Нью-Йоркда Эрдўған билан учрашувда муштлашув чиқди
Нью-Йоркда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған тарафдорлари унинг нутқига халақит қилмоқчи бўлган эркакни дўппослаб кетишди. Бу ҳақда The New York Times нашри хабар бермоқда.
Воқеа Эрдўғаннинг Marriott Marquis меҳмонхонасида АҚШдаги турк диаспораси билан учрашувида юз берган. Эрдўған нутқ сўзлаётган вақтда залдаги бир эркак ўрнидан туриб, "Сен террорчисан. Менинг давлатимдан йўқол!" деб бақира бошлаган. Уни залдаги бир неча киши қўллаб-қувватлаган.
Эрдўған тарафдорлари эса норозиларнинг овозини ўчириш учун Туркия президентининг номини айтиб ҳайқира бошлашган. Шунда Эрдўған тарафдорлари ва унга қаршилар орасида тўполон чиққан. Тўполонни хавфсизлик хизмати ходимлари бостиришган. Улар жанжалкашларни залдан олиб чиқиб кетишган.
Норозилик акцияси иштирокчиларидан бирининг айтишича, уларнинг мақсади "Туркиянинг ҳарбий жиноятлари ва курд халқига қарши инсон ҳуқуқларини бузишига эътиборни қаратиш" бўлган.
Нью-Йорк полиция департаментининг маълум қилишича, 5 нафар намойишчи вақтинчалик ҳибсга олиниб, қўйиб юборилган. Воқеа оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.
Бундай кўнгилсиз ҳодиса Туркия президентининг АҚШга ташрифи вақтидаги биринчиси эмас. Май ойида Туркиянинг Вашингтондаги элчиси қароргоҳи ёнида Эрдўған қўриқчилари ва унга қаршилар орасида жанжал чиққанди. Таъкидланишича, воқеа жойида бўлган Эрдўған унинг қўриқчилари намойишчиларни дўппослаётганларини шахсан кузатиб турган. Ўшанда АҚШ давлат департаменти ушбу ҳодиса юзасидан Туркияга норозилик билдирганди. Анқара эса ўз номига билдирилган айбловларни тан олмаган ва бу ҳодиса АҚШ ҳукумати зарурий хавфсизлик чораларини кўрмагани сабаб юз берганини айтган.
Мавзуга оид
07:32 / 18.06.2024
Тошкентда электробус ва 2 та енгил машина ҳайдовчилари ўртасида муштлашув юз берди
16:14 / 15.05.2024
Тошкентда мактаб қўриқчиси ва ошхона ходими муштлашди
09:15 / 30.04.2024
Гуржистон парламентида «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун туфайли муштлашув юз берди
20:43 / 15.04.2024