Жамият | 22:25 / 28.06.2017
18275
7 дақиқада ўқилади

Иқбол Мирзо: “Ҳар ерда Ўзбекистон биз билан!..”

Бугун мамлакатимизда аҳоли фаровонлиги йўлида зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”, деб эълон қилиниши ҳам ана шу хайрли ҳаракатларнинг ёрқин мисолидир. Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Иқбол Мирзо билан адибларга қаратилаётган эътибор, уюшманинг истиқболдаги режалари ва шу каби масалалар юзасидан суҳбат уюштирдик.

М.: - Ассалому алайкум Иқбол ака, суҳбатимизни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” мавзуси билан бошласак.

И. М.: - Жорий 2017 йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон мафаатлари йили”, деб эълон қилиниши барча юртдошларимиз каби, биз адибларни ҳам қувонтирди. Боиси, халқ манфаати йўлида хизмат қилиш, юрт равнақининг гарови демакдир. Биргина, ҳазрат Алишер Навоийнинг ўзи халқ дардини тинглаш, унинг манфаатларини кўзлаб иш тутишда катта жонбозлик кўрсатгани ва бу мамлакатнинг ривожланишида долзарбликни касб этгани тарихимиздан маълум.

Умуман, демократия мавзусида сўз юритадиган бўлсам, Мустақиллик йилларида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари!” шиори остида улкан ишлар бажарилган эди. Ҳозирги кунга келиб, Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари билан йилимизга халқ манфаатига доир ном берилиши, жойларда уларнинг Халқ қабулхоналари ташкил этилиши демократия тушунчасининг ёрқин кўриниши бўлди, дейиш мумкин. Нега деганда, бугун дунёнинг қайси минтақасига қараманг, юртимиздаги каби мана шундай ташаббусларга деярли гувоҳ бўлмайсиз. Қолаверса, Президентимизнинг ўтган йилда жорий қилинган Виртуал қабулхонаси ҳам халқ дардини тинглаш, муаммоларнинг ижобий ҳал этилишида янги тизимга айланди. Ўзимни ҳаётимдан мисол келтириб айтадиган бўлсам, мен Миробод туманида истиқомат қиламан. Очиғи, яшаётган кўчамизнинг йўл таъмири ниҳоятда ёмон аҳволда эди. Қўшни аёлимизнинг мазкур масала юзасидан Виртуал қабулхонага мурожаати тез кунда ўрганиб чиқилди ва вазият ҳозирда яхшиланмоқда. Ваҳоланки, бу бўйича ўзим ҳам кўп бора ҳаракат қилиб кўрганман. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, айни бугунги кунда оддий халқнинг дард-у ташвишлари, муаммоларига шахсан Президентнинг ўзи эътибор қаратаётгани камдан кам давлатлардагина учрайдиган ҳолдир. Юртимизда олиб борилаётган мана шундай ислоҳотлар тинчлигимиз барқарорлиги, тараққиётимиз бардавомлигига хизмат қилади, деб ишонаман.

М.: - Мустақиллигимизнинг 26 йиллигига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қандай ҳозирликлар кўрмоқда?

И. М.: - Энг улуғ ва энг азиз байрамимиз ҳисобланган Истиқлолимиз шодиёнасига йил бошиданоқ катта тайёргарлик кўриб келмоқдамиз. Таниқли ижодкорларимизнинг сара асарларидан иборат бадиий тўпламлари нашр этилди ва яна шундай нашрларимизнинг давоми мавжуд. Июль ойи ўрталарида бундан йигирма йил муқаддам асос солинган Зомин семинарининг қайта ўтказилишига тараддуд кўрилмоқда. Бир гуруҳ иқтидорли ёшларимизнинг “Биринчи китобим” лойиҳаси асосида бадиий ҳамда публицистик тўпламлари чоп этилиши режалаштирилган. Шунингдек, уюшмамиз муассислигида “Ватан учун яшайлик!” номли Республика ижодий ишлар танловини ҳам бошлаб юборганмиз.

Президентимизнинг Қарорларига мувофиқ таниқли шоир-ёзувчиларимизнинг ҳайкаллари қад ростлайдиган “Адиблар хиёбони” ва уюшмамиз учун замонавий бино бунёд этилаётгани барча адибларимизга ўзгача руҳлантириш бўлди. Бир сўз билан айтганда, Мустақиллигимизнинг қутлуғ тўёнасига муносиб туҳфалар тақдим этишимизга ишонаман.

