Жамият | 14:40 / 21.09.2017
51824
4 дақиқада ўқилади

Қўл учида қурилган «намунали уйлар» кимга керак? 

KUN.UZ таҳририятининг Фарғона вилоятига сафари давомида Данғара туманининг Кичик турк қишлоғига ҳам борилди. Бунга қишлоқнинг маҳалла фуқаролар йиғинида қад кўтарган намунали уйларнинг абгор ҳолати сабаб бўлди. Мазкур ҳолат юзасидан бир неча ўн маротаба мурожаат билан чиқилган, вилоят ҳамда пойтахтдан махсус комиссиялар тузилиб, ҳолат батафсил ўрганиб чиқилган. Бироқ натижа ҳамон йўқ.

Мазкур уйларнинг бирида истиқомат қилувчи фуқаронинг мурожаати асосида борган KUN.UZ таҳририяти журналистларини маҳаллий аҳоли яна бир кўзбўямачилик учун текширув қабилида тушунди. Шундай бўлса-да, вазиятни холис ёритиш мақсадида бир эмас, балки бир неча намунали уйлар кўздан кечирилди ва хонадон эгалари билан суҳбат қилинди.

Улардан бирининг айтишича, фермер хўжалиги раҳбари намунали уйни қабул қилинди, деб қўл қўйиб берган. Эшиклар, деразалар, ҳеч қандай жиҳозлар бўлмаган. Қайд этилишича, ҳозирда бу ердаги 16 та намунали уйдан 8 тасида фуқаролар истиқомат қилади. Қолганлар эса бу ерлар яшашга яроқли бўлмагани учун ҳали келишмаган. 

“Бу уйни мен кўпчилик сингари фермерлар, ташкилотлардан олганман. Эшик, дераза деган нарсалар умуман йўқ эди. Поллар бўртиб-бўртиб чиқиб кетганди. Полини кўтарсангиз, одамни кўмадиган чуқурлик бор”, - дейди шу уйлардан бирини олган фуқаро.

“Тўрт йилдан бери шу уйнинг ямоғини ямаб ётибмиз. Уйнинг ичини бемалол кириб кўришингиз мумкин. Бироқ, сизлар кабилардан жуда кўплар келди. Хуллас, яхши эмас. Бу ерда суви, гази, намунали бўладиган ҳеч нарсаси йўқ. Уйни қабул қилаётганда қўл қўйиб бериш учун мажбурлашган. Кечқурун соат 23:00да олиб бориб, қўл қўйдириб юришган экан. Ҳамма жойи чала. Келганимиздан бери уста ишлатамиз. Ҳаттоки сувни ҳам сотиб оламиз. Электр энергияси эл қатори келади. Газни кузда беради. Аммо, биринчи навбатдаги муаммо – сувдир. Бошқа қишлоқдан таксида олиб келамиз. Ҳар бир хўжаликда шундай. Ҳамма жойга, порталгача ҳам мурожаат билан чиқдик, “Кўриб чиқамиз” деган жавоб келди. Сув омборидан ҳам келишди. Билдиргилар олишди, лекин бир натижа кўрганимиз йўқ. 

Бу ердаги қурилиш ишларига масъул бўлган шахслар орасидан Илҳом деган кишини билардик. Тошкентдан текширув келганида, биринчи бизнинг уйга киришди. Ўшанда шу одам “Озгина қўллаб-қувватлаб юборинг, ҳамма жойингизни қилиб бераман” деганди. Сўнг ҳамма жойга киришди, съёмкалар қилишди. Бироқ барибир ҳеч нарса ўзгармади. Натижа йўқ, умидлар сўнган. Сув масаласи бўйича порталга ҳам мурожаат қилдик, бироқ...”, - дейди “намунали уйлар”нинг эгалари бўлган фуқаролар.

Оддий халқнинг мурожаат йўллайвериб тинкаси қуриган. “Қишлоқ қурилиш инвест” ҳам, қурилиш ташкилот ҳам ва маҳаллий ҳокимият ҳам бу камчиликни зиммасига олишни хоҳламаяпти. Текширув келаверади, кетаверади. Намунали уйга ҳавас қилиб, унга харидор бўлган оддий аҳоли эса ўз дарди билан ўзи овора. Бу ерда инсон ҳаёти учун зарур бўлган шароитлар ҳам яратилмаган, намунали уйларни қуриш бўйича норматив ҳужжатларда келтирилган талабларга риоя қилинмаган. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, ҳисобот учун қўл учида қурилган янги “намунали” уйлар бугун фуқаролар томонидан қайтадан қурилмоқда.  

KUN.UZ таҳририяти “Қишлоқ қурилиш инвест”, қурувчи ташкилот ва маҳаллий ҳокимиятнинг мутасаддиларидан Фарғона вилояти Данғара тумани Кичик турк қишлоғидаги мазкур ҳолат юзасидан расмий изоҳни кутиб қолади.

Мавзуга оид