Жамият | 20:30 / 09.08.2017
17679
2 дақиқада ўқилади

Қуёш тутилиши жонзотларнинг хатти-ҳаракатларига таъсир қилиши мумкинлиги айтилди

Фото: Caro Sven Hoffmann / Globallookpress

Олимларнинг фикрича, жорий ой охирида АҚШда кузатиладиган қуёш тутилиши жонзотларнинг хатти-ҳаракатига ноодатий равишда таъсир қилади.

Таъкидланишича, қуёш тутилиши вақтида қушлар сайрашдан тўхтайдилар, йирик шохли чорва эса ерга ётиб олади, деб хабар бермоқда The Los Angeles Times нашри.

Узоқ йиллардан бери қуёш тутилиши вақтида жонзотларнинг хатти-ҳаракати ортидан кузатиб келаётган, Колорадо университетидаги планетарий директори Дуг Дунканнинг айтишича, жонзотлар ўзларини тутишларининг ўзгача ҳолатлари ҳам бўлади.

Мисол учун, Дункан Боливияда қуёш тутилишини кузатиши вақтида ушбу табиат ҳодисасини кузатиш учун "бир қаторга тизилиб олган" ламаларни кўришга муваффақ бўлган.

Шунингдек, Галапагос ороллари яқинида қуёш тутилишидан 5 дақиқа олдин ўнлаб китлар океан сиртига чиққани ва тутилиш якунлангандан 5 дақиқа ўтибгина яна чуқурга шўнғиб кетгани ҳодисаси маълум.

Олимларнинг фикрича, жонзотларнинг ноодатий хатти-ҳаракатлари қуёш тутилиши уларнинг циркад ритмларига таъсир қилиши билан боғлиқ, бунинг ҳисобига жонзотларга аслида кеч тушмаган бўлса ҳам, кеч тушгандек туюлади.

Тўлиқ қуёш тутилиши АҚШда 21 августда юз беради, бу табиий ҳодисани мамлакатнинг бутун ҳудудида кузатиш мумкин бўлади. Бу 1979 йилдан бери АҚШдаги биринчи тўлиқ қуёш тутилиши бўлади. Шу билан бирга бундай ҳодиса АҚШнинг бутун ҳудуди бўйлаб охирги марта 1918 йилдагина кузатилган.

Мавзуга оид