М.: - Ўзбекистон Халқ шоири Иқбол Мирзо ижодидаги янгиликлар ва мухлислар ўзлари учун таниқли шоиридан қандай совғалар кутса бўлади?

И. М.: - Тўғрисини айтганда, ўзимни халқимиз ва юртимиздан ҳамиша қарздорман деб, ҳисоблаб келаман. Бу қарзни янги-янги ижод маҳсуллари, пухта асарлар ёзиш орқали узиш мумкин. Бугунги кунда, албатта, ижодимиз бардавом кетмоқда. Яқиндагина, шартли равишдаги “Йўл” номли 10 қисмдан иборат кино сценарийни ёзиб тугалладим. Айни кунларда суратга олиш ишларига қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Кейин, анча йиллардан бери, болалар даврасига тушиб қолгудек бўлсам, устозларимизнинг болаларбоп шеърларидан ўқиб ҳижолатли вазиятлардан чиқиб келардим. Ниҳоят шу йилда, қизалоғим Кумушой баҳонаси билан болаларга мўлжалланган “Эркатой” деб, аталган мўъжаз китобчани ўқувчилар ҳукмига ҳавола қилдим. Айни бу нарсани ижодимда янгилик сифатида баҳоласа бўлади, деб ўйлайман. Шундан келиб чиқиб, катталар доираси қатори болаларбоп китоблар сони ва сифатини ошириш ҳам режамда бор.

М.: - Хориж сафарларида юрган кезларингиз ватан соғинчи хислари кўнглингизда қандай кечган?

И. М.: - Умуман, хориж сафарлари бўладими, республикамиз бўйлаб ижодий учрашувлар барча барчасида, аввало, оиламни, фарзандларим рухсорини соғинаман. Яқинда, Латвия мамлакатида ижодий сафарда бўлиб қайтдик. Очиғи, Латвиянинг гўзал ва баҳаво табиати дастлабки кунларда бизни мафтун қилган бўлса-да, икки кунда Ўзбекистонимизнинг ўзига хос таровати тезроқ ортга қайтишга ундай бошлади.

Юртимизда меҳмонда бўлган латвиялик бир дўстимиз Ўзбекистонни шундай гўзал қиёфада таърифлаб бергани сафар давомида менга ғурур бағишлади. Дўстимизнинг айтишича, унда саёҳатидаги энг катта тассурот қолдирган жиҳат халқимизнинг самимий меҳмондўстлиги, шириндан ширин меваларимиз мазаси бўлган экан. Чунки, Латвияда бир ярим, икки ойгина қуёшли кунлар чиққани боис узум етиштириш имконсиз бўлиб, айрим сабзовот маҳсулотларини аранг етиштириб олишларини таъкидлади.

Яна бир жиҳат, айниқса, ўзга юртда ватанингиз байроғи баланд ҳилпираб туришини кўриш кўнглингизни тўлқинлантирмай қолмайди. Бунга сафар давомида яна бир бор амин бўлдим. Устоз шоиримиз Абдулла Орипов айтганларидек, гарчи бутун Осиё қуёшли ҳисобланса-да, Ўзбекистонимизнинг қайноқ офтоби бетакрор. Умуман қаерда бўлмайлик, ҳар қадамда, ҳар ерда Ўзбекистон биз билан, бизни қўллаб-қувватлаб тураверади.

М.: - Сўнгги сўз ўрнида, юртдошларимизга яна нималар деган бўлардингиз?..

И. М.: - Сўнгги сўз ўрнида алоҳида айтмоқчиманки, бугун юртимизда кенг ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Янги ўзгаришлар, янгиланишлар пиллапояларида одимлаб бормоқдамиз. Шундай экан, биз ижодкорлар олдида турган асосий вазифалардан бири бу – халқимиз онгида ватанпарварлик ғояларини юксалтириш, ёшларимизда китобхонлик маданиятини тарғиб қилиш устуворликни тақозо этади. Агар кузатиб бораётган бўлсак, Президентимиз ўз чиқишларида кўп бора китобхонлик масаласига  тўхталади. Уларнинг, “Китоб ўқимаган одамнинг ҳам, миллатнинг ҳам келажаги йўқ!”, деган фикрлари ҳам бежизга эмас. Зеро, маънавият сарчашмаси, дея номланувчи китоб комиллика етишиш йўлидаги энг ишончли дўст эканлиги тарихий ҳақиқатдир!

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди

Мавзуга оид