Ўзбекистон | 12:14 / 06.07.2017
123864
2 дақиқада ўқилади

GM-Uzbekistan «Matiz» ва «Gentra» ишлаб чиқаришни тугатишни режалаштирмоқда

GM-Uzbekistan тасарруфидаги Асака автомобиль заводига уюштирилган пресс-тур давомида корхона бош директори вазифасини бажарувчи Рустам Ражабов журналистлар ва блогерларнинг заводда ишлаб чиқариладиган янги автомобиллар ва ишлаб чиқарилиши тугатилаётган автомобиллар борасидаги саволларига жавоб берар экан, «Матиз» автомобили яқин орада ишлаб чиқаришдан олиб ташланишини маълум қилди.

«Халқимиз тобора сифатли, замонавий автомобиллар харид қилиши тенденцияси кузатилмоқда. «Спарк» русуми ҳам ўзи айнан «Матиз» автомобилини алмаштириш учун жорий этилганди. Яқин 1–2 йилда «Матиз»ни ишлаб чиқаришдан бутунлай воз кечмоқчимиз. Чунки, «Матиз» GM’нинг замонавийлик карбюраторли автомобил бўлгани сабабли (таҳр.) шунингдек, хавфсизлик сиёсатига ҳам мос келмайди. Чунки яқиндан бошлаб Ўзбекистоннинг ички бозорида ишлаб чиқарилаётган барча автомобиллар ҳам хавфсизлик ёстиқчаси билан таъминлаш назарда тутилмоқда», деди у.

GM-Uzbekistan бош директори вазифасини бажарувчи Рустам Ражабов

Рустам Ражабов яқин келажакда «Lacetti» (Gentra) автомобилини ҳам ишлаб чиқаришни якунлаш мўлжалланаётганини малум қилди.

«Lacetti» (Gentra) ҳам эскирган модель ҳисобланади. Унинг ўрнига шу классга оид мутлақо янги автомобиль ишлаб чиқаришни йўлга қўямиз. Ҳозирча тижорат сири бўлганлиги учун, янги моделнинг номи ва унга оид тафсилотларни сизлар билан ўртоқлаша олмайман», — деди Ражабов журналистлар ва блогерлар билан ўтказилган презентация ва матбуот анжуманида.

Мавзуга оид