«Жамиятимизда ҳануз ўғил қиздан яхшироқ, деган тушунча бор»
Upgradе аёллар марказининг «Ота ва қиз» лойиҳаси доирасида ўтказилган учрашувга таклиф қилинган тадбиркор Ҳикмат Абдураҳмонов ўз фикрини бўлишди.
«Болалигиданоқ қизларга бузилган қадриятлар сингдирилади, бузилгани шундаки, гўёки унинг қўлидан келадиган ягона нарса – ё рўзғор ишларини бажариш ва бола тарбияси билан шуғулланиш ёҳуд боғчада тарбиячи, мактабда ўқитувчи, нари борса шифокор бўлишдир», — деган у.
Book Cafe да оила, оталик, бола тарбияси, хусусан қизлар тарбияси масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Учрашув «Ота ва қиз» лойиҳаси доирасида Upgrade аёллар маркази томонидан ташкиллаштирилди.
Муваффақиятли, ижтимоий фаол бизнесмен, икки қизнинг отаси Ҳикмат Абдураҳмонов оила ва бола тарбияси борасида бир неча тезисларни кўрсатиб ўтди.
Никоҳ –ширинликлар, гулдаста ва романтикадан иборат эмас
Никоҳ – ширинлик, гулдаста ва романтикадан иборат эмас. Аксинча, ҳар томонлама тайёргарлик, жавобгарлик ва бу тушунчани тўлиқ англашни талаб этувчи реалликдир. 18-20 ёшда жуфтликлар аксарият ҳолатларда мустақил ҳаёт, оилавий ҳаётнинг масъулиятини англашга тайёр эмаслар. Оқибатда боқимандаликка мойиллик ривожланиб, ёш келин-куёв ота-оналикка тайёр бўлмаслиги у ёқда турсин, ўзлари ҳали болаликдан чиқишга улгурмаган бўлади ва бу омил ҳам ажримлар эҳтимолини оширади.
Ушбу муаммо айниқса бизнинг мамлакатда долзарб бўлиб, уни ижтимоий роликлар, катталар ва ёшларнинг дунёқарашини ўзгартириш орқали кўтаришимиз керак. Ёшлар ёшлик гаштини сурсин, ўқисин, ишласин, саёҳат қилсин, бир сўз билан айтганда улғайсин ва идеаллари, қарашлари, молиявий мустақиллиги шаклланиб бўлганидан кейингина ўзлари буни англаган ҳолда никоҳ қуриш ҳақида ҳаётларидаги муҳим қарор сифатида ўйлашлари зарур. Ёш нуқтаи назаридан бу 23-25 ёшга яқин содир бўлади.
Жамиятнинг оғриқли нуқтаси – ҳисоб-китобли никоҳ
Кўпинча куёвнинг ота-онаси келин қидириш билан шуғулланади, куёв бўлмиш эса бўлажак рафиқасини танимаслиги ёки у билан тўйгача бир-икки марта учрашган бўлиши мумкин. Айтинг-чи, XXI асрда, тараққиёт асрида бу қанчалик тўғри? Бундай юзаки ёндашувда сизга айнан шу инсон ёқиши ва у билан тақдирингизни боғлашингиз мумкинлигини ишонч билан айтишингиз эҳтимоли қанчалик кучли? Ёшларга атрофидагилари орасида, университет ва коллежларда ёки қизиқишларига кўра ўз тақдирини излашга нима ҳалақит беради?
Эр-хотин ҳаётини қураётиб, ёшлар ўз қарорлари учун бутун жавобгарликни ўз зиммасига олишлари лозим. Ота-оналар ташаббусни ўз қўлига олар экан, олдиндан ўз фарзандида қарор унга тегишли эмаслиги ва жавобгарлик ҳам унинг бош оғриғи эмаслигига ишончни шакллантиришади. Бунда шарқ анъаналарига тан бериб, ёшлар ўз ота-оналари билан маслаҳатлашишлари ва «оқ фотиҳа» олишлари мумкин. Мазкур анъана ёш ота-онанинг ўз фарзандларига меҳр беришига таъсир қилиб, улар бир-бирларига бўлган муҳаббатнинг ҳақиқий меваси бўлади.
Турмуш ўртоқлар бир-бирига ҳамкор ва ҳамфикр бўлишлари зарур. Шунинг учун фарзандларимизга мулоқот қилиш, дўст орттириш ва ўз мулоқот доирасини кенгайтириш имкониятини беришимиз керак. Албатта бунда хулқ-атвор, маданият, тарбия меъёрларини унутмаслик лозим.
