Жамият | 15:50 / 30.07.2017
17115
3 дақиқада ўқилади

ЎзМУ ректори тест синовлари белгиланган тартиблар бўйича ўтказилишини талаб қилди

1 август куни бўлиб ўтадиган тест синовларига ҳам оз фурсат қолди. Республикамизнинг барча олий таълим муассасаларида ушбу имтиҳонни шаффофлик ва адолат билан ўтишини таъминлаш мақсадида талай ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида олий таълим муассасаларида ўтказиладиган тест синовлари учун жалб этилган аудитория кузатувчилари, бино бошлиқлари ва факультет деканлари иштирокида суҳбат-тренинг ўтказилди. Унда университет ректори профессор Авазжон Мараҳимов қатнашди. Ректор олдинда масъулиятли вазифа турганини таъкидлар экан, тест синовлари белгиланган тартиб, ўрнатилган қоида ва низомларга мувофиқ ўтказилишини таъминлаш зарурлигини уқтирди. 

“Бу йилги синов натижаларини адолатли ўтказилишини таъминлаш учун ҳар бир аудиторияга кузатув камераларини ўрнатдик, қолаверса, 1 август куни бўлиб ўтадиган тест синовларининг тўғридан-тўғри эфирини ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг кўчма станциясини таклиф қилдик, - деди Авазжон Мараҳимов. – Айтиш жоизки, тест жараёнини тўғри ва ҳалол ташкил этиш биргина ректор ёки проректор ҳаракати билан эмас, яъни сиз – қадрли жамоанинг хизмати билан амалга оширилади. Олдимизда чиндан ҳам масъулиятли вазифа турибди. Президентимизнинг  сайловолди дастурларида ҳам айнан ёшлар масаласи, уларнинг эртанги кунга ишончини уйғотиш масаласи тилга олинганди. Эсингизда бўлса, давлатимиз раҳбари судьялар билан учрашувда ҳам “Судьянинг онгида адолат, тилида ҳақиқат, қалбида поклик бўлсин” – дедилар. Ўйлайманки, бу ибора ҳаммамизга тегишли. Шуни унутмаслик керакки, ноқонуний ҳар қандай хатти-ҳаракат учун жазо муқаррар. Шундан келиб чиқиб, имтиҳонларни адолатли ва шаффоф ўтказилишини таъминлаш муҳим вазифамиздир.

Университет ректори қабул жараёнида турли қинғирликлар содир этишга уринган айрим ”учар”ларнинг фаолиятига чек қўйилганига мисоллар келтириб ўтди ва уларга қарши бундан кейин ҳам аёвсиз курашиш лозимлигини таъкидлади.

ЎзМУ онлайн жамоаси

Мавзуга оид