Исоқжон қори Бегматов: “Намоз ўқимасанг рўзанг қабул бўлмайди, дейиш мутлақо нотўғри”
Кун.uz’нинг “Рамазон туҳфаси” лойиҳаси доирасида дин уламолари билан олиб борилаётган файзли суҳбатларни давом эттирган ҳолда галдаги меҳмонимиз Тошкент шаҳридаги "Тўхтабой ота" жоме масжиди имом-хатиби Исоқжон қори Бегматов бўлди. Биз у киши билан Рамазон ойининг сўнгги даҳалари ва унинг фазилатлари ҳақида суҳбатлашдик.
"Аллоҳнинг раҳматига сазовор бўлган банда, албатта, унинг мағфиратига ҳам эришади. Аллоҳнинг мағфиратига эришган бандалар эса жаҳаннамдан озод бўлишади ва жаннатга киради.
Ҳозир биз Рамазон ойининг Мағфират даҳасида турибмиз. Бу кунларда биз Аллоҳдан билиб-билмай қилган гуноҳларимиз учун тавба қилиб, истиғфор айтиб, дуога қўл очиб ундан офият тилашимиз зарур. Мана шу лаҳзалардан, дақиқалару соатлардан унумли фойдаланиб қолмоғимиз керак. Аслида ҳам Рамазондан олинадиган энг катта фойдаларимиздан бири ҳам гуноҳ ва маъсиятлардан покланиб олишдир. Бу ойни тавба ойи, десак ҳам муболаға бўлмайди".
Суҳбатдошимизга одамлар орасида оммавий бўлган савол билан юзланамиз: “Намоз ўқимаса ҳам рўза тутса бўладими? Унинг тутган рўзаси жоиз ҳисобланадими?”. Саволга жавоб берар экан, Исоқжон қори Бегматов шундай деди:
“Бундай саволларнинг оддий халқ орасида юриши, аввало, ўша одамларнинг ибодатга бўлган рағбати нишонасидир. Бу ҳаётий дунёда кимдир ҳаж қилишга, яна кимдир рўза тутишга, бошқа биров закот беришга, яна бири эса намоз ўқишга имкон топади. Шариатимизнинг бағри кенглиги шундаки, мусулмон киши ибодатларни кетма-кетликда бажараман, демаслиги керак. Имконияти қайси ибодатга рағбат қиляпти, Аллоҳ қайси ибодатга нисбатан ҳидоят берибди, айнан ўша ибодатдан бошлаш керак. Намоз ўқимай, рўза тутган инсонга, рўзанг қабул бўлмайди, деб айта олмаймиз. Рўза тутган инсон бора-бора нафсини жиловлашни ўрганади ва бошқа ибодатларга ҳам тайёр бўла боради”.
Исоқжон қори Бегматов билан бўлиб ўтган суҳбат давомида Рамазон ойининг сўнгги даҳалари ва ундан олинажак фойдалар ҳақида гаплашилди. Инсон ва унинг ибодати масаласи ҳам суҳбат мавзуларидан бўлди.
Мавзуга оид
08:38 / 05.03.2024
Рамазон ойининг бошланиш санаси эълон қилинди
00:08 / 19.04.2023
Рамазон ҳайити шанба куни бошланиши мумкин – астрономлар
19:03 / 18.04.2023
Рамазон ойи 29 кун ҳам бўлиши мумкин - Ғуломиддин Холбоев
22:23 / 04.04.2023