Анъана ва урф-одатлар
Анъана ва урф-одатлар – яхши, лекин уларга баъзан замонавий назар етишмайди. Анъана ва урф-одатлар ҳаётни оғирлаштирмасдан, аксинча уни бойитиб, замонавий ҳақиқат меъёрларига мувофиқ бўлганда яхшидир.
Бундан ташқари, ота-оналар ёшларни тўйдан кейин ҳам боқишга мойил, оқибатда болалар тайёр нарсага ўрганиб, ўсишга, ҳаётда ўз кучи билан бирор нарсага эришишга рағбатлантирилмайди. Ота-оналар болаларга муваффақиятга эришиш кўникмаларини ўргатишлари, маслаҳат беришлари, таълимга маблағ сарфлашлари лозим, лекин балоғатга етганларидан сўнг бу ёғига энди ҳар томонлама мустақил бўлишлари кераклигини уқтириши керак.
Қизларга бузилган қадриятлар сингдирилади
Жамиятимизда ўғил қиздан яхшироқ деган янглиш тушунча ҳалигача мавжуд. Бундай муносабат, айниқса эътибор ва муҳаббат захираларнинг нотўғри тақсимини ўзгартириш керак.
Болалигиданоқ қизларга янглиш қадриятлар сингдирилиб, гўёки унинг қўлидан келадиган ягона нарса – ё рўзғор ишларини бажариш ва бола тарбияси билан шуғулланиш ё боғчада тарбиячи, мактабда ўқитувчи, нари борса шифокор бўла олиши мумкинлигини сингдиришдир (бу касблар аёлларга хос энг кўп танланадиганлари). Аслида эса уларга бошқа касбларни танлашга нима халақит қиляпти? Аминманки, жамиятимизнинг уйғунликда ривожланиши учун қизларимиз орзу қилишлари ва мақсадларига эришилари, ўзларида лидерлик сифатларини ривожлантиришлари, спортда муваффақиятларга эришишлари, журналистикадан тортиб сиёсатгача исталган касб эгаси бўлишлари ва буларни ривожланган мамлакатларда сингари бахтли оналик ва турмуш билан уйғунликда олиб боришлари лозим. Ўйлашимча, бу эр-хотинлик институтини ва умуман жамиятимизни янада мустаҳкамлаган бўларди.
Ота қизларига танлаш ҳуқуқини беради: хоҳ у китоб ёки бошқа қизиқишлар бўлсин. Уларга мустақиллик ва эркинликни сингдиради, уларнинг тарбиясида эътиборли ва сабр-тоқатли бўлиб, уларга хато қилиш ва хатолар орқали сабоқ олишни ўргатади. Бунда ота уларнинг дўсти, устози ҳамдир. Болада руҳий ўзига ишонч ҳисси ривожланиши биз, оталарга боғлиқ, бунинг учун эса болага шартсиз муҳаббат бахш этиш керак.
Фарзандларингизни қучоқлашни унутманг – бу меҳр-муҳаббатингизни улашишнинг энг яхши йўлидир.
Ҳикмат Абдураҳмонов аудиторияга тарбия бўйича маслаҳатларини ҳам бериб ўтди. Масалан, хизмат сафарларидан қайтар экан, у қизларига қўғирчоқ ёки юмшоқ ўйинчоқлар эмас, балки ривожлантирувчи ўйинчоқлар харид қилади. Ҳар замонда оналарисиз қизлар билан «учрашувлар» уюштиради ва улар билан янада яқин бўлади, уларни қизиқтирган мавзуларда гаплашади. Бола унга савол берар экан, шунчаки жавоб қайтармайди. Аввал: «Ўзинг нима деб ўйлайсан?»-деб саволга тутади. Шунингдек ота ва қизлари биргаликда дарс тайёрлайди.
Ҳикмат Абдураҳмонов Э.Берннинг «Одамлар ўйнайдиган ўйинлар» китоби ва «Қиз тарбияси» (Воспитание девочки) мақоласини ўқиш, ҳамда Андрей Звягинцевнинг «Муҳаббат эмас» фильмини томоша қилишни тавсия қилди.
«Ота ва қиз» лойиҳасининг кейинги спикерлари сифатида бизнес, спорт, журналистика, таълим ва сиёсат соҳаларидан муваффақиятли эркаклар таклиф қилинади ва ўз фикрлари билан бўлишадилар.
Садуллаева Гавҳар
Мавзуга оид
17:26 / 08.11.2024
“Эмбрионлар қаровсиз қолиб кетди” — ЭКУ орқали фарзанд кутган аёллар алданди(ми?)
15:52 / 25.10.2024
Малайзияда аёл касал эрига 6 йил ғамхўрлик қилди, аммо эркак соғайгач, уни ташлаб кетди
13:50 / 11.10.2024
50 ёшдан кейин оила қурганлар сони маълум қилинди
17:16 / 05.09.2024