Фан-техника | 22:08 / 15.08.2017
10642
2 дақиқада ўқилади

Volkswagen энг кичик кроссовери видеосини намойиш қилди

Фото: Volkswagen

Volkswagen компанияси ўзининг энг кичик ўлчамли кроссовери T-Roc’нинг серияли версиясининг тизерини намойиш қилди. Компаниянинг Youtube’даги расмий каналида жойлаштирилган видеоролик янги модел дизайни ҳақида тасаввур беради.

T-Roc’нинг ташқи кўриниши уч йил аввал тақдим қилинган шундай номдаги концепт-кар кўринишида бажарилади. Бундан ташқари, унинг баъзи элементлари Golf оиласи вакиллари ва Arteon флагман моделидан олинади.

MQB А0 модул платформаси негизида қуриладиган янги машина узунлиги 4,2 метрдан кўпроқни ташкил қилади. Машина юкхонаси ҳажми 400 литрга тенг бўлади. Кроссоверда ёруғлик-диодли оптика, диагонали 10 дюймли дисплейга эга тўлиқ рақамлаштирилган асбоблар панели ўрнатилади.

Дастлабки маълумотларга кўра, моделнинг моторлари орасида 1,0 литрдан 1, 8 литргача сиғим, 105 от кучидан 190 от кучигача қувватга эга бўладиган бензинда ишловчи двигателлар ва ҳажми 106 ва 2,0 литрли  ва мос равишда 115 ва 150 от кучига эга дизель двигателлар бўлади. Машина узатмалар қутиси 6 поғонали “механик” ёки 7 диапазонли “робот” кўринишида бўлади. Кейинроқ T-Roc’нинг 200 от кучига эга бензин моторли версияси пайдо бўлади.

Volkswagen T-Roc 23 августда тақдим қилинади, унинг илк оммавий намойиш эса сентябрь ўртасида Франкфурт автосалонида бўлиб ўтади.

Мавзуга оид