Фото: Улуғнорнинг антиқа «Қўзивой» тарвузи
Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг “Бобурнома”сида Андижон набототи ҳақида шундай деган: “Дон-дуни кўп, меваси фаровон. Қовун ва узуми яхши бўлади. Қовун пишиғи пайтида полиз бошида қовун сотмоқ расм эмас. Андижоннинг ношвотисидан яхшироқ ношвоти бўлмайди”.
Биласизми, водийда энг ширин қовун-тарвуз қаерда бўлади? Билмасангиз, билиб олинг! Ёз неъматларидан бири бўлган бу полиз маҳсулотлар энг кўп етиштириладиган жой - Улуғнор туманидир.
Ёз фасли Ўзбекистон бозорлари миришкор боғбон ва деҳқонлар томонидан етиштирилган турли мева ва полиз маҳсулотлари билан тўлади. Андижоннинг чўл тумани бўлган Улуғнорга борсангиз, катта йўлнинг икки томонида шираси тилни ёрадиган қовун ва тарвузлар хирмонини кўрасиз. Водийнинг турли шаҳар вилоятларидан келган меҳмон ва тадбиркорлар хирмон тепасида деҳқоннинг ўзидан маҳсулотларини кўтарасига арзон нархда олиб кетишади.
Улуғнорнинг табиати, ери, ҳавоси полиз экинларига жуда мос. Пайкалларда қовуннинг босволди, обиноввот, бўрикалла, шакарпалак каби, тарвузнинг ўн турдаги маҳаллий навлари етиштирилади. Йўл четидаги тарвуз хирмони орасида шакли ўзгача худди қовунга ўхшаш узунчоқ, тўни йўл-йўл тарвузлар диққатимизни тортади. Деҳқон акага: “Бу қанақа тарвуз бўлди?”, дея савол берамиз. – “Қўзивой” дегани шу бўлади, - дейди анжонча дўппини ярақлатиб кийиб, елкасига дурра ташлаб олган деҳқон. Шакли ғалати тарвуз ҳақида кўп савол берганимиздан сўнг, у киши бизни пайкалга етаклади.
Ўзини Мирзаакрам Муртазоев дея таништирган акамиз 26 йилдан бери қовун-тарвуз етиштирар экан. Пайкалда ана шундай шакли узун бўлган “қўзивой”лар юмалаб ётибди. Биз антиқа тарвузнинг қандай етиштирилиши билан қизиқдик. Унгача далага Мирзаакрам аканинг устози Одилжон ота ҳам набиралари билан етиб келди. Полизчиликда 40 йиллик тажрибага эга Одилжон ота ва унинг шогирди тилидан қовун ва тарвузнинг биз эшитмаган ўнлаб навлари ҳақидаги гапларига диққат қилдик.
“Қўзивой” тарвуз ҳақида ҳам кўп саволлар бериб, яхшигина тушунчага эга бўлдик. “Бу тарвуз Ўзбекистондан ташқари, араб мамлакатлари ва Афғонистонда етиштирилади. У ерлардаги тарвузнинг ранги пушти ёки қора. Ўзбекистонда эса, асосан, Улуғнорда кўп экилади. “Қўзивой” 110 кунда етилиши, серсув, ўта ширин ва уруғи жуда камлиги билан бошқа навлардан фарқ қилади. Ишонмаслигингиз мумкин, лекин яхши парвариш қилсангиз битта тарвузни вазни 45 килограмгача бориши мумкин”,- дейди Мирзаакрам ака.
“Қўзивой” деҳқонни бой қиладиган тарвуз экан. Чунки, унинг ҳосилдорлиги бошқа тарвузларга нисбатан икки ҳисса кўп. Бир гектар ерга экилган “қўзивой” 25-30 миллион сўм даромад бериши бунга яққол мисол. Минерал ўғитларни суймаслиги ҳам бор.
“Деҳқончилик ота-боболаримиздан мерос - пирли, покиза касб. Эгатларга тинимсиз шарбат оқизиб, маҳаллий ўғит бериб, етиштирамиз. Шу пайтгача қовун-тарвузимиздан биров шикоят қилгани йўқ. Харидорлар “Отангга раҳмат” деб кетишади”, - дейди деҳқон.
Эҳ-ҳе.. Суҳбат давомида шуни билдикки, полизчилик ўзига хос жуда чуқур илм. Унинг сир-асрорлари тўғрисида томлаб китоб ёзиш мумкин.
Айтгандай, Андижонда Бобур давридан мерос қадрият ўз кучида қолган экан! Сафаримиз сўнгида Мирзаакрам ака машинамизга беш-олтита “қўзивой”лардан солиб берди. Чўнтак кавласак, бир ўқрайиб: “Ука, дала боши, пайкалда меҳмонга тарвуз сотилмайди. Дуо қилиб енглар”, деб қўйди.
Йўлингиз тушса, ёз-кузда, албатта, Улуғнорга келинг. Шунда саҳий табиат инъоми ва деҳқоннинг пешона тери билан етиштирилган тарвуз-қовундан татиб кўрасиз.
P.S. Мақолани тайёрлашда кўмагини аямаган Улуғнор туман ҳокимлигига алоҳида ташаккуримиз бор.
Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов, Андижон.
Муаллиф олган суратлар.
Мавзуга оид
13:56
Андижонда сел оқизиб кетган кўприк айтилган вақтда битказилмади. Янги муддат – 1 апрелгача
20:54 / 26.11.2024
Давлат бюджетининг 9 ойлик ижроси. Дефицит – 36 трлн сўм
15:56 / 25.11.2024
Андижон давлат техника институти ташкил этилади
07:40 / 25.11.2024