Жаҳон | 22:13 / 06.09.2017
22834
2 дақиқада ўқилади

Қуёшда охирги 12 йил ичидаги энг йирик чақнаш юз берди

Фото : NASA/SDO

6 сентябрда Қуёшда 12 йил ичидаги энг кучли чақнаш юз берди. Бу чақнаш иккита йирик қуёш доғлари гуруҳи қўшилиши оқибатида юзага келган. Бу ҳақда Россия Фанлар академиясининг физика институтидаги Қуёш рентген астрономияси лабораторияси маълум қилди.

“Бундай кўламдаги воқеалар юлдузимизда вужудга келадиган энг йирикларига тааллуқлидир. Бундай чақнашлар жуда камёб, ўзига хос шароитларда, қоидага кўра, қуёш фаоллиги чўққисида шаклланади.  Қуёш фаоллиги энг паст бўлган ҳозирги вазиятда бундай даражадаги чақнаш юз берганини олимлар ҳали аниқлашлари керак бўлади”, деб айтмоқдалар олимлар.

Рентген нурланиш кучи бўйича қуёш чақнашлари 5 синфга бўлинади: A, B, C, M ва X.. Энг минимал синф A0.0 Ер орбитасида 1 квадрат метр жойга 10 нановатт тўғри келадиган кучга мос келади. Кейинги ҳарфга ўтганда қувват 10 маротаба ошади.

Бугунги чақнаш энг охирги синф – Х синфига тегишли. Унда Х9.3 балл берилган. Бу эса уни Қуёш сиртида бундай ҳодисалар қайд қилиб борилаётган вақт давомидаги энг кучли 5 та портлашдан бирилигини кўрсатади. Олимларнинг айтишича, бу чақнаш Қуёшнинг Ерга “қараб турган” нуқтасида юз берди ва шу сабабли бу чақнашнинг сайёрамизга таъсири максимал бўлади. Ҳозирча бунинг Ердаги ҳаёт, орбитадаги фазогирлар ва сунъий йўлдошлар учун таъсирини олдиндан айтишнинг иложи йўқ ва улар ҳақида бир неча кундан кейингина билишимиз мумкин.

 

Мавзуга оид