Жамият | 17:46 / 06.07.2017
12213
2 дақиқада ўқилади

ЎзМУ ректори амалиёт ўтаётган талабалар шароити билан яқиндан танишди

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Геология ва география факультети талабалари ўқув йили мобайнида олган назарий билимларини ёз ойларида фусункор тоғлар ва тоғёнбағридан шарқираб оқаётган тошқин дарёларда ўтказиладиган амалий машғулотларда янада мустаҳкамлаб борадилар.

ЎзМУнинг “Оқсоқота дала ўқув амалиёт полигони”да айни дамларда навбатдаги амалий машғулотлар қизғин давом этмоқда.

ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов, Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси раиси Илҳомбой Тўрамуродов ва бир гуруҳ мутасаддилар яқинда амалиёт ўтаётган талабаларга яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиш мақсадида “Оқсоқота дала ўқув амалиёт полигони”га ташриф буюрди. Бу ҳақда Кун.uz’га ЎзМУ доценти, журналист Маҳлиё Мирсоатова хабар бермоқда.

– Ўқув дала амалиёти талабаларимизнинг аудитория ва музейларда олган назарий билимларини янада мустаҳкамлаши учун бу заминда зарур шароитлар муҳайё этилган, – деди ЎзМУ ректори. – Она замину тоғлар, дарёлар бағридан дур топадиган бўлғуси мутахассисларимиз геологик жараёнларни макетларда эмас, балки табиий шароитларда кузатиб ўрганадилар. Улар геологик жараёнлар билан бевосита танишадилар. Оқсоқота дарёси ҳавзасида турли геологик жинслар, бурмали ва узилмали структуралар, турфа тоғ жинслари, кўплаб фойдали қазилмалар мавжуд. Бу жойда талабалар турли экзоген геологик жараёнлар: нурашнинг турли кўринишларини, дарёлар, шамол, вақтинча оқар сувларнинг геологик фаолиятини, рельефнинг турли шаклларини кузатиш имкониятига эгадирлар.

Бўлғуси мутахассислар ўқув амалиёти даврида ўқув ва услубий қўлланмалар тайёрлашни ҳам ўрганадилар. Дала ўқув амалиёти мақсадли бўлиб, талабалар геологик хариталаш усулларини ҳам ўзлаштирадилар.

Мавзуга оид