Спорт | 09:58 / 31.08.2017
40378
5 дақиқада ўқилади

ЖЧ–2018 саралаши: Хитой – Ўзбекистон учрашуви превьюси

Фото: ОФК

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бугун, 31 август куни ЖЧ–2018 турнирига саралаш босқичи “А” гуруҳи 9-турида Хитой терма жамоаси билан сафарда баҳс олиб боради. ЎФФ матбуот хизмати жамоалар ўртасидаги ўзаро баҳслар ва йўқотишлар ҳақида тўхталиб ўтади.

Хитой – Ўзбекистон учрашуви бугун, 31 август куни Ухань шаҳридаги Wuhan Sports Center стадионида бўлиб ўтади. Беллашув Тошкент вақти билан 17:00 да старт олади. “Спорт ТВ” телеканали ушбу ўйинни жонли эфирда узатишни режалаштирган.

Ўзаро учрашувлар

Жамоалар шу кунгача 11 марта ўзаро тўқнаш келган. 6 учрашувда Ўзбекистон, 4 ўйинда Хитой ғалаба қозонган бўлса,  1 қарама-қаршиликда ғолиб номи аниқланмаган. ЖЧ–2018 саралаш босқичи биринчи даврасида Самвел Бабаян шогирдлари Хитойни 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратган эди.

Қуйида жамоалар ўртасидаги сўнгги 5 ўйинда қайд этилган натижалар билан танишинг.

16.01.2011  Хитой – Ўзбекистон 2:2  |  Осиё Кубоги, гуруҳ босқичи

05.06.2011  Хитой – Ўзбекистон 1:0  |  Ўртоқлик учрашуви

06.06.2013  Хитой – Ўзбекистон 1:2  |  Ўртоқлик учрашуви

14.01.2015  Хитой – Ўзбекистон 2:1  |  Осиё Кубоги, гуруҳ босқичи

11.10.2016  Ўзбекистон – Хитой 2:0  |  ЖЧ–2018 саралаши

Бўлажак ўйинга тайёргарлик

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ–2018 саралаш босқичи охирги икки баҳси олдидан Тошкентда Қирғизистон термасига қарши назорат ўйини ўтказиб, 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Бош мураббий ихтиёридаги барча футболчилар имкониятини синовдан ўтказиб, Хитойга 24 футболчидан иборат таркибни танлаб олди.

Йўқотишлар

Ўзбекистон термаси мазкур ўйинга деярли йўқотишларсиз келди. Таркибдаги барча футболчилар соғлом. Эронга қарши ўйинда жароҳат олган Станислав Андреев ҳамон тикланиш жараёнини ўтказмоқда. Клубдаги жароҳати туфайли терма жамоанинг Сурия, Қатар ва Эронга қарши ўйинларини қўйиб юборган Виталий Денисов ҳам термага қайтган. Эрон билан ўйинга туша олмаган  Марат Бикмаев ва Ислом Тўхтахўжаев ҳам бўлажак ўйинга чақирув олган. Ўзбекистон термаси Хитойга 24 футболчи билан йўл олган. Сариқ карточкалари тўпланиб қолганлиги боис бўлажак ўйинни фақатгина Даврон Ҳошимов ўтказиб юборишга мажбур бўлади.

Хитой термаси сафида битта йўқотиш бор. “Шанхай СИПГ” ҳимоячиси Ванг Шенчао “Гуанчжоу Эвергранд”га қарши (4:0) ОЧЛ чорак финал илк ўйинида жароҳат олиб майдонни тарк этганди. Унинг бўлажак ўйинда майдонга тушиш тушмаслиги номаълум. Марчелло Липпи Ўзбекистонга қарши ўйинга 23 футболчидан иборат таркибни аввалроқ эълон қилганди.

Учрашув расмийлари

Мазкур ўйинни Шри-Ланка мамлакати вакиллари бўлган ҳакамлар бошқариб боради. Бош ҳакам вазифасини Кришанта Дилан Перера Хеттиканканамге бажаради. Унга қанотларда Приянга Намал Паллия Гуруге ҳамда Палита Парракрама Дение Гедара ёрдам беради.

Захира ҳаками вазифаси Куттиаппа Ражарантам Прашант Ражакришнага юклатилди. БАА вакили Али Муҳаммад Бужсаим Шри-ланкалик ҳакамлар ишига баҳо беради. Ўйин комиссари ўзгарди. Вьетнам вакили Хоай Ан Ли ўрнига малайзиялик Си Мей Чат учрашув комиссари сифатида ишлайди.

Гуруҳдаги вазият

Осиё минтақасидан ЖЧ–2018 саралаш босқичи “А” гуруҳи 8-туридан кейин Ўзбекистон терма жамоаси 12 очко билан 3-ўринда бормоқда. ЖЧ йўлланмасини қўлга киритган Эрон 20 очко билан пешқадамлик қилаётган бўлса, Жанубий Корея 13 очко билан ҳозирча 2-поғонани эгаллаб турибди. Ҳисобида 6 очко бўлган Хитой терма жамоаси “А” гуруҳида сўнгги – олтинчи ўринни банд қилган.

“А” гуруҳи 9-турнинг қолган ўйинлари

Саралаш босқичи 9-турида Жанубий Корея термаси ўз майдонида Эронни қабул қилади. Сурия нейтрал майдон – Малайзияда Қатар билан беллашади.

17:00  Хитой – Ўзбекистон

17:00  Жанубий Корея – Эрон

18:45  Сурия – Қатар

Изоҳ: Учрашув соатлари Тошкент вақти билан кўрсатилган 

Мавзуга оид