Жаҳон | 09:00 / 15.07.2017
63692
7 дақиқада ўқилади

15 июль - Туркия тарихидаги қонли саҳифа

Фото: Reuters

Туркияда давлат тўнтаришига уриниш рўй берган кундан 1 йил ўтди. 2016 йилнинг 15 июлида мамлакатда ҳарбийлар давлат тўнтариши уюштирмоқчи бўлган, лекин халқ ҳукуматни ҳимоя қилиб чиққач, уриниш барбод бўлганди.

Бугун Туркия бўйлаб мамлакат тарихидаги бу қора кунда қурбон бўлганлар хотирланмоқда. 

Ўтган йилнинг 15 июль куни кечқурун Туркияда ҳарбийлар иштирокида давлат тўнтариши амалга оширишга бўлган ҳаракатлар бошланганди. Исён 16 июлга ўтар кечаси туни билан давом этди, аммо тонгда Анқара исён бостирилгани ҳақида эълон қилди. 

Исён ҳақида илк хабарлар

Маҳаллий вақт билан соат 22:00да Анқарада ўқ овозлари эшитила бошланди, шаҳар устида вертолётлар ҳамда қирувчи самолётлар парвоз қилди. Туркия қуролли кучларининг бир гуруҳи мамлакатнинг бир қатор шаҳарларида - Анқара, Истанбул, Мармарис, Конье, Малатье ва Карсда ҳукуматга қарши исён кўтарганди.

Анқарада ҳарбий вертолёт миллий разведка биносини ўтга тутди, самолётлар Миллий парламент ва президент саройига бомба ташлади.

Кўп ўтмасдан Истанбул ва Анқарадаги аэропортларда, Босфор бўғози устидаги кўприкда танклар пайдо бўлди.

Дастлаб Туркия бош вазири Биноли Йилдирим телевидение орқали чиқиш қилиб, мамлакатда ҳарбийлар гуруҳи давлат тўнтаришига ҳаракат бошлагани ҳақида эълон қилди.

Кўп ўтмасдан исёнчилар давлат телеканалларини (TRT)ни эгаллаб, ўз хабарларини етказишга уринишди ва хусусий оммавий ахборот воситаларига бостириб киришди.

Исён бошланганидан ярим соат вақт ўтиб ҳарбийлар эфир орқали Туркия Қуролли кучлари бош штаби аъзолари қўлга олингани, ҳукумат ҳарбийлар қўлига ўтгани, раҳбарият четлатилгани ҳақида эълон қилди. Шунингдек, Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Анқарадаги қароргоҳи қўриқчилари қуролсизлантирилиб, Адолат ва тараққиёт партияси штаби қамал қилинди.

Телевидение орқали мамлакатда ҳарбий ҳолат ўрнатилгани, комендантлик соати жорий этилгани ҳақида эълон қилинди. Бу вақтда Туркиянинг Болгария, Эрон ва Грузия давлатлари билан чегаралари ёпилди, Греция қуролли кучлари жанговар шай ҳолатга келтирилди.

Ҳарбийлар мамлакатда конституцион тартибни тиклаш ва инсон ҳуқуқларига риоя қилишни ваъда қилишарди.

Эрдўған бу вақтда қаерда эди?

Бу воқеалар бошланганидан бир соатдан ортиқроқ вақт ўтганида ҳам мамлакат президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг қаердалиги номаълум бўлиб қолаётганди. Маълум бўлишича, у бу вақтда Мармарисда ҳордиқ чиқараётганди. У Skype орқали эфирга чиқди ва ноқонуний давлат тўнтариши бошлангани ҳақида айтиб, ўз тарафдорларини Анқара ва Истанбул кўчаларига исёнчиларга қарши чиқишга, "бу тартибсизликни тўхтатиш"га чорлаб, ёрдам сўради.

Эрдўған ўз нутқида бу ҳаракат Фатҳуллоҳ Гулен тарафдорлари томонидан амалга оширилганини маълум қилди ва Анқарага учди. Аэропортлар бу вақтда исёнчилар қўлига ўтганди, шу туфайли бир муддат давомида президентнинг шахсий самолёти ҳавода учиб юрди. Бу эса унинг Германияга бошпана сўраб кетгани, Англияга йўл олгани ҳақидаги миш-мишлар тарқалишига олиб келди.

Бу вақтда Анқарада танклар парламент биносини ўраб олиб ўққа тутар, полициячилар ва ҳарбийлар ўртасида отишмалар давом этарди.

Халқ Эрдўғаннинг айтганини қилди.

Одамлар танклар қаршисида мардонавор туришди ва демократик ҳуқуқларини талаб қилишди.

Бундан ташқари Туркия армиясининг асосий қисми ва бир қатор қўмондонлар давлат тўнтаришига қарши туришди. Полиция ва прокурорлар зудлик билан исённи бостириш учун керакли чора-тадбирларни амалга оширишди.

Маҳаллий вақт билан тунги соат 01:30да бош вазир Йилдирим исёнчиларнинг бир неча етакчилари қўлга олингани ҳақида маълумот берди.

Соат 02:00дан бошлаб устунлик Эрдўған тарафдорлари қўлига ўтди. Бош штабнинг махсус топшириқли бўлинмалари қўмондони, генерал Зекаи Аксакалли «спецназ ҳукумат ва халқ томонида бўлиши»ни маълум қилганди.

Кейинроқ разведка исён бостирилганини маълум қилди. Исёнчилар гаровга олган Туркия Қуролли кучлари бош штаби бошлиғи озод қилинди. Аэропортларни эгаллаб олган ҳарбийлар таслим бўлишди. Парламентни ўққа тутаётган вертолёт F-16 орқали уриб туширилди.

Тонгда Эрдўғаннинг самолёти Истанбул шаҳридаги Отатурк аэропортига қўнди ва у NTV эфирида чиқиш қилди. У исёнчиларни ИШИД жангариларига тенглаштириб, улар жазоланишини, армияда тозалаш ишлари ўтказилишини маълум қилди.

Соат 7:00да у Истанбул аэропортидаги майдонда тарафдорлари қаршига чиқди ва улардан вазият изга тушмагунича кўчалардан кетмасликни сўради.

Бир неча соат ўтиб Туркия Ҳарбий-ҳаво кучлари собиқ бош қўмондони, генерал Акин Ўзтурк ва Баликесирдаги авибаза бошлиғи генерал-лейтенант Исҳоқ Дайиўғли исён етакчилари сифатида ушланди.

Исёнчиларга қарши амалиётлар давомида 6 мингдан ортиқ киши қўлга олинди ва 100 нафарга яқин исёнчи ўлдирилди, бир неча киши вертолётда Грецияга қочиб кетди. Тўқнашувлар вақтида ҳалок бўлганларнинг жами сони 300 нафарга яқин бўлди, яна 1500 минг киши жароҳатланди.

Кейинги кунларда олиб борилган тозалаш ишлари давомида 9 мингдан ортиқ киши исёнда иштирок этишда гумон қилиниб, қўлга олинди.

Исёнчилар

Ҳукумат баёнотига кўра исённи 20 йил муқаддам Эрдўған билан ихтилоф туфайли АҚШга кўчиб кетган Фатҳуллоҳ Гулен илҳомлантирган. Исён ташкилотчилари эса истеъфодаги полковник Муҳаррам Кесе раҳбарлигидаги турк армиясининг 46 зобити ва ҳарбий прокурор бўлган. Исёнда шунингдек, полковник Мехмет Ўғуз Оққуш, майор Эркан Оғин ва подполковник Дўған Уйсал етакчилик қилган.

Турк нашрлари яна бир номни тилга олишган — бу қуруқликдаги қўшинлар генерал-лейтенанти Метин Ийидил. «Инжирлик» авиабазаси бошлиғи генерал Бекир Эржан Ван ҳибс қилинган — бу база исён ташкиллаштирилган «нуқта» бўлган.

Уларнинг барчаси Гулен билан алоқадорликда айбланган.

Туркия ҳукумати АҚШнинг аввалги президенти Барак Обамадан ҳам, ҳозирги президент Доналд Трампдан ҳам Гуленни топширишни сўраб келади.

Туркияда ўтган йилнинг 20 июлида Эрдўған томонидан 3 ой муддатга фавқулодда ҳолат жорий қилинган ва шу вақтга қадар тўрт марта узайтирилди.

11 июль куни Туркиянинг барча ҳудудларида 15 июль воқеаларига 1 йил тўлиши муносабати билан маросимлар бошланди. Шу муносабат билан бир ҳафта давом этадиган тадбирларни ёритиш учун дунёнинг ўнлаб мамлакатларидан журналистлар таклиф этилган. Тадбирларда "Кун" нашри мухбири ҳам иштирок этмоқда.

16 июлга ўтар кечаси соат 2:32да парламентда алоҳида сессия чақирилади ва унда президент Эрдўған чиқиш қилади. Нутқ сўзлагач президент Истанбулга йўл олиб, «демократия қўриқчилари» тадбирида қатнашади. У ерда Босфор кўприги (ҳозирги расмий номи «15 июль жафокашлари кўприги») бўйлаб «Миллий бирлик марши» ўтказилади ва исён кунига бағишланган ёдгорликнинг очилиш маросими бўлиб ўтади.

Мавзуга оид