Дунёдаги энг яхши темир йўл сайёҳлик йўналишлари
Сиз ким бўлишингиздан қатъиназар, келажаги порлоқ ёзувчи, шунчаки қизиқувчан сайёҳ ёки шунчаки романтикмисиз фарқи йўқ, ҳақиқий саёҳат сизга илҳом бағишлаши аниқ. National Geographic Traveler журналининг август/сентябрь ойи сони дунёдаги энг узоқ давом этадиган темир йўл сайёҳлик йўналишларига бағишланган. Қуйида шундан 12 тасини келтирамиз.
Белград — Бар темир йўли тахминан 12 соат давомида йўловчиларини 435 та кўприк устидан ва 254 та тоннел остидан олиб ўтади. У Сербия пойтахтидан Черногориянинг Адриатика денгизи соҳилларига элтади.
Марказий Америка табиати билан танишишни истайсизми, Чўққили тоғнинг қорли қоялари орасидан Сьерра Невада орқали Тинч океани соҳилларига элтувчи California Zephyr («Калифорния зефир») темир йўлидан яхшиси йўқ.
Канада темир йўли йўловчилари 3 кун мобайнида Торонтодан Ванкуверга йўл олар экан, олтин тусли платолар, сон-саноғи йўқ кўллар ва чиройли қишлоқлардан баҳра олишлари мумкин. Бунда уларга вагонларнинг шаффоф ойналари ёрдам бериши шубҳасиз.
Royal Rajasthan on Wheels («Ғилдираклардаги қироллик Ражастони») таркибини поезд бортидаги ҳашаматли курорт деб аташади. У ерда ҳатто спа-салон ҳам бор! Бир ҳафта давомида сиз Ҳиндистондаги қалъалар, ибодатхоналар ва Тож-Маҳалдан баҳра олиш имконига эга бўласиз.
Glacier Express («Музли экспресс») Швейцариянинг Альп тоғларида жойлашган иккита йирик дам олиш масканини темир йўл орқали ўзаро боғлайди. Йўловчилар тоғ чўққилари, даралар ва қишлоқларни томоша қилишади.
Train to the Clouds («Булутларга йўналган поезд») билан сиз Аргентинанинг Сальта шаҳридан Чили чегарасигача қинғир-қийшиқ темир йўллардан ўтасиз. У дунёдаги баланд тоғли темир йўллардан бири ҳисобланади.
Африканинг энг яхши йўналишли поезди Shongololo Express бортида бўлиб қолганлар Намибия, ЖАР ва Зимбабвенинг ажойиб қўриқхоналари ва ҳунармандлар бозорларини томоша қилиш имкониятига эга бўлишади.
Россиянинг Транссибирь магистралида саёҳат қилувчилар сабр билан қуролланишлари керак бўлади. Ахир, Владивостокдан Москвагача бўлган саёҳат 14 кун давом этади. Ярим йўлга етар-етмас дунёнинг энг чуқур ва йирик чучук сувли кўли Байкални ҳам томоша қилиш мумкин бўлади.
Ghan ўз йўловчиларини Австралиянинг зарғалдоқ қизил тусли қоқ марказидан олиб ўтади. Дунёнинг нариги бурчагида ёввойи табиатнинг бундай манзарасини фақатгина поездда саёҳат қилиб томоша қилиш мумкин. Транспорт воситаларининг бошқа бирор тури бундай таассуротларни тақдим эта олмайди.
Orient Express ретро-поезди ўз сайёҳларини 4 таомли бой тушлик ва кечки либослар тўплами билан темир йўлларнинг олтин асрига олиб боради У Лондон — Венеция йўналиши бўйлаб икки кунлик саёҳатни таклиф этади.
Янги Зеландиянинг TranzAlpine поездига чипта харид қилган кишилар Крайстчёрч ва Греймут оралиғида табиат манзараларидан баҳра олишлари мумкин. Поезд 225 километрлик масофани 5 соатга яқин вақт ичида босиб ўтади.
Belmond Grand Hibernian сайёҳни Ирландиянинг қишлоқ кенгликларига олиб боради. Унинг панорамали вагонлари Дублиндан Корк ёки Белфастгача бўлган масофада зерикмасликка имкон беради.
Мавзуга оид
21:11 / 11.11.2024
Наманганда поезд билан тўқнашган Damas ҳайдовчиси ҳалок бўлди
15:17 / 11.11.2024
Италиянинг Помпей шаҳри харобаларига саёҳатчилар ташрифи чекланади
09:40 / 31.10.2024
Тошкентда "Ипак йўлида туризм" халқаро сайёҳлик ярмаркаси ўтказилади
21:05 / 30.09.2024