Фан-техника | 19:48 / 30.08.2017
4696
2 дақиқада ўқилади

Aston Martin Япония билан ярим миллиард фунт стерлинглик битим тузди

Фото:carlogos.org

Британиянинг Aston Martin автомобилсозлик компанияси Бирлашган Қироллик ва Япония ўртасида 500 млн фунт стерлинглик савдо ва инвестиция битими тузилганини эълон қилди. 

Қимматбаҳо автомобиллар ишлаб чиқарувчи компания кейинги йилда Японияга экспортни ошириши, у ерда бир қатор янги офислар очиши ва дилерлик тармоғини кенгайтиришини маълум қилди. Таъкидланишича, 5 йилга тузилган битим компаниянинг Британиядаги заводларига анчагина фойда келтиради.

Битим шартларига кўра, компаниянинг St Athan ва Gaydon заводларидан экспорт янги спорт автомобиллари ишлаб чиқарилиши ва компаниянинг илк тўлиқ приводли йўлтанламаси чиқарилиши ҳисобига оширилади.

Бундан ташқари, Британия Япония компаниялари, жумладан  Bridgestone, Denso, Mitsubishi ва Yazaki’дан автомобиль эҳтиёт қисмларини сотиб олишни 70 млн фунт стерлингдан кўпроқ қийматга оширади. 

Шунингдек, битимда компаниянинг Токиодаги глобал бренд-маркази, Япониядаги янги бош қароргоҳига ва дилерлик тармоғининг янада ривожланишига инвестициялар киритиш кўзда тутилган. 

Битим ҳақида 30 августда Aston Martin’нинг бош ижрочи директори ва президенти Британия бош вазири Тереза Мэйга ҳамроҳлик қилаётган делегациянинг Японияга ташрифи вақтида эълон қилди. 

Мэй ҳозирда Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши хусусида Япониянинг хавотирини камайтиришга ва у билан савдо музокараларини фаоллаштиришга интилмоқда.

“Биз Европа Иттифоқини тарк этишга тайёрланаётганимиз сабабли, дўстларимиз ва иттифоқдошларимиз билан мавжуд алоқаларга таянишимиз ҳаётий муҳим масаладир. Aston Martin Буюк Британия фахрланадиган, инновацион ва жаҳоннинг етакчи компаниясига ёрқин мисолдир ва улар бу муҳим савдо миссиясида бизга қўшилганларидан мамнунман”, деб айтган Мэй.

Мавзуга оид