Жаҳон | 12:11 / 14.07.2017
9074
2 дақиқада ўқилади

Қатар можароси иштирокчилари музокараларга чақирилди

Фото: AP

АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсоннинг фикрича, Қатар атрофидаги муаммони ҳал этиш учун, можародаги барча томонларнинг музокаралар столига ўтириши жуда муҳим. Бу ҳақда Wall Street Journal газетаси ёзмоқда.

"Ҳозирда томонлар бир-бири билан ҳеч қандай даражада мулоқот қилаётгани йўқ. Биз улар музокаралар столида юзма-юз ўтиришлари, бу муаммоларни ҳал этиш бўйича муҳокамаларни бошлашларини истаймиз", - дея маълум қилган Тиллерсон Қатардан Вашингтонга парвоз қилган самолёт бортида.

"Бизга дунёнинг бу қисми барқарор бўлиши муҳим, ҳамда ушбу можаро... бунга кўмак бермаслиги аниқ", - дея қўшимча қилиб ўтди Тиллерсон.

Нашрнинг ёзишича, АҚШ давлат котиби Америка томони Қатарни қўллаб-қувватлашини маълум қилган. Бироқ Вашингтон рўй берган вазиятдан чиқиш бўйича ўз ғояларини ҳам бериши мумкин эди. Унинг қўшимча қилишича, давлатлар ўртасида баъзи муаммолар анчадан бери бор, шунинг учун уларни ҳал этишга кўпроқ вақт талаб этилади. 

Аввалроқ Тиллерсон Яқин Шарқ давлатлари бўйлаб турнени амалга оширди. Сешанба куни у Доҳага келган бўлса, чоршанбада Саудия Арабистонига ташриф буюриб, Қатарни бойкот қилаётган давлатлар йиғилишида қатнашди. Пайшанба куни эса у Қатарга қайтиб келиб, амир билан кўришди.

Мавзуга оид