Жамият | 17:50 / 13.07.2017
12299
2 дақиқада ўқилади

Тарихда илк марта аёл киши Iran Air’га раҳбар бўлди

Эроннинг Iran Air авиакомпаниясига Фарзона Шарофбофий бош директор этиб тайинланган. Бу лавозимда у олдинги раҳбар Фарҳод Парваришнинг ўрнини эгаллаган, деб ёзади Tehran Times газетаси .

Бунгача Шарофбофий компаниянинг тадқиқот департаменти бош директори лавозимида ишлаган. Шундай қилиб, у Эрон авиакомпаниясини бошқарган тарихдаги илк аёл раҳбар бўлди. 

Бундан ташқари, Шарофбофий Эрондаги аэрокосмик технологиялар соҳасида докторлик илмий унвонини қўлга киритган илк аёл ҳам ҳисобланади. Унинг қўл остида авиацияга оид бир неча лойиҳалар ва ўқув курслари ишга туширилган.

Iran Air даги лавозимини тарк этаётган Фарҳод Парвариш энди Монреаль (Канада)да жойлашган Халқаро фуқаролик авиацияси ташкилоти (ICAO) да Эроннинг вакили бўлиб ишлайди.

Iran Air — Эрондаги энг йирик авиаташувчи ҳисобланади. Компаниянинг бош қароргоҳи Теҳронда жойлашган ва у мамлакат ичига ва хорижга парвозларни уюштиради. 2017 йил бошига Iran Air Европа ва Осиёнинг 56 шаҳрига парвозлар ташкиллаштирган.

Мавзуга оид