Жаҳон | 15:16 / 11.08.2017
17305
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон ҳукумати ўн минглаб мусулмонларни депорт қилмоқчи

Фото: Reuters

Ҳиндистон ҳукумати жума куни Мянма ва Бангладеш томонлари билан 40,000 кишидан иборат роҳингя мусулмонлари жамоатини депорт қилиш масаласида музокараларни бошлади.

Ўтган асрнинг 90-йиллари бошида минглаб роҳингялар аҳолисининг асосий қисми буддизм динига эътиқод этувчи Мянмадаги таъқиблардан қочиб, Бангладешга, бундан ташқари Ҳиндистон чегараларини кесиб ўтиб, мамлакатнинг ғарбий ҳудудларига келиб ўрнашган. Расмий Нью-Дели маълумотига кўра, 14,000 нафар қочоқ расман БМТ Муҳожирлар агентлиги томонидан қайд этилган.

"Бу муаммо фақат ҳукумат даражасидаги дипломатик музокаралар орқали ҳал этилиши мумкин”, - дейди Ҳиндистон Ички ишлар вазирлиги вакили Дҳатвалиа.

Ўтган йилнинг 9 октябрида "Ҳаракаҳ ал-Яқин” ҳаракатининг Мянма чегара постларига ҳужуми натижасида низолар бошланган эди. Шундан бери 75,000 нафарга яқин роҳингя Бангладешга кўчиб келган. Айни пайтда 1,3 миллиард аҳолига эга Ҳиндистон ичида ҳам ишсизлик, қашшоқлик ва ижтимоий шароитлар паст даражада бўлиб, бунинг устига этник-диний тўқнашувлар мусулмон жамоаларининг тинкасини қуритиб бормоқда.

Ҳозирда роҳингяларнинг катта қисми Уттар Прадеш, Жамму, Ҳаряна ва Делининг шимолида истиқомат қилиб келяпти.

Мавзуга оид