлган кучли ва қаҳрли қотиллар сифатида тасаввур этамиз. Лекин ундай эмас. Уларнинг мақсади бошқа бўлган — омманинг вақтини чоғ қилиш. Шу сабабли улар бир бирларини дарров ўлдириб қўймаслиги лозим бўлган. Шу сабабли гладиаторликка семиз ва бесунақай кишиларни олишган. Бунақалар жиддий жароҳат ҳам етказа олмайди, ўзлари ҳам зарбаларга дош беришади. Шоу шу тарзда узоқроқ давом этаверган. Афтидан, кулгилироқ ҳам бўлган.

Самурайлар

Самурайларни улкан қилич тутган ажойиб қиличбоз сифатида тасаввур қилишга кўникиб қолганмиз. Аслида, уларнинг бош қуроли камон ва ўқ бўлган. Албатта, улар ёнида қилич ҳам олиб юришган, лекин ундан фойдаланишни жуда ёмон кўришган ва алоҳида бир кор-ҳол юз бермаса, уни қинидан ҳам чиқаришмаган. Агар самурай қўлига қилич олса — у узоқдан туриб уруш қилиш борасида нўноқ, деб қабул қилинган, демакки — ундан фойда йўқ.
 

Мавзуга оид