Ўзбекистон | 11:50 / 03.09.2017
29764
2 дақиқада ўқилади

Жиззах вилояти бош солиқчиси ва Мирзачўл тумани ҳокими ишдан олинди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2 сентябрь куни Жиззах вилояти Зарбдор туманига ташриф буюрди. ЎзА хабарига кўра, тумандаги «Тараққиёт манзараси» фермер хўжалиги дала шийпонида вилоят, туман ҳокимлари, ички ишлар, прокуратура, солиқ органлари мутасадди раҳбарлари, фермерлар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда пахта теримига тайёргарлик кўриш бўйича топшириқлар берилди. Шунингдек, унда 4та сектор фаолияти танқидий-таҳлилий кўриб чиқилди.

«Туман аҳолисини нима ҳисобидан боқишни режалаштиряпсизлар?», дея туман раҳбарларига юзланган президент.

«Шундан келиб чиқиб бугунги кунда фермер хўжаликлари билан ишлаш тизимини ўзгартириш, ҳисоб-китобни ўз вақтида олиб бориш, ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини юксалтириш бўйича аниқ вазифалар белгиланди. Вилоятдаги ҳар бир раҳбар одамлар билан уйма-уй юриб ишни ташкил этиши лозимлиги таъкидланди», — дейилади «Ўзбекистон» телеканалининг «Ахборот 24» дастурида.

Маълум қилинишича, йиғилишда шахсий жавобгарлик ва масъулиятини унутган қатор раҳбарлар, хусусан, Жиззах вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Абдувалижон Мустанов, Мирзачўл тумани ҳокими Рустам Кенжаев ҳамда Мирзачўл туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Мавзуга